ЎзА Ўзбек

30.07.2018 20:08 Чоп этиш версияси

Салқин боғларда файзли байрам

 Салқин боғларда файзли байрам Пойтахтимизнинг маданият ва истироҳат боғларида "Сhilla Fest – 2018" фестивали бўлиб ўтди.

Шу куни пойтахтимизнинг йирик истироҳат боғлари оммавий халқ сайиллари марказига айланди. «Chilla Fest – 2018» фестивали дастурида барча ёшдаги аҳолининг маданий ҳордиқ чиқаришига эътибор қаратилди. Ёрқин байрам шаҳар аҳолиси ва меҳмонлари учун дам олиш кунини дўстлик ва самимият муҳитида ўтказиш, оила ришталарини мустаҳкамлаш, пойтахтимизга бўлган муҳаббатини оширишга яна бир имконият яратди.

7 (2).JPG

Маданият ва истироҳат боғларидаги мавжуд аттракцион ва арғимчоқларга қўшимча равишда ахборот-кўнгилочар ва ҳунармандчилик ҳудудлари ташкил этилди. Ранг-баранг мусиқий дастурлар, концертлар фестивалга янада кўтаринки кайфият, жўшқинлик бахш этди. Тасвирий ва амалий санъатнинг турли йўналиши бўйича маҳорат сабоқлари, бадиий кўргазмалар, спорт мусобақалари, турли қизиқарли викториналар иштирокчиларга, айниқса, болаларга ғоят манзур бўлди.

10.JPG

– Кўп қаватли уйда яшовчи оилалар учун бундай сўлим, файзли, кенг ва обод боғлар айни муддао, – деди Шайхонтоҳур туманида истиқомат қилувчи Мавжуда Орипова. – Невараларимнинг бири расм чизиш бўйича маҳорат дарсида, бошқаси "Қувноқ стартлар" мусобақасида қатнашди. Роса яйрашди. Тошкентимиз кун сайин очилиб, гўзаллашиб бормоқда. Маҳаллалар, кўча ва хиёбонлар таниб бўлмас гўзал қиёфага кирмоқда. Анҳор ва канал соҳиллари обод бўлмоқда. Энг асосийси ободлик одамларнинг қалбига кириб бораётгани жуда қувонарлидир. 

31.JPG

– Тошкент дадил тараққиётга интилган шаҳар сифатида барча хорижлик сайёҳлар каби менда ҳам катта таассурот қолдирди, – дейди литвалик Виднантас Вейкалас. – Шаҳарнинг боғлари жуда сўлим, кўм-кўк, баҳаво. Халқингизнинг ғоят кўнгли очиқ, самимий, меҳнатсевар. Касбим муҳандис-конструктор бўлгани сабабли Тошкентда олиб борилаётган улкан бунёдкорлик ишлари менда зўр ҳавас уйғотди.

"Сhilla Fest – 2018" лойиҳаси ҳамшаҳарларимиз ва пойтахт меҳмонларига ғоят манзур бўлди.

Назокат Усмонова, Отабек Мирсоатов (сурат) ЎзА
2 916