ЎзА Ўзбек

01.02.2018 07:18 Чоп этиш версияси

Саксовул кесган 6 фуқаро қўлга тушди

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳузуридаги Биохилмахиллик ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясининг Қорақалпоғистон Республикаси тезкор гуруҳи томонидан ўтказилаётган рейд тадбирлари атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва биохилмахилликни асрашда муҳим аҳамият касб этаётир.

Тўрткул тумани ҳудудидаги “Мискин” постида жорий йил 26 январь куни ўтказилган навбатдаги рейд тадбирида саксовул ўсимлигини ўтин сифатида фойдаланиш учун кесиб олиб кетаётган 6 фуқаро тўхтатилди.

Фуқароларга тегишли автотранспортларнинг бештасида ўртача 1 кубометр, биттасида 4,5 кубометр миқдоридаги саксовул юкланган экан. Тезкор гуруҳ уларнинг иши бўйича ҳужжатларни чора кўриш учун тегишли идорага юборди.

– Тезкор гуруҳ томонидан ўтган йилнинг август ойидан буён ўсимлик дунёси бўйича жами 276 рейд ўтказилган бўлса, аниқланган далиллар юзасидан 275 фуқарога 39 миллион 455 минг сўмдан ортиқ жарима солинди. Шу билан бирга жавобгарлардан наботот дунёсига келтирилган зарар учун 41 миллион 627 минг сўм ундирилди, – дейди гуруҳ бош мутахассиси Ф.Айтбаев.

Анвар Насирлаев, ЎзА
11 278