ЎзА Ўзбек

27.04.2020 Чоп этиш версияси

САХОВАТ ВА КЎМАК: эзгуликнинг қаноти бор...

САХОВАТ ВА КЎМАК: эзгуликнинг қаноти бор...

Юртимизда ҳамиша ўзаро меҳр-оқибат, саховат, мурувватлиликни кенг тарғиб этиш, азалий қадриятларимизни эъзозлаш каби халқимизга хос эзгу фазилатлар улуғланиб келинган. Эҳтиёжманд кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оила ва маҳаллаларда меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, ёши улуғ инсонларга ғамхўрлик кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилган. Бугунги кунда ҳам бу каби эзгу ишлар давом этмоқда.

Айни кунларда Президентимиз томонидан халқимизнинг тарихий ва маънавий қадриятларини, меҳр-саховат, оқибат ва ҳиммат каби юксак фазилатларини инобатга олган ҳолда “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббуси кенг қулоч ёймоқда.

photo_2020-04-27_20-39-43.jpg

Бугун Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Навоий вилоят кенгаши, “Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси ҳамда имтиёзли кредит олган ёш тадбиркорлар мазкур ташаббус доирасида амалий ишларни бошлаб юборди. Улар Зарафшон шаҳридаги Даугизтау ва Мурунтау қўрғонларидаги кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бор оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берди.

– Ушбу эзгу саъй-ҳаракатнинг муборак Рамазон ойида амалга оширилишида ҳам жуда катта маъно мужассам, – дейди “GLAMOUR ZARAFSHON-2020” хусусий корхонаси раҳбари Юлдуз Авазова. – Зеро, бу айёмда амалга ошириладиган эҳсон ва хайриялар манзилли бўлади. Шу боис хайрли ташаббус қанот ёйиши биланоқ биз ҳам имкониятимиздан келиб чиқиб саховат ишларини амалга оширишда иштирок этиш истагини билдирдик. Манзилимиз эса Зарафшон шаҳри бўлди.

photo_2020-04-27_20-39-48.jpg

Халқимизда “Эзгуликнинг қаноти бор”, деган ҳикматли нақл бор. Одамларнинг дардини эшитиш, улар билан очиқ мулоқотда бўлиш, қийин дамларида оғирини енгил қилиш аҳолининг давлат ва жамиятга бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Меҳр-саховатнинг эса катта-кичиги бўлмайди.

2 478
Абдували БЎРИЕВ, ЎзА