ЎзА Ўзбек

27.04.2020 Чоп этиш версияси

САХОВАТ ВА КЎМАК: давлатимиз ва халқимиз қудратининг амалий ифодаси

САХОВАТ ВА КЎМАК: давлатимиз ва халқимиз қудратининг амалий ифодаси

Мамлакатимизда инсонпарварлик, меҳр-шавқат ва ўзаро холис ёрдам сингари ғояларга қаратилган умумхалқ ҳаракатлари бугун барчани бир мақсад сари бирлаштирмоқда. Бу ҳам бўлса коронавирусни мардонавор енгиш, юртдошларимизнинг саломатлигини сақлашдан иборат.

Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун, деган ғояни ўзида мужассам этган шу каби эзгу ишларнинг кўлами муборак Рамазон ойига ҳамоҳанг тобора кенгайиб бормоқда. Давлатимиз раҳбарининг “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати ташаббуси ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатлами фаол қўллаб-қувватланишини англатади.

Ушбу эзгу ташаббусни тадбиркорлар ҳам фаол қўллаб-қувватламоқда.

Усмон ОТАХЎЖАЕВ, Тошкент чинни заводи директори:

– Президентимизнинг топшириқларига биноан ҳозирги кунда барча ишлаб чиқариш корхоналари карантин бўлишига қарамай иш фаолиятини бошлаяпти. Тошкент чинни заводи ҳам шулар жумласидан. Айни кунларда карантин қоидаларига тўлиқ амал қилган ҳолда ишлаб чиқаришни давом эттиряпмиз. “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида ҳозирда Олмазор туманида кам таъминланган 50 хонадоннинг оила аъзоларини иш билан таъминладик.

Абдуғани ҒИЁСОВ, Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманидаги “Кумуш куз файзи” агрофирма раиси:

– 11 йилдан буён тадбиркорлик билан шуғулланамиз. Халққа тухум ва гўшт етказиб беряпмиз. Тадбиркорларга давлатимиз барча имтиёзларни яратиб берди. Энди халқимизга ёрдам қилиб, улар билан ҳамнафас ишлашимиз керак. Шу кунларда паррандачилик корхонамизни кенгайтириб, янги хизмат кўрсатиш мажмуасини очдик ва 37 иш ўрни яратдик. Кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар фарзандларини ишга олдик. Туманимизда 50 дан ортиқ ота-онасидан барвақт етим қолган болалар бор экан. Уларнинг ҳар бирига 1,5 миллион сўмдан пул бердик. Бундан кейин ҳам халқимизга ёрдам беришни аямаймиз. Яна бир ниятимиз бор – 40 эҳтиёжманд оилага 15 тадан товуқ етказиб бермоқчимиз.

Бозорбой САФАРБОЕВ, “Amudaryotex” қўшма корхонаси бош директори:

– Бизнинг хорижий корхонамиз ҳам бугунги синовли кунларда халқимизга елкадош бўлиш, оғирини енгил қилиш мақсадида кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган тадбирларга ўз ҳиссасини қўшишга қарор қилди. Биз Амударё туманида яшовчи 100 га яқин оилага 3 ой давомида ҳомийлик ва хайрия ёрдамини кўрсатиб, уларга биринчи даражали озиқ-овқат ва кундалик эҳтиёж товарлари, шунингдек, нақд пул кўринишидаги маблағларни етказиб берамиз.

3 104
Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА