ЎзА Ўзбек

27.05.2020 Чоп этиш версияси

Саховат ва кўмак бурчаги

Саховат ва кўмак бурчаги

Коронавирус пандемияси барча давлатлар иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатмоқда. Пандемия даврида мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш ва муҳтож оилаларни ижтимоий ҳимоялаш борасида зарур чоралар кўрилмоқда.

Хусусан, муҳтарам Юртбошимиз томонидан халқимизнинг тарихий ва маънавий қадриятларини, меҳр-саховат, оқибат ва ҳиммат каби юксак фазилатларини инобатга олган ҳолда, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббуси илгари сурилди. Бу ташаббус халқимиз, жамоатчилигимиз томонидан кўтаринки руҳда ва қизғин кутиб олинди.

photo_2020-05-27_20-26-05.jpg

Навоий вилоятида ишсиз қолган ҳамда эҳтиёжманд аҳолини номма-ном аниқлаб, шакллантирилган рўйхатлар асосида “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасидаги ишлар манзилли йўлга қўйилмоқда. 

Навоий шаҳрида ҳам Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими қошида “Саховат ва кўмак” жамғармаси тузилиб, бу жамғармага келиб тушган маблағлар коронавирус пандемияси ва карантин даврида ижтимоий ҳимояга муҳтож, кўп фарзандли оилаларга, ногиронлиги бўлган шахсларга ва ёлғиз қарияларга, ўз даромадини йўқотган вақтинча ишсиз бўлган жисмоний шахсларга ёрдам беришга йўналтирилмоқда.

photo_2020-05-27_20-26-09.jpg

Айни пайтда Навоий шаҳри маҳаллалари кесимида 1181 та камбағал оилалар аниқланиб, уларга ихтиёрий ёрдам бериш ташаббуси билан чиққан саховатпеша тадбиркорлар бириктирилди.

Шаҳардаги 10 йирик савдо мажмуаси, “Саховат” бозори масъулияти чекланган жамияти савдо нуқталари ҳамда шаҳардаги мавжуд 31 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги биттадан савдо дўконларида “Саховат ва кўмак бурчаги” ташкил этилди.

photo_2020-05-27_20-26-13.jpg

“Имкониятингиз бўлса қўйинг, зарурият бўлса олинг” ҳамда “Барчамиз савоб иш қилишга ҳақлимиз” шиорлари остида ташкил этилган ушбу бурчакларда саховатпеша инсонлар озиқ-овқат маҳсулотларини қўйишлари, зарурати бор юртдошларимиз эса улардан бепул олиш имконияти яратилди.

Зеро, Президентимиз томонидан эътироф этилган улуғ шоир ва мутафаккир Алишер Навоий бобомизнинг “Саховатли инсоннинг бошига жаннат дарахтлари соя солади” ҳамда муқаддас китобларимиздаги “Яхшиликнинг мукофоти – фақат яхшиликдир”, деган сўзлар халқимизни ҳамжиҳатлик ва бирдамликка ундамоқда.

photo_2020-05-27_20-26-18.jpg

3 118
Нуриддин РАҲИМОВ, ЎзА