ЎзА Ўзбек

02.02.2018 21:30 Чоп этиш версияси

Саховат – беназир қадрият

Тошкент вилояти Оҳангарон туманидаги Саховат уйида ўтказилган хайрия тадбири шундай номланди.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси вилоят кенгаши томонидан ташкил этилган тадбирда халқ депутатлари вилоят ва туман Кенгашлари депутатлари, туман ҳокимлиги масъуллари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлими ходимлари ҳамда партия фаоллари иштирок этди.

Мамлакатимизда нуронийларга меҳр-мурувват кўрсатиш, улар саломатлигини мустаҳкамлаш, ҳаёт тажрибаларидан фойдаланиш ва ёш авлодга ибрат қилиб кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

– Муассасамизда 150 нафар қария ва ногиронлар яшайди, – дейди Саховат уйи директори А.Омонов. – Бу ерда давлатимиз томонидан уларга барча шароит яратилган. Доимий равишда тиббий ва ижтимоий хизмат кўрсатиш, уларни тизимли асосда соғломлаштиришни ташкил этиш, ногиронларни зарур тиббиёт воситалари билан таъминлашга жиддий эътибор қаратилган. Малакали шифокорларимиз томонидан ҳар куни тиббий муолажалар олиб борилиб, бир йилда икки бор чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади. Қарияларнинг кўнглини кўтариш мақсадида турли маданий-маърифий тадбирлар мунтазам ташкил этилади.

Тадбирда ҳомийлар томонидан кексалар учун дастурхон ёзилиб, ош тортилди. Муассаса фонди учун турли тиббий воситалар, дори-дармон ва кийим-кечаклар тарқатилди. Санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар барчага манзур бўлди.

Абдулазиз Мусаев, ЎзА
10 862