ЎзА Ўзбек

27.04.2020 Чоп этиш версияси

Саховат: 100 оилага озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди

Саховат: 100 оилага озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди

Жиззах вилоятининг Зомин туманидаги “Зомин махсус плита” масъулияти чекланган жамияти томонидан тумандаги кам таъминланган ва ижтимоий ёрдамга муҳтож 100 та оила озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланди.

Президентимиз ташаббуси билан бошланган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатида зоминлик тадбиркорлар ҳам фаол иштирок этаётир. Туманда бунёдкорлик, ободонлаштириш, ишларида фаол қатнашиб келган “Зомин махсус плита” пандемия карантин даврида аҳолининг эҳтиёжманд тоифаларини моддий қўллаб-қувватлади.

– Шу кунларда ўзини шу юртнинг фидойи фарзанди деб билган тадбиркорлар саховат тадбирларида фаол иштирок этаётир, – дейди жамият директори Шавкат Йўлдошев. – Бу иш фақат хайрия эмас, халқимиз аҳиллиги, ҳамжиҳатлиги ва бирлигининг ҳам ифодаси бўлмоқда. Шунинг учун ушбу қийин кунларда қийналиб, ўзини ёлғиз ҳис этувчилар бўлмайди. Шу хайрли ишларимиз билан қийин кунларни тезроқ енгиб ўтамиз.

Туманда бундай саховатли тадбиркорлар сафи кенгайиб бораётир. Тобора кенг қулоч ёзаётган “Саховат ва кўмак” тадбирида катта-кичик тадбиркорлар, фермерлар, саховатли фуқаролар фаол қатнашмоқда. Бу ҳаракат барча ҳудудларни қамраб олаётир.

1 686
Т. БЕКНАЗАРОВ, ЎзА