ЎзА Ўзбек

14.02.2020 Чоп этиш версияси

Сабзавотзордаги миллионлар...​

Сабзавотзордаги миллионлар...​

Фарғона вилоятида томорқачиликда ўзига хос мактаб яратиб, яхши даромад топаётган минглаб оилалар фаровон ҳаёт кечирмоқда.

Тошлоқ туманидаги “Хонақа” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги қишлоққа "баҳор эрта келадиган қишлоқ", дея таъриф берилади. Сабаби, томорқачилик ҳадисини олган маҳалла аҳли қиш қаҳратонини писанд қилмай, баҳорги юмушларни бошлаб юборади. Февраль ойининг дастлабки ўн кунлигида маҳалла хонадонларидаги иссиқхоналарда булғор қалампир, карам сингари сабзавот экинлари баравж ривожланмоқда. Томорқачилар эътирофига кўра, яна 30-35 кундан сўнг илк ҳосил нишоналари эл дастурхонини безайди.

photo5348241346432969964.jpg

Янги хўжаликка кўчиб ўтган Моҳинур Қорабоева турмуш ўртоғидан айрилиб, бир этак болалари билан ёлғиз қолди. Лекин боқиманда бўлиш, ўзгалар қўлига қараб иш тутишни ор билди. Ҳатто маҳалла фуқаролар йиғинидан ижтимоий ёрдам ҳам сўрамади. Томорқачилик ҳадисини олган аёл фарзандларига бош бўлиб, сабзавот экинлари етиштириб рўзғорини бутлади. Айни кунда хонадон томорқасидаги икки сотихли иссиқхонада 2 минг дона булғор қалампир кўчатлари кун сайин ривожланмоқда. Иссиқхонага ёндош кафтдек майдон эса экин экиш учун ҳозирлаб қўйилган.

– Ўтган йили помидорнинг ўзидан 30 миллион, эртанги макка ҳосилидан 3 миллион сўмдан ортиқ даромад олганмиз, – дейди хонадон соҳибаси. – Бу йил булғор қалампирдан 7 тоннага яқин ҳосил олишни кўзлаб турибмиз. Эҳтиёжимиздан ортган ҳосилнинг бир килосини 10 минг сўмдан (ўтган йили 15 минг сўм бўлган) сотганимизда ҳам 70 миллион сўм даромад оламиз. Бундан ташқари, такрорий экин сифатида кузги бодринг, кўкатлар етиштирамиз. Ерга меҳр бериб меҳнат қилган, изланган одам, албатта, унинг роҳати, самарасини кўради.

photo5348466759201566019.jpg

Орифжон Қурбонов ҳам маҳалладаги уста томорқачилардан. У бу ҳунар билан чорак асрдан буён машғул бўлиб келади. Хонадон томорқасида бўлган киши омилкорлик билан иш тутаётган томорқачи меҳнати, изланишлари маҳсулига гувоҳ бўлади. Хусусан, нари борса ярим сотих келадиган иссиқхонада яшиллик либосини кийган эртанги карам кўчатларининг бозори чаққон. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, карам кўчатининг ўзидан 25 миллион сўм даромад олинган. Томорқадаги ҳар бир қарич ер ҳисоб-китобли. Икки сотих плёнка остига 2 минг туп карам кўчати қадалибди, 3 сотих иссиқхона эса эртанги помидор кўчатларини экишга ҳозирлаб қўйилган. Бундан уч йил аввал иссиқхонага экилган лимонлар ривожи авжида. Айни кунда мандарин етиштириш тараддудида иш олиб борилмоқда.

– Ўтган куз фаслида лимонариялар оралиғида булғор қалампир етиштиришни синаб кўргандик. Ҳосил кутилганидан ҳам яхши бўлди. Янги йил байрами кунларида ҳар килосини 40 минг сўмдан сотдик, – деди Орифжон ака.

photo5348466759201566020.jpg

Хонадондаги ҳамжиҳатлик, тўкин-сочинлик, тотувликка кўпчиликнинг ҳаваси келади. Тўрт ўғилни камолга етказиш, уйли-жойли бўлишида томорқадан келаётган даромаднинг алоҳида ўрни бор. Оила узоғини яқин, оғирини енгил қилаётган “Каптива”, “Ласетти”, “Кобальт”, “Дамас” автомашиналари ҳам меҳнат ва изланиш маҳсули.

– Маҳалламизда боқимандалик кайфиятидаги оилалар йўқ. Фақат ногиронлиги бўлган, якка-ёлғиз 7 фуқарога ижтимоий нафақа тайинланган, – дейди “Хонақа” маҳалла фуқаролар йиғини масъул котиби Роҳатой Саидмаҳмудова. – Чунки ҳар бир оила томорқадан самарали фойдаланиб келади. Асосан сабзавот экинлари етиштиришда яхши тажриба тўпланган. Айни кунда 290 хонадонда иссиқхона ташкил этилган. Бу томорқадан уч-тўрт марта ҳосил олиш имконини беради. Хотин-қизлар, айниқса, ёшлар бандлигида томорқанинг алоҳида ўрни бор. Кун давомида фойдали меҳнат билан шуғулланган одам кўчага чиқиб бемақсад юрмайди, вақтини бекор ўтказмайди.

photo5348241346432969966.jpg

Маҳаллада ҳар бир оила, кўчалар кесимида томорқадан самарали фойдаланиш борасида тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Ўйлаб кўринг, бир сотих томорқага экилган 4 минг дона терак қаламчалари камида уч йилда бўй кўрсатиб навниҳол бўлади. Бир туп кўчат 5 минг сўмдан сотилган тақдирда умумий даромад ҳажми уч йилда бор-йўғи йигирма миллион сўмга боради. Агар шунча майдонда Хонақа шароитида сабзавот етиштирилса, бир йилнинг ўзида 30 миллион сўмдан ортиқ даромад олиш имконияти бор.

Халқимизда "Ерни боқсанг, ер сени боқади" деган пурмаъно ҳикмат бор. Замин ҳалоллик, эътибор кутади. Томорқа – ҳар бир оиланинг бамисоли хазина манбаи, мўъжаз гўшаси. Қолаверса, бир парча ернинг фарзандлар тарбиясидаги аҳамияти ҳақида ҳам унутмаслик керак. Аввало, томорқада инсон ҳалол меҳнатга ўрганади. Бир парча ерга меҳр беролмаган инсоннинг ҳаётга муносабати ҳам бундан яхшироқ бўлмаслиги мумкин. Томорқадан фойдаланиш маданияти қанча ошса, юртимизда турмуш маданияти ҳам шунча юксалади.

photo5348241346432969963.jpg

2 295
М.СУЛАЙМОНОВ, Муқимжон ҚОДИРОВ​ (сурат), ЎзА