ЎзА Ўзбек

05.08.2020 Чоп этиш версияси

Сабр - буюк фазилат

Сабр - буюк фазилат
Ёки эртанги кун бугун тартиб-интизомга қанчалик риоя қилишимизга, сабримизга боғлиқ

Коронавирус сабабли дунёда кечаётган воқеалар ҳар қандай инсонни ўйга толдириши табиий. Касалланиш ҳолати тобора кўпайгани, ҳатто одамлар вафот этаётгани бор гап. Айримлар эса бундан хулоса чиқариш ўрнига белгиланган қоидаларни бузиши давом этмоқда.

Айтиб ўтиш керакки, давлатимиз халқ манфаатида касалликнинг олдини олиш учун зарур саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда. Вирус юқтирганларни аниқлаш ва даъволаш борасида барча шароитлар яратилаяпди. Шифокорлар беморларни ўйлаб, тунни-кунга улаб хизмат кўрсатаётир.

Шундай бир пайтда жорий этилган карантин тартибларга риоя қилмаслик ҳолатларини, ҳатто айрим юртдошларимизнинг карантин чораларига қарши турли фикрлар билдираётганларини қандай тушуниш ёки изоҳлаш мумкин?

Ҳақиқий ҳолатни бузиб кўрсатиш, ҳатто кимнингдир касалликдан вафот этганлиги ҳақида нотўғри хабар тарқатиш на одамгарчиликка, на амалдаги қонунчиликка тўғри келмаслигини билиш учун наҳот жуда катта савия даркор бўлса? Ёки бундан кимга қандай наф бор?

Бунинг ўрнига ушбу кўзга кўринмас вирус олиб келган балою офатлардан хулоса қилишимиз, ёмонликлардан тийилишимиз, бир-биримизга ёрдам қўлини чўзишимиз лозим эмасми?

Карантин тартибини бузиш на ўзимизга, на яқинларимизга, на элга наф келтирмаслиги, аксинча вазиятни мураккаблаштиришини, вируснинг кўпроқ тарқалишига олиб келишини тушуниш наҳотки шунчалик қийин бўлса?

Биргина июль ойининг ўзида судлар томонидан карантин тартиб-қоидаларини бузган 659 шахсга нисбатан маъмурий жазо қўлланилиб, шундан 410 шахсга нисбатан жарима, 249 шахсга нисбатан маъмурий қамоқ қўлланилган бўлса, 76 шахсга нисбатан маъмурий иш юритиш тугатилган, 50 нафар тартиббузар огоҳлантирилган.

Белгиланган карантин қоидалари бузилишига фуқароларнинг ўзи ва бошқаларнинг тақдирига бефарқлиги ҳамда сабрсизлик сабаб бўлгани аён бўлмоқда.

Шу ўринда бобомиз Абдулла Авлонийнинг «Сабр деб бошимизга келган бало ва қазоларга чидамли бўлмакни айтилур. Ҳар бир ишда сабр ва совуққонлик ила ҳаракат қилмак лозимдур. Чунки бошимизга келадурғон бало ва қазо, заҳмат ва машаққатларнинг барчаси жаноби Ҳақнинг иродасига сабрсизлик қилғон кишилар ажр ва савобдан қуриқ қолурлар. Сабр инсонлар учун буюк бир фазилатдурки, жаноби Ҳақ собирларни суяр.... Инсон ҳар ишни сабр ва матонат или юрутса, мақсудиға тинч ва роҳатда боруб етар. Ҳамиша саодатда яшар», деган гаплари бизга қарата айтилаётгандек.

Яна бир бобомиз Сўфи Оллоёр эса «Сўнар ғам тушса ҳам озода эрга, Ўчар, ўт келса хасдан холи ерга». (Озода, яъни сабрли киши бошига балою қазо ғами тушса у йўқ бўлади. Буни хас йўқ ерга тушган ўтнинг сўнишида кўриш мумкин). Хуллас, сабрли киши бошига иш тушса ҳам чидам ва тўзими билан уни йўқ қилади, деганлар.

Боболаримиз айтганича, биз бугуннинг вирус билан боғлиқ муаммоларига сабр ва совуққонлик билан муносабатда бўлишимиз, унинг тарқалишининг олдини олишга ҳар биримиз бурчли эканлигимизни унутмаслигимиз, бунинг учун, энг аввало, шифокорлар тавсиясига, жорий этилган тартибга қатъий амал қилишимиз ҳамда бир-биримизга меҳр-оқибатли бўлишимиз зарур.

Жамоат жойида тиббий ниқобсиз юриш, карантин тартибини бузганлик, билатуриб касалликни бошқаларга юқтирганлик учун маъмурий ҳамда жиноий жавобгарлик белгиланганлигини тўғри тушунишимиз лозим.

Зеро, бундан кўзланган энг асосий мақсад - касалликнинг олдини олиш,элнинг соғлиғини сақлашдан иборатдир.

Шундай экан, сабр-қаноатли бўлайлик, карантин тартиби сиз –у бизни касалликдан асраш учун жорий этилганлигини, эртанги кунимиз бугун бизнинг қанчалик шу тартиб-интизомга риоя қилишимизга боғлиқ эканлигини унутмайлик!

Холмўмин ЁДГОРОВ,
Олий суд раисининг ўринбосари.

3 087
ЎзА