ЎзА Ўзбек

15.04.2019 20:45 Чоп этиш версияси

Сабоқлар аввалгиларидан фарқ қилади

Сабоқлар аввалгиларидан фарқ қилади
Судьялар олий мактабида Маъмурий судлар судьялари учун илк қисқа муддатли ўқув машғулотлари уюштирилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 6 январдаги “Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида суд тизимига халқ ишончини ошириш, фуқаролар манфаатларини тўла-тўкис ҳимоя этишни таъминлаш учун судьялик лавозимига номзодларни камида бир йил ўқитиб, тайёр судья сифатида лавозимга тайинлаш тизимини жорий этиш мақсадида Судьялар олий кенгаши қошида Судьялар олий мактаби ташкил этилган эди.

Судьялар олий мактабида Маъмурий судлар судьялари учун илк қисқа муддатли ўқув машғулотлари уюштирилди.

Бу малака ошириш курсининг аввалгиларидан, бошқа тизимдаги курслардан фарқи нимада?

Ўқув курсида касб этикасига эътиборли бўлиш юзасидан дарслар ўтказилади. Ҳар бир фан бўйича дарсларда ўқитишнинг янгича инновацион методларидан фойдаланилиб, мавзуга оид тарқатма материаллар ҳамда амалиётдан мисоллар келтирган ҳолда интерфаол усуллардан фойдаланилади. Судьяларни ўқитишнинг ушбу янгича усули келажакда Президентимиз айтганидек, “Судьянинг онгида – адолат, тилида – ҳақиқат, дилида – поклик ҳукмрон бўлиши лозим”, деган шиорга асосланиб фикрлайдиган ва ишлайдиган судьялар корпуси шаклланишига хизмат қилади.

– Аввал ҳам малака ошириш курсларида иштирок этганман, – дейди Тошкент вилояти Янгийўл тумани Маъмурий суди раиси Нурали Жовлиев. – Илгари асосан назарий билимлар берилар эди. Эндиликда курсга кўп йиллик тажрибага эга судьялар жалб этилибди. Амалий жараёнларни ўзимиз кўриб, кузатиб, суҳбатлашиб, фикримизни билдириб, керак бўлса, суд қарорларини муҳокама қилдик. Бу биринчи кунданоқ катта қизиқиш уйғотди.

Президент қарори билан судьялик лавозимига номзодларни тайёрлашнинг амалдаги тартиби тубдан ўзгарди. Қолаверса, мазкур мактаб суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаролар ҳуқуқ ҳамда эркинликларини ҳимоялаш, аҳолининг одил судловга бўлган ишончини мустаҳкамлашга кўмаклашади.

Судьялар олий мактабида ҳар бир йўналиш, яъни Жиноий, Фуқаролик, Иқтисодий ва Маъмурий суд йўналишлари бўйича, шунингдек, судьянинг касбий этикаси, психологияси, ишчанлик мулоқоти, музокаралар олиб бориш тактикаси, ҳуқуқ нормаларига шарҳ бериш ва қўллашни ривожлантириш юзасидан ҳам назарий, ҳам амалий сабоқлар берилади.

Барно Мелиқулова, ЎзА
2 080