ЎзА Ўзбек

02.07.2019 08:30 Чоп этиш версияси

“Саҳналаштирилган қабул” ёки Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Фарғона вилоятига нега келганди?

“Саҳналаштирилган қабул” ёки Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Фарғона вилоятига нега келганди?

Ишим шунақа. Доимо одамлар орасида юраман. Халқ гўё миқёси амал. Ким нима дейди, нима қилади... барчаси адолат тарозисида.

Фарғонага “Тошконди азим”дан кўп ва хўп амалдорлар келади. Уларнинг қадами ҳам халқ назарида. Яқинда Олий Суд раиси Козимжон Комилов келди. Бир бошдан шаҳар ва туманларда, қишлоқ ва маҳаллаларда эрта тонгдан то ярим кечгача барча мурожаатчиларни қабул қилди. Кейин билдик, ўшанда имкон қадар уларнинг муаммоларига ечим топилибди. Фарғона туманидаги қишлоқларнинг бирида юрганимда кекса отахон:

– Ўғлим, сиз Олий суд раиси Козимжон Комиловни танирсиз. Илтимос, унга менинг миннатдорчилигимни айтиб қўйинг. Қишлоғимиздаги сайёр қабулидан сўнг нафақа масаласидаги мурожаатим ҳал бўлди, – деб қолди.

Замонни қаранг. Қачон мамлакатнинг бош қози калони қишлоқларга бориб, одамларни қабул қилган?!

Ҳа, бугун шундай. Мана, 28 июнь куни Фарғонага Ўзбекистон бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев келди. У ҳам “сайёр оммавий қабул” ўтказди. Фақат шаҳар-туманларга чиқмади. Фарғона шаҳридаги Аҳмад ал-Фарғоний боғида, гўё “оммавий қабул” уюштирилди.

– Бизга 2-3 тадан одам олиб келасан вазир қабулига, деган топшириқ беришди, – дейди туманларнинг бири бандлик ва меҳнат муносабатлари бўлими раҳбари. – Кудбиев ва ўринбосари бир-икки соатда биз олиб келган одамлар билан гаплашиб бўлди.

Натижа-чи, дерсиз. Мана расмий натижа: “11 та шаҳар туманда яшовчи 53 фуқаро мурожаати тингланиб, уларнинг 11 нафари ишга жойлаштирилди”.

11 на.JPG

Шунисига ҳам шукр, дедик аввалига. Кейин вазирлик тизимининг ҳужжатларида “Ш.Кудбиев қабули чоғида ишга жойлаштирилди”, деб кўрсатилган баъзи аризачилар билан боғландик.

– Мен ўзим ва эрим учун иш сўраганман. Вазирдан умидим катта эди. Менга ҳам, турмуш ўртоғимга ҳам иш берилмади. Нима эмиш, Қўқон шаҳар ободонлаштириш идорасига айтиб эримга мавсумий, икки ойлик ишга тавсия этишармиш. Ахир уч нафар болаларим бор. Уларнинг биттаси ногирон, – деди Зироатхон Мўминова. – Аммо ўша иш ҳам бўлгани йўқ.

Маълумотномага эса бундай ёзилган: “Мўминов Олимжон шаҳар 47-Райҳон МФЙга 28.06.2019 йил 65/1-сон буйруқ билан жамоат ишларига жалб қилинди”.

– Мени туман бандликдаги йигит Фарғонага олиб борди. Бўлди, сиз ишга қабул қилиндингиз, дейишди. Роса қувондим. Лекин амалда ҳеч қандай натижа бўлгани йўқ, – дейди Гулбаҳор Мирзаматова.

Маълумотномадаги ёзув: “Туман тез тиббий ёрдам бўлимига санитарка лавозимига 28.06.2019 йил №135-сон буйруқ билан ишга жойлаштирилди”. 

Лекин томошанинг “зўри” бу ёқда экан. Вазирлик тизимидаги маълумотномага кўра, гўё мурожаатчи Зарифа Холмуҳамедова ва Зиёда Шамсутдинова “Марғилондаги 6 мактабгача тарбия муассасасига 28.06.2019 йилги № 25-сон буйруқ билан тарбиячи вазифасига ишга жойлаштирилди”.

IMG_0003.jpg
Биз аниқлаган ҳолатда эса Зарифа Холмуҳамедова бу болалар муассасига 2019 йил 1 март куни № 11-сон буйруққа асосан ишга олинган, Зиёда Шамсутдинова эса 2018 йил 1 февралдан буён ишлар экан...

photo_2019-07-01_11-58-42.jpg

photo_2019-07-01_11-59-23.jpg

IMG_0002.jpg

Ҳайратдан ёқа ушладик. Ишонмасдан буйруқлар дафтари, бухгалтерия ҳужжатлари билан танишдик. Ҳа, улар лавозим иш ҳақини мунтазам олиб келар эдилар.

photo_2019-07-01_11-57-35.jpg

– Мудирамиз меҳнат бўлимига ёрдам бериб келасизлар, деб жўнатган эди. У ерда бизга меҳнат вазири келяпти, унга иш сўраб келдим дейсизлар, бўлди вассалом, деб Фарғонага олиб боришди вазирлик тизими вакиллари. Яна ишимиздан айрилиб қолмайлик, деб ноилож бориб Кудбиев ва унинг ўринбосарига учрашдик...

Биз воқеликни ўрганаётганимиз, мактабгача таълим муассасасида бўлиб ҳужжатлар билан танишганимиздан вазирликнинг вилоятдаги масъуллари хабар топибди. Табиийки, уларнинг “илтимос”лари қабул қилинмагач, 28 июнь куни бўлиб ўтган вазирнинг “сайёр оммавий қабули” ҳақидаги маълумотга тезкорлик билан қисман ўзгартириш киритишибди. Янги, ўзгартирилган “маълумот”га кўра, вазир Ш.Кудбиев 53 та мурожаатчини қабул қилибди-ю, лекин биронтасининг ҳам муаммоси ҳал қилинмаган эмиш. “Натижа” деган устунга энди “муддат 3 кун”, “муддат 5 кун” каби ёзувлар киритилибди.

11 на.JPG

Хуллас, шундай қилиб, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Ш.Кудбиевнинг Фарғонадаги “оммавий сайёр қабули” ҳақида икки хил, бир биридан фарқли маълумот юзага келди. Агар биринчиси тўғри десак, унда ёлғон буйруқлар ёзилган. Иккинчисини тўғри деб қабул қилсак, яна ёлғон маълумотларга учраймиз. Ахир “3 кун муддат”да ишга қабул қилиниши керак бўлган Зарифа Холмухамедова ва Зиёда Шамситдиновалар аллақачон ишлаб юришибди-да...

Во ажаб! Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирига бу томоша нега керак бўлиб қолди ўзи? Бу савол бизни жаноб Ш.Кудбиев сафарини яна ўрганишга даъват этди.

– Вазир Фарғонага аслида ишсизларни қабул қилиш учун келгани йўқ. Шу куни унинг Водилдаги аммасининг ўғли тўй қилаётганди. Қабул баҳона эди холос, – дейди айнан унга ҳамроҳ бўлган вазирлик тизими мулозимларидан бири.

Вазир ҳам инсон. Қариндошининг тўйига келса келибди-да, дедик унга.
Аммо тўйга боришдан аввал Риштондаги "Водий" чойхонасида ҳижолатли ҳолат юз берибди.

– Менга вазир ва ўринбосари келади, шунга яраша астойдил хизмат қиласиз, дейишди. 8-хонани ювиб тарадик. Дастурхонга келтириб беришган ноз-неъмат сиғмай кетди. Риштонча ош пиширдик. Лекин... – Чойхона хизматчиси бироз қизариб олди. – 3 эркак, 1 аёл эди улар. Биттаси — бизга ош буюрган мезбон, вазирликнинг Фарғонадаги одами экан. Меҳмонлар ичаверишди-ичаверишди... Ҳалиги мезбон ароқ ташийверди... 5 шиша ароқ ичишиб, ошни тузуқ-қуруқ ейишмабди ҳам. Кейин вазирми, ўринбосарими, икки қўлтиғига кириб аранг машинага солишди. Вазир дегани ҳам шунақа бўладими-а?!

Хижолатдан чойхона хизматчиси кўзига тик қарай олмадим. 

Дарҳақиқат, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Ш.Кудбиев аслида Фарғонага нима учун келганди?

Анвар ҚЎЧҚОРОВ, 

ЎзА
58 514