ЎзА Ўзбек

11.07.2020 Чоп этиш версияси

С5+1 форматдаги олий даражадаги мулоқот бўйича матбуот учун қўшма баёнот

С5+1 форматдаги олий даражадаги мулоқот бўйича матбуот учун қўшма баёнот
Қуйидаги баёнот матнини Америка Қўшма Штатлари ҳукумати ҳамда Қозоғистон Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Тожикистон Республикаси, Туркманистон ва Ўзбекистон Республикаси ҳукуматлари АҚШ давлат котиби ва Марказий Осиё ташқи ишлар вазирлари С5+1 учрашуви муносабати билан тарқатган.

30 июнь куни АҚШ давлат котиби ҳамда Қозоғистон Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Тожикистон Республикаси, Туркманистон ва Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирлари С5+1 форматда учрашув ўтказди.

Иштирокчилар Марказий Осиё ва минтақада иқтисодий мослашувчанликка эришиш, хавфсизлик ва барқарорликни янада кучайтиришга қаратилган ўзаро саъй-ҳаракатлар бўйича кенг қамровли баҳс-мунозарага киришдилар. Улар Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш йўлидаги уринишларни ҳамда Марказий Осиёни Жанубий Осиё ва Европа бозорлари билан боғловчи савдо-иқтисодий алоқаларни йўлга қўйишни қатъий қўллаб-қувватладилар. 30 июндаги учрашувда иштирокчилар келгусида С5+1 форматдаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга оид фаолият дастурини келишиб олдилар. 

С5+1 фаолият дастури

Биринчидан, иштирокчилар Савдо ва инвестиция бўйича доиравий битим (TIFA) доирасида қўшма фаолиятни мустаҳкамлашни давом эттиришга келишишди. Шунингдек, улар С5+1 иқтисодий масалалар бўйича ишчи гуруҳи учрашувлари учун имкониятлар яратишга ҳамда унинг мажлисларида Тараққиётни молиялаштириш корпорацияси, АҚШ экспорт-импорт банки ва АҚШ Савдо вазирлиги қошидаги Халқаро савдо маъмурияти билан кенг ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларини кўриб чиқишга келишиб олдилар. Иқтисодий масалалар бўйича ишчи гуруҳ хотин-қизлар учун иқтисодда қулай шароитларни яхшилашга интилади ҳамда қайси ўринларда С5+1 иқтисодий тикланиш ва фаровонликнинг фаол аъзолари сифатида аёлларни қўллаб-қувватлаши мумкинлигини аниқлайди. Ушбу гуруҳ Афғонистоннинг транзит салоҳиятини ривожлантиришдаги ҳамкорликни, жумладан халқаро молия муассасаларининг йирик лойиҳаларни Афғонистон билан ҳамкорликда маблағ билан таъминлаш имкониятларини кўриб чиқади. Гуруҳ, шунингдек, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, туризм, транспорт, ахборот технологиялари, молиявий шаффофлик ва мослашувчанликни оширишни муҳокама қилади.

Иккинчидан, энергетика ва атроф-муҳит соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида иштирокчилар С5+1 формати доирасида қайта тикланувчи энергия технологияларидан фойдаланиш интеграцияси, хусусий секторга сармоя жалб этиш, шунингдек, ҳаво ва сув сифатини яхшилаш бўйича ишчи гуруҳнинг экспертлар билан учрашувини ташкил этишга имкон яратишга келишиб олдилар. Ишчи гуруҳ инновация ва технология ёрдамида Марказий Осиёнинг экологик жиҳатдан ноқулай ҳудудларида, шу жумладан, Орол денгизи ҳавзасидаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилаш масалаларини муҳокама қилади. Бундан ташқари, ишчи гуруҳ экологик муаммоларга мослашиш учун ишлаб чиқилган миллий режаларни ҳамда минтақадаги бошқа энергетика соҳасига оид лойиҳалар, жумладан, қайта тикланувчи энергия, энергия самарадорлиги ҳамда шу секторнинг барча босқичларига аёлларни жалб этишни қўллаб-қувватлашни муҳокама қилади.

Учинчидан, иштирокчилар товарларнинг эркин оқимига имкон бериш, одам савдоси ва ноқонуний товарлар олиб ўтилишининг олдини олиш, ядровий ва радиологик хавфсизлик ҳамда чегара хавфсизлиги бўйича минтақавий ҳамкорликни ошириш учун С5+1 хавфсизлик масалалари бўйича ишчи гуруҳи доирасида қўшма фаолиятни давом эттиришга келишиб олдилар. Хавфсизлик бўйича ишчи гуруҳ тинчликни ўрнатиш ва сақлаб туриш, можароларнинг олдини олиш ва тегишли жавоб қайтариш, терроризм ва бузғунчи экстремизмга қарши курашишда хотин-қизлар хавфсизлиги ва мазмунли иштирокини оширишга интилади. Ушбу гуруҳ, шунингдек, зўравон экстремизмга қарши туриш, террорист тармоқларнинг онлайн ёллаш ҳаракатларига қарши курашиш, терроризмга қарши қўшма ва минтақавий тренинглар, жумладан, Марказий Осиё мамлакатларига халқаро мажбуриятларини бажаришга имкон берувчи машғулотлар ўтказишни муҳокама қилади.

Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.


2 129
ЎзА​