Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

06.08.2018 17:56 Чоп этиш версияси

Сўзаналар – музей экспозициясининг кўрки

Сўзаналар – музей экспозициясининг кўрки
Каштачилик халқимизнинг азалий ҳунари ҳисобланади. Илгарилари ҳар бир ўзбек хонадонида туғилган қиз фарзанд кашта тикишни билиши шарт бўлган. Шу сабабли қизларимиз бу ҳунарнинг сиру асрорини обдон ўрганиб олиб, сўзана, кирпеч, чойшаб ойнахалта, чой халта, зардевор, палак, буғжома, парда, белбоғ, такяпўш (ёстиқ устига ёпиладиган), дўппи, кўйлак, дастрўмол, ҳамён, жойнамоз, сумка каби буюмларга дид билан кашталар тиккан. 

Бугунги кунда Ўзбекистон давлат санъат музейи фондидан Самарқанд, Сурхондарё, Бухоро, Нурота, Шаҳрисабз, Тошкент, Фарғона каштачилик мактабларига доир намуналар ўрин олган. Икки мингдан ортиқ мазкур тарихий каштачилик санъати асарлари музей коллекцияси орасида миллийлиги ва ўзига хослиги билан ажралиб туради.

19.jpg

– Каштачиликка оид экспозиция музейимизнинг биринчи қаватидан жой олган, – дейди музей директори Васила Файзиева. – Айниқса, бир-биридан чиройли сўзаналар, дўппилар, кашталар, ойпалаклар музейга келувчиларда катта қизиқиш ўйғотмоқда. Сўзаналар экспозициядан кенг ўрин олгани учун қадимий сўзаналар ҳақида тўхталиб ўтсам. Сўзана – форсча сўзани ҳам дейилади ва игна билан тикилган деган маънони беради. Сўзана матога кашта тикиб тайёрланган бадиий буюмдир. У хонани безатиш учун деворга илиб қўйилган бўлиб, у сатин, бахмал, шойи ва бошқа матоларга кашта тикиб тайёрланган. Сўзанада ўсимликсимон нақшлар, доирасимон гул тикилиб атрофи гулдор ислимий нақшлар билан безатилган. Сўзана жуда қадимдан ривожланган, лекин унинг XIX асргача бўлган намуналари сақланмаган. XIX асрга оид Самарқанд, Бухоро, Нурота, Шаҳрисабз, Тошкент, Фарғона ва бошқа жойлардаги сўзана турларидан намуналар бизгача етиб келган.

25.jpg

28.jpg

Насиба Зиёдуллаева, Фарҳод Абдурасулов (сурат) ЎзА