ЎзА Ўзбек

23.12.2016 17:50 Чоп этиш версияси

Сўз масъулияти ортмоқда

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги томонидан ахборот ва сўз эркинлигини таъминлашда оммавий ахборот воситаларининг иштирокига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Оммавий ахборот воситаларининг ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши замирида мамлакатимизда демократик жараёнларни чуқурлаштириш, аҳолининг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, фуқароларнинг ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш, юртимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик моҳиятини жаҳон ҳамжамиятига етказиш, ёшларимизни баркамол авлод этиб тарбиялаш каби эзгу мақсадлар мужассам.

Мамлакатимизда соҳага оид ўндан ортиқ қонун ва ўттизга яқин қонуности ҳужжати қабул қилингани оммавий ахборот воситаларининг фуқаролик жамияти институтлари тизимидаги ўрни ва ролини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги томонидан газета, журнал, ахборотнома-бюллетень, радио, телевидение, ахборот агентликлари, веб-сайтлар сингари етти турдаги оммавий ахборот воситалари давлат рўйхатига олинмоқда. 2016 йилнинг 1 декабрь ҳолатига кўра, уларнинг сони 1507, жумладан, мингдан ортиқ босма даврий нашр, 4 ахборот агентлиги, 65 телевизион ва 35 радиоканал мавжуд.

Сўнгги беш йилнинг ўзида веб-сайтларнинг сони 2,5 баробар ортиб, 350 дан ошгани мамлакатимизда интернет журналистикаси изчил ривожланаётганини кўрсатади.

– ОАВнинг интернет тармоғига кириш имкониятларини кенгайтириш борасида қатор чоралар белгиланиб, ижрога қаратилган, – дейди Агентлик бошқармаси бош муҳаррири М.Омонов. – Жумладан, фаолият кўрсатаётган 30 мингдан зиёд веб-сайтнинг аксарияти ахборот шакллантириш ва тарқатиш характеридаги ахборот ресурсларидир. Улар ўзбек ва хорижий тилларда интернет тармоғи орқали ахборот тарқатиб, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини кўтаришга, аҳолининг тинч ва фаровон ҳаётини тарғиб қилишга хизмат қилмоқда.

Турли қонунбузилишларга йўл қўйгани учун Агентлик томонидан 2014 йилда 34, 2015 йилда 52, 2016 йилда 30 оммавий ахборот воситасининг фаолияти тугатилган.

Амалдаги қонунчилик талабларини бузган 87 газета, 36 журнал, 46 телерадиоканал, 21 веб-сайтга белгиланган тартибда тақдимнома ва кўрсатмалар киритилиб, уларнинг фаолияти қонунчиликка мувофиқлаштирилган.

Матбуот анжуманида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Беҳзод Бозоров, ЎзА
4 420