ЎзА Ўзбек

10.01.2020 Чоп этиш версияси

Сўз эркинлиги дегани, бу – исталган одамни ҳақорат қилиш, туҳмат ёғдириш, дегани эмас

Сўз эркинлиги дегани, бу – исталган одамни ҳақорат қилиш, туҳмат ёғдириш, дегани эмас

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги 2020 йилнинг 7 январь куни ижтимоий тармоқлар орқали эълон қилинган “Сурхон ҳокими Боболовнинг қалқони ким?” номли мақола юзасидан “Эл-юртга хизмат қилганларни халқ ҳимоялайди“ сарлавҳали раддия билдирди. Жумладан, унда шундай дейилади:

Мақола аввалида келтирилганидек, Сурхондарё вилояти ҳар доим ўзининг мард, танти, олийжаноб фарзандлари билан ном қозониб келган. Дарҳақиқат, ҳар бир юртнинг номини унинг асл фарзандлари машҳур қилади, оламга ёяди, тилларга достон қилади. Бунинг учун исталганча мисолларни келтириш мумкин. Афсуски, халқимизда “Дарахтнинг қурти ўзидан чиқади”, деган пурмаъно гап бор. “Гуруч курмаксиз бўлмайди” деганлари шудир аслида. Ўзи туғилиб ўсган юртга тош отиб, ёлғону-бўҳтонлардан ўзини тиймайдиган, мудом ғаразгўйлик, фитна-фасодни касб қилиб олган кимсаларни элнинг ўзи бир четга суриб чиқаради. Бунга ҳам мисоллар кўп...

04.jpg

Афсуски, юқорида номи келтирилган мақола ғаламисликнинг маҳсулидир. Унда бошдан охир нохолислик билан ёндашилган. Бинобарин, сўз эркинлиги дегани, бу – исталган одамни ҳақорат қилиш, туҳмат ёғдириш мумкин, дегани эмас. Мақолада номлари келтирилган фуқаролар Ҳ. Пўлатов, М. Абдураимов Бойсун туманида ўтказилган сайёр қабул чоғида туман ҳокимини ҳақорат қилгани, жамоат жойида ҳуқуқбузарликларни амалга оширгани учун жавобгарликка тортилгани кўпчиликка яхши маълум. Бу ҳолатга бошқача “тўн кийдириш” ножоиз.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ишонч билдирилиб, Сурхондарё вилоятининг биринчи раҳбари лавозимига киришганидан буён Тўра Боболовнинг ўз вазифасини астойдил бажаришга бўлган интилиши, ҳаракати ва азму шижоатини бутун воҳа аҳли кўриб, билиб турибди. Бунинг учун “адвокатларга” сира эҳтиёж йўқ.

Мақолада пахтачилик ҳақида бир қатор уйдирмалар келтирилган. Аслидачи? 2019 йилда вилоятнинг кластер корхоналари 93 минг гектар пахта майдонининг ҳар гектаридан ўртача 29,9 центнердан ҳосил кўтариб, катта даромадга эришди.

Инвестиция муҳит ҳақида ҳам нотўғри фикрлар билдирилган. Мана факт-рақамлар нима дейди: Сурхондарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари доирасида 2019-2021 йилларда 1247 та инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш белгиланган. 2019 йилнинг ўзида 600 га яқин инвестиция лойиҳалари амалга оширилди, минглаб янги иш ўринлари яратилди.

2016 йилда вилоят маҳаллий бюджети харажатларининг 50 фоизи республика бюджетидан молиялаштирилган. 2019 йилда бюджет даромадлари 2016 йилга нисбатан 2,5 баробар, 2017 йилга нисбатан 2 баробар, 2018 йилга нисбатан 1,5 баробарга ортди.

“Сурхон ҳокими Боболовнинг қалқони ким?” номли мақолада шунингдек, вилоят ҳокими кадрлар сиёсатида таниш-билишчиликка йўл қўяётгани ҳақида ҳам иддао қилинган. Булар ҳам бўҳтондан иборатдир. Мана масалан, мақолада ёзилганидек, “Сурхон тонгги” газетасининг янги раҳбари ҳам вилоят ҳокимига қариндош эмас. Ҳокимлик фаолияти давомида Т. Боболов ҳеч бир қариндошини юқори лавозимга тайинламаган...

Т. А. Боболов вилоят раҳбари сифатида жуда тиғиз кун тартиби асосида фаолият олиб бормоқда. Чунки, хизмат-вазифа талаби, тезкор иш жараёни шуни тақозо этаяпти. Эътиборли томони, вилоятнинг турли ҳудудларида ўтказилаётган сайёр қабуллар асносида одамларни қийнаб келаётган у ёки бу муаммолар тезда ўз ечимини топаётир.

Президентимизнинг “Давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган даъватлари бугун амалда катта-кичик раҳбарлар фаолиятининг бош мезонига айланган. Жамият ҳаётида қўлга киритилаётган ютуқ ва натижалар ҳам шунга муносиб бўлмоқда. Демакки, ҳар қандай фаолиятга баҳони халқнинг ўзи беради. Эл-юртга хизмат қилганларни халқ ҳимоялайди, қалқон бўлади...

* * *

Ушбу муносабатга шуни қўшимча қилмоқчимизки, ижтимоий тармоқларда зўр бериб, ёлғон-яшиқ гаплар билан ёмон отлиқ қилишга уринилган вилоят ҳокими 7 январь куни турли сабабларга кўра бирга яшамаётган, яраштириш имконияти бўлмаётган, оилавий масалалари бўйича ФҲДЁ органлари ва Фуқаролик ишлари бўйича судларга ариза берган оилалар вакиллари билан учрашиб, яна бир савобли ишга қўл урди. Учрашув давомида бир йўла уларнинг 60 дан ортиғини яраштиришга, оиласини қайта тиклашга муваффақ бўлди. Шунингдек, янги йилнинг илк ҳафтасида Сариосиё тумани марказидан 110 километр узоқликдаги тоғли Кундаижувоз қишлоғига бориб, аҳоли билан очиқ мулоқот қилди, уларнинг муаммоларини ўрганди. Айни пайтда Кундаижувоз қишлоғи аҳолисини электр энергияси билан таъминлаш учун ҳудудда замонавий қуёш фотоэлектр станцияси (қуёш батареяси)ни ўрнатиш, вилоят шифокорлари томонидан аҳолини чуқурлаштирилган тиббий-кўрикдан ўтказиш ва бошқа шарт-шароитларни яратиш чоралари кўрилмоқда.

016.jpg

Айтинг, халқ дарди ва ташвишлари билан яшаётган, воҳани ривожлантириш йўлида тинмай меҳнат қилаётган раҳбарга бўҳтон уюштиришдан мақсаду муддао нима? Воҳа тараққиётига зимдан “тош“ отмоқчи бўлаётган бу каби шахслар наҳотки эл олдида юзи шувут бўлиб қолишини ўйламаса-я?...

16 566
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА