Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

11.09.2018 13:10 Чоп этиш версияси

Сўз – анжуман иштирокчиларига

Сўз – анжуман иштирокчиларига

Турли халқлар мусиқасини бир саҳнада жам қилган анжуман 

Шаҳрисабзда ўтказилган Халқаро мақом санъати анжуманини хорижлик хонанда-ю созандалар, мусиқашунос олимлар, санъат ихлосмандлари, журналистлар, сайёҳлар катта қизиқиш билан кузатди. ЎзА мухбирлари анжуман иштирокчиларидан айримларининг таассуротларини ёзиб олди. 

Ражеш ШОҲ, ҳакам (Ҳиндистон): 

– Ўзбекистонда биринчи марта бўлишим. Албатта, таассуротларим жуда катта. Шаҳрисабз ғоят гўзал шаҳар экан. Унда мен мана шу чиройли манзарага ҳамоҳанг мусиқий муҳитни кўрдим. Анжуманда иштирок этган одам ҳавода ҳам мақом ҳидини туюши мумкин бўлган муҳит яратилди. Бизда ҳам рага мусиқий санъат тури бор, мақом йўналишига жуда ўхшаб кетади. Қизиғи шундаки, уларнинг тарихи бир хил. Раганинг вокал, чолғу соҳаси ҳам мақомга жуда ўхшайди. 

Соҳиб ПОШШОЗОДА, ҳофиз (Озарбайжон):

– Азалдан ўзбек мақоми ва озарбайжон муғоми бир-бирини бойитиб келган. Бугун ҳам икки санъат ҳамоҳанг ривожланмоқда. Бу анжуман туркий халқлар мусиқаси жаҳонга кенг ёйилиши ва ўзининг муносиб ўрнини эгаллашида катта аҳамиятга эга.

Тантанада эътиборимни тортган жиҳат ўзбек чолғуларининг бошқа халқлар созларидан тубдан фарқ қилиши бўлди. Ўзбек чолғуларининг ясалиши ўта мураккаб ва такрорланмас экан. Шунинг учун ҳам ундан таралаётган куй нафис ва оҳангдор. Дутор, най, рубоб дастгоҳларига берилган жимжимадор нақшлар, миллийлигингизни англатувчи кичик тимсоллар ҳам кишига эстетик завқ бағишлайди. 

Юсуф АЛТУН, созанда (Туркия):

– Шаҳрисабзда шундай катта мақом фестивали бўлишини эшитганимизда бу шаҳарга қизиқишимиз янада ортди. Бизга юртингиздан вакиллар келиб, ўзбек мақомлари ҳақида маълумот беришди. Шундан кейин биз ўзимизнинг мақомларни кўрсатиш, ўзбек мақомларини ўрганиш, санъаткорларингиз билан дўстлашиш, тажриба алмашиш учун Шаҳрисабзга келдик. Мақомларимизда ва чолғу асбобларимизда ҳам ўхшашлик бор. Сиздаги Шашмақом, яъни олти мақом бизда ҳам бор. Мана шундай халқаро фестиваллар қанча кўп бўлса, уни ўрганиш ҳам шунча яхши бўлади. 

Ёдгор БОЗОРОВ, Қашқадарё мақом ансамбли бадиий раҳбари:

– Шаҳрисабз дунёга Амир Темур ватани ва унинг ҳукмронлигида илм-фан, маданият марказига айлангани билан машҳур. 2000 йилда Шаҳрисабз шаҳридаги Темур ва темурийлар давридан сақланиб қолган меъморий ёдгорликлар ЮНЕСКОнинг Жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган.

Халқаро танловда мақом ижрочилиги бўйича фаолият олиб бораётган таниқли ҳофизлар иштирок этди. Барча иштирокчилар катта таассуротлар билан қайтмоқда. Бу каби тадбирлар ёшларни санъатни севишга, миллий қадриятларни улуғлашга чорлайди. Энг муҳими, ёш санъаткорларнинг билимини бойитиш, жаҳон халқлари санъати билан таништиришда жуда катта аҳамиятга эга. 

Властмил НИКЛАППИЛ, сайёҳ (Чехия):

– Сайёҳларни тарихий обидалар, дунё маданий мероси осори-атиқалари қизиқтиради. Мен Ўзбекистонда аввал ҳам бўлганман. Бугун умуман бошқача кун, омадимиз бор экан. Шундай чиройли байрамга тўғри келибмиз. Мақом анжумани муносабати билан бу ерда ташкил этилган стендлар, кўргазмали макетлар, кўплаб миллий маданий мерос намуналарини намойиш этаётган одамларни кўриб ҳайратга тушдик. Тарихий обидалардан ташқари, халқингизнинг турмуш тарзи, урф-одатлари билан ҳам танишиш имкониятига эга бўлдик. Шундай бой маданий меросга эга бўлган Ўзбекистонга қизиқишим янада ортди. 

Ҳамид ДОВУД, “The Whirling Dervishes of Damascus” гуруҳи раҳбари (Сурия): 

– Мақом билан араб мумтоз мусиқа санъатининг яқинлик жиҳатлари кўп. Айниқса, оҳанги ўхшаб кетади. Шу боис, мен бу ерда ўзбек мақомларидан эшитаётиб Дамашқда тинглаган мумтоз қўшиқларни эсладим. Шундай нуфузли мусобақада иштирок этганимиздан беҳад хурсандмиз.

Рамин СОҚИЗОДА, созанда (Афғонистон): 

– Ўзбекистондай тинч, гўзал юртга байрамлар ярашади. Сўлим гўшада бўлиб ўтаётган Халқаро мақом санъати анжумани мени ҳам тўлқинлантириб юборди, бу юртга қизиқишим янада ортди, ҳавасим келди. Тошкентда кўп бўлганман, аммо Шаҳрисабзга биринчи бор келишим. Касбимиз ортидан дунё кўраяпмиз. Биз ҳам туркий халқлар мақом санъатининг дунёда кенг қулоч ёйиши учун ўз ҳиссамизни қўшишимиз – бу бахт. Дунёнинг нодир санъат намунаси бўлмиш мақомни ўз ҳолича авлодларга етказмоғимиз керак. Бунда эса мана шундай анжуманларнинг ўрни беқиёс. 

– Дале МАСКЕЛЛ, Крад МЕДОГАН, сайёҳлар (Австралия): 

– Ўзбекистон жуда ажойиб мамлакат. Гўзал ва бетакрор шаҳарларингиз кўп экан. Айниқса, Шаҳрисабзда ўтган мақом анжуманидан унутилмас таассуротлар олдик. Амир Темур ватани, Оқсарой меъморий обидаси ҳақида кўплаб маълумотларга эга бўлдик. Сайёҳларнинг кўплигини қаранг, жаҳонда Ўзбекистон билан қизиқувчилар кўплигининг далили бу. Канберри шаҳридаги илмий-тадқиқот университетида ишлаймиз. Ўз таассуротларимиз ҳақида ҳамкасбларимиз ва юртдошларимизга сўзлаб берамиз. 

ЎзА мухбирлари
Ўлмас БАРОТОВ,
Дилобар МАМАТОВА
ёзиб олди.