ЎзА Ўзбек

13.08.2018 15:29 Чоп этиш версияси

Сўхда байрам шукуҳи

Президентимизнинг жорий йил 28 июндаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма етти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Фарғона вилоятида ҳам энг улуғ, энг азиз айёмни муносиб кутиш олишга пухта тайёргарлик кўрилмоқда. “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида бўлиб ўтаётган турли тадбирлар энг чекка ҳудудларда ҳам ташкил этилмоқда.

Мамлакатимизда мустақиллик йилларида амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари самарасида Фарғона ўзига хос боғ ва хиёбонлари, замонавий турар жой даҳалари, кенг ва равон йўллари, янги савдо мажмуалари, маҳобатли таълим ва тиббиёт муассасалари, маданият, маърифат ва спорт масканлари билан орзудаги шаҳарга айланмоқда.

Чорак аср аввал ҳам қишлоқ деганда кўз ўнгимизда гуваладан кўтарилган пана-пастқам уйлар, чанг, тошлоқ кўчалар гавдаланар эди. Истиқлол йилларида қишлоқ ва қишлоқ аҳолисига муносабат ўзгарди. Қишлоқда барпо этилаётган замонавий уй-жойлар, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, равон йўл ва кўчалар илгариги тасаввурларни буткул ўзгартириб юборди. Хусусан, бугун Сўх туманида бўлган киши бу ердаги ободлик, ўзгариш ва янгиланишлардан фахрланади.

Сўх тумани вилоят марказидан 110 километр узоқликда жойлашган анклав ҳудуд ҳисобланади. Қўшни Қирғизистон Республикасининг Боткен вилояти билан чегарадош туманнинг 27 та маҳалла фуқаролар йиғинида 80 мингга яқин аҳоли истиқомат қилмоқда.

Мустақиллик йилларида туманда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, Чашмадан Ҳушёргача, Равондан Тулгача, Шарқободдан Малбутгача бўлган барча қишлоқлар қиёфаси замонавий тус олди. Айни пайтда "Равон" ва "Қальа" маҳалла фуқаролар йиғинида “Обод қишлоқ” дастури асосида бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Улкан янгиланишлар мустақиллигимизнинг йигирма еттинчи йилида ҳам туман ҳаётида ўз аксини топмоқда. Қишлоқ инфратузилмаси шаклланди. Намунавий лойиҳа асосида қад ростлаган уй-жой мажмуалари қишлоққа замонавий меъморчилик андозаларини олиб кирди. Муҳими, ислоҳотлар оддий одамларнинг онгу тафаккурини ўзгартириб, улар қалбига сингиб бораётир. Айни шу жиҳат ғоят муҳим. Негаки, аввало, одамлар дунёқарашида, фикрлаш тарзида ўзгариш юз бермаса, бошланган ҳар қандай улуғвор иш етарлича натижа бериши даргумон.

Айни кунларда тумандаги амфитеатр тубдан қайта таъмирланмоқда. Туман марказида намунавий лойиҳалар асосида уй-жойлар қад ростламоқда.

– Бугун Сўхга келган киши бу ерда улкан ўзгаришлар, бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётгани гувоҳи бўлади, – дейди Равон қишлоғидан меҳнат фахрийси Субҳиддин Шарофиддинов. – Янги маҳалла гузарлари барпо этилди. Таълим муассасалари тўлиқ қайта реконструкция қилинди. Туманимиз аҳолиси ҳам ўзининг меҳнатсеварлиги, яратувчанлиги билан кўплаб ютуқларга эришмоқда. Ҳатто баъзи соҳаларда ўрнак бўла олади. Шу сабаб бўлса керак, деярли барча хонадонларда замонавий автомобиль бор. Бу ҳам халқимизнинг тинч, фаровон ҳаётидан далолатдир.

Мустақиллик байрами арафасида туманда маҳаллалар сони яна биттага кўпайди. Яқинда бўлиб ўтган халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиясида Риштон туманидаги Чўнғара қишлоғини Сўх тумани таркибига қўшиш ҳақида қарор қабул қилинди. 

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 12-13 июнь кунлари Фарғона вилоятига ташрифи чоғида мазкур қишлоқнинг Риштон марказидан узоқ, Сўх тумани марказига эса яқинлиги, сув йўллари бирлиги, шунингдек, йўл-транспорт ва муҳандислик-инфратузилма объектлари билан таъминланишини ҳисобга олиб, қишлоқни Сўх тумани таркибига киритиш юзасидан тавсия берилган эди.

Айни кунларда “Чўнғара” маҳалла фуқаролар йиғинида 1 минг 300 дан зиёд аҳоли истиқомат қилмоқда. Риштон-Сўх оралиғидаги божхона-чегара пости ёпиқлиги туфайли туман марказидан Чўнғара қишлоғига бориб келиш мушкул бўлиб, бунинг учун салкам 200 километр айланма йўлни босиб ўтиш талаб этиларди. Яъни Водил божхона-чегара пункти орқали яна 40 километр Қирғизистон ҳудудини кесиб ўтиш лозим эди. Бу эса Чўнғара қишлоғини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга салбий таъсир кўрсатарди. Энди эса Сўх тумани марказидан Чўнғарага ёки ушбу қишлоқдан туман марказига 15 дақиқада етиб олиш мумкин.

Қишлоқни ҳар томонлама ривожлантириш мақсадида вилоят ҳокимлиги томонидан алоҳида дастур ишлаб чиқилди. Бу ерда кўплаб ижтимоий объектлар барпо этилади, янги лойиҳалар амалга оширилади, кўплаб иш ўринлари яратилади.

Ҳудудда ўзбегу қирғиз азалдан тинч-тотув, аҳил-иноқ яшаб келмоқда. Кўзу қошдек бир-бирига ўхшайдиган, ёнма-ён жойлашган қишлоқларнинг бирида ўзбеклар яшаса, иккинчисида қирғизлар истиқомат қилади. Айримларида эса Чўнғарадаги каби ўзбегу қирғиз бир оиладек ҳаёт кечиради. Тили, лаҳжаси ҳам бир-бирига ўтиб, қайси бири ўзбегу қайси қирғиз эканини ажратиш қийин. Бу ерда етиштириладиган девзира гуручнинг донғи етти иқлимга машҳур.

– Қишлоғимиз аҳолиси давлатимизнинг эътибори ва ғамхўрлигини доим ҳис этиб туради, – дейди “Чўнғара” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ҳакимжон Салоҳиддинов. – Айни кунларда мустақиллигимизнинг 27 йиллик тантанасини муносиб кутиб олишга катта тайёргарлик кўрмоқдамиз. Шоир ва ёзувчилар, таниқли санъаткорлар билан маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.

Мухтасар айтганда, туманда байрам тадориги авжида. Қайси бир корхона, ташкилот, муассаса ёки фермер хўжалигига борманг, қизғин меҳнат устидан чиқасиз. Туман аҳли энг улуғ, энг азиз байрамимизни меҳнатда катта муваффақиятлар билан, кўнгли бир олам эзгу орзу-ниятларга лиммо-лим ҳолда, кўтаринки кайфиятда, тинч ва осойишта кутиб олмоқда.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
7 695