Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

18.03.2018 11:00 Чоп этиш версияси

Сўх туманида ҳам ҳашарда барча фаол иштирок этмоқда

Сўх туманида ҳам ҳашарда барча фаол иштирок этмоқда Наврўз байрами олдидан ташкил этилган умумхалқ хайрия ҳашари Фарғона вилояти шаҳару қишлоқларида ҳам уюшқоқлик билан ўтказилмоқда.

Ободлик, саришталик бор жойда байрамлар ярашади. Шунинг учун ҳам аёймлар олдидан ҳашар ўтказиш анъанага айланган. Мазкур ҳашарда одамлар ўзи яшаётган, меҳнат қилаётган, таълим олаётган ҳудудларни, ариқ ва зовурлар, кўча ва хиёбонлар, муқаддас қадамжо ва қабристонларни тозалаш-ободонлаштириш ишларида фаол иштирок этмоқда. Манзарали ва мевали кўчатлар ўтказилмоқда.

Олинган маълумотларга кўра, айни пайтда вилоят бўйича ҳашарда 1 миллиондан зиёд аҳоли қатнашмоқда. 600 дан ортиқ қабристон ва зиёратгоҳда ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.

75 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилаётган Сўх туманида ҳам ҳашар эрта тонгдан бошланди. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгаши томонидан махсус автобус ташкил этилиб, 15 нафар кам таъминланган, якка ёлғизларнинг уйига борилиб, ҳовлиларини ободонлаштириш ишларига кўмаклашилди. Шунингдек, вилоят ҳокимлиги томонидан тумандаги кам таъминланган оилаларга ун маҳсулотлари, маиший рўзғор буюмлари беминнат берилди. “Ҳазрат Али”, “Султон Маҳмуд Ғазнавий”, “Хўжаи Мурод” каби зиёратгоҳлар ҳамда 24 қабристонларда ҳам ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.

5.JPG

– Ҳашар халқимизга хос қадим ва олижаноб қадриятлардандир, – дейди туман ҳокими ўринбосари Бобосодиқ Латипов. – Шу боис ушбу тадбирда каттаю кичик бирдек фаол иштирок этмоқда. Эртага туманимизда байрам кенг нишонланади. Қўшни Қирғизистондан ҳам меҳмонлар иштирок этади. Бугунги ҳайрия ҳашари юртдошларимиз ўртасидаги ҳамжиҳатлик, меҳр-мурувватга муҳтож кишиларга кўмак бериш, юртни обод қилишдек эзгу мақсадлар билан янада аҳамиятлидир.

Ҳашар давомида шаҳар ва туманларда саховат тадбирлари ўтказилмоқда. Эҳтиёжманд ва кам таъминланган оилаларга совға-саломлар улашилиб, улар учун байрам дастурхони ёзилмоқда.

Ҳашар вилоятда кўтаринки руҳда руҳда давом этмоқда.

Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров(сурат), ЎзА
7 283