ЎзА Ўзбек

09.03.2018 15:55 Чоп этиш версияси

“Сўғдиёна” ўрнида инновацион боғ бўлади

“Сўғдиёна” ўрнида инновацион боғ бўлади Самарқанд шаҳридаги “Сўғдиёна” истироҳат боғида шу кунларда кенг кўламли қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.

Шаҳар ҳокими Ф.Раҳимовнинг айтишича, вилоят ҳокимининг жорий йил 23 февралдаги қарорига кўра, ушбу боғ ўрнида замонавий инновацион истироҳат боғи ташкил этилади. 6,3 гектар майдонни эгаллаган ҳудудда картинг клуби, муз устида учиш бўйича “Муз саройи”, сайёҳлар учун замонавий меҳмонхона, ресторан ва бошқа кўнгилочар масканлар бунёд этилади. Янги аттракцион ва ўйин қурилмалари ўрнатилади. 

4.JPG

– Янги боғ лойиҳаси асосида айни пайтда ҳудуддаги эски бинолар бузилиб, янги объектларнинг қурилиш ишларига киришилмоқда, – дейди лойиҳа ташкилотчиси – “Family park” масъулияти чекланган жамияти масъул ходими Х.Пўлатов. – Мавжуд аттракцион ва бошқа воситалар шаҳардаги истироҳат боғларига кўчириляпти. Инновацион боғни бунёд этишда ҳар томонлама қулай қурилиш материаллари, замонавий технологиялардан фойдаланилади. Самарқандда илк бор қурилаётган муз саройини ҳам халқаро стандартларга мос лойиҳа бўйича яратиш режалаштирилган. 

8.JPG

Жорий йилнинг сентябрь ойига қадар фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган объект нафақат маҳаллий аҳоли, балки Самарқандга келадиган хорижлик сайёҳлар учун муҳим туристик маскан бўлади.

Дарвоқе, эски боғ ҳудудидаги сунъий сув ҳавзаси ўрнида ҳам бугунги кунда замонавий аквапарк қурилиши жадал олиб борилмоқда. 

9.JPG

– 3,5 гектар майдонни эгаллаган ҳудудда 200 ўринли меҳмонхона, қишки спорт-соғломлаштириш маркази, болалар, ўсмирлар ва катталарга мўлжалланган чўмилиш ҳавзалари, кафе ва бошқа кўнгилочар масканлар бунёд этилмоқда, – дейди “Самарқанд Добусия акваленд” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Б.Ибрагимов. – Чўмилиш ҳавзаларини қуриш ва жиҳозлашда хитойлик ҳамкасбларимиз тажрибасидан самарали фойдаланаяпмиз. Умуман, лойиҳага кўра, бу ерда дам олувчилар учун энг замонавий шароит ва имкониятлар яратилади. Ўтган йил июль ойида бошланган қурилиш ишларининг дастлабки босқичини жорий йилнинг июнь ойигача якунлаш кўзда тутилган.

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат) ЎзА
10 974