ЎзА Ўзбек

25.04.2019 Чоп этиш версияси

Русланбек Давлетов: Инвестор манфаати, мулк ва меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш кучайтирилади

Русланбек Давлетов: Инвестор манфаати, мулк ва меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш кучайтирилади

Тошкентда ўз ишини бошлаган “Тошкент ҳуқуқ баҳори” - “Tashkent Law Spring” – Халқаро юридик форумида сўзга чиққан Ўзбекистон Адлия вазири Русланбек Давлетов Ўзбекистонда илк бор ўтказилаётган Халқаро юридик форумнинг номланиши бежиз баҳор билан боғлиқ эмаслигига эътибор қаратди. Бу сафарги баҳор фасли нафақат ҳуқуқ соҳаси, балки бошқа соҳаларда Ўзбекистоннинг янги ривожланиш босқичига қадам қўяётган палла - том маънодаги янгиланиш айёмидир.

Ўзбекистон барча давлатлар билан очиқлик ва тенглик тамойили асосида ҳамкорлик алоқаларини тобора ривожлантирмоқда. Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган бу каби ишлар, жаҳон ҳамжамияти, йирик халқаро ташкилотлар билан ўрнатилган самимий алоқалар, конструктив муносабатлар халқаро эътирофларга ҳам сазовор бўлаётганига барча гувоҳ бўлмоқда.

photo5334752576438119154.jpg

Шунинг учун ҳамда тинчлик ва барқарорлик таъминланган, қулай инвестициявий муҳит туфайли юртимизга келаётган инвесторлар сони ошмоқда.

Адлия вазири ўз чиқишида “Ўзбекистонга келаётган ҳар бир инвестор ҳуқуқий ҳимояда бўлиши шарт. Бугун кўп сонли юристлар бир жойга жам бўлганидан фойдаланиб айтмоқчиманки, бу бизнинг муҳим вазифаларимиздан бири. Сармояси билан Ўзбекистонга кириб келаётган ҳар бир инвестор келишидан олдин бу ерда уни қандай вазият кутаётганини тўлиқ билиши керак. Буни, яъни ҳуқуқий ҳимоя кафолатини юристлар таъминлаши ва инвесторларга намоён қилиб бериши шарт. Зеро, қулай инвестиция муҳити – энг аввало, ҳуқуқий кафолатдир. Буни эса юристлар яратиши керак”, – деб қайд этди.

Ўзбекистонда қонун устуворлигини таъминлаш, ушбу мақсадга хизмат қилувчи суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш ишлари изчиллик билан давом этмоқда. Аммо бу борада айрим камчиликлар йўқ, дея олмаймиз. Мамлакатимизга қарата айтилаётган чақириқлар шундан далолат беради.

Айтиб ўтиш керак, барча соҳаларнинг тўлақонли фаолият юритиши учун зарур қонун ҳужжатлари қабул қилинган. Уларнинг ижросини тўлиқ таъминлаш зарур.

Адлия вазири мулк ва меҳнат ҳуқуқлари кафолатлари бўйича ҳам алоҳида тўхталди.

photo5334752576438119153.jpg

– Мулк ҳуқуқи – энг юксак қадрият даражасига кўтарилиши керак, – деди Р.Давлетов. – Хусусий мулк ҳуқуқи ҳимояси бўйича замонавий ҳуқуқий кафолатлар тизимини яратиш зарур. Меҳнат қонунчилиги бўйича шундай дейиш мумкин. Гарчи бу соҳаларга оид ҳуқуқий кафолатлар мавжуд бўлса-да, улар эски концепциялар асосида қабул қилинганидан кўз юма олмаймиз. Бундан буён бу соҳаларда янгича, яъни талаб даражасидаги, халқимиз манфаатларига хизмат қиладиган қонунлар яратилади. Дунёнинг энг илғор юристлари билан биз бугун бу соҳада ҳам фикр алмашамиз. Фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш бўйича ҳам шундай дейиш мумкин. Биз бу борада келгуси йилгача мутлақо янги Фуқаролик кодексини ишлаб чиқишни режалаштирганмиз.Коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳам амалга оширилаётган ишлар янада кучайтирилади. Жамоат назорати механизмлари кучайтирилади. Интернетдаги муносабатларни тартибга солиш ҳам кун тартибида турибди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва қатор ташкилотлар ҳамкорлигида, АҚШнинг халқаро ривожланиш бўйича агентлиги (USAID), БМТ Тараққиёт дастури, БМТнинг гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бошқармаси (UNODC), “Ҳудудий мулоқот” халқаро ташкилоти, “Газпромбанк” АЖ ва бошқа ташкилотлар ҳомийлигида ташкил этилган Халқаро юридик форум ишида дунёнинг 37 мамлакатидан 240 делегат иштирок этмоқда. Умумий иштирокчилар сони эса минг нафардан ортиқ.

Форум ўз ишини давом эттирмоқда.

3 189
Норгул Абдураимова, ЎзА