Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.08.2017 19:32 Чоп этиш версияси

Россиялик шифокорлар Гулистонда

Россия Халқлар дўстлиги университети оториноларингология кафедраси мудири, тиббиёт фанлари доктори, пофессор Василий Антонив ва тиббиёт фанлари доктори, профессор Валентин Аксенов уч кун давомида Гулистон шаҳрида бўлиб, сирдарёлик беморларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказди.

Президентимиз раҳнамолигида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш, тиббиёт муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

– Тиббиётнинг Ватани бўлган Ўзбекистонга келганимизнинг ўзи биз учун катта шараф, – дейди профессор В.Антонив. – Юқори малакали шифокорлар билан ишлаш ҳамиша завқли. Ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан гўё кўп йиллардан буён бирга ишлаётгандек ҳис қилдим ўзимни. Бу ердаги замонавий тиббий жиҳозлар, шифокор ва беморлар учун яратилган шароит ва имкониятлар таҳсинга лойиқ. Давлатингиз раҳбари ташаббуси билан тиббиёт соҳасида улкан ислоҳотлар амалга оширилаётир. Замонавий шифохоналар, тиббий дори-дармон ва асбоб-ускуналар ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналар барпо этилмоқда. Тиббиёти ривожланган хорижий давлатлардан малакали шифокорлар таклиф қилинмоқда. Бу ерда амалга оширилаётган ишларни кўриб, рости, сизларга ҳавасим келди.

Россиялик мутахассислар иштирокида маҳаллий шифокорлар учун маҳорат дарслари ўтказилди. Қулоқ, томоқ, бурун ва бошқа тана аъзоларида шамоллаш касалликларининг оғир асоратли турлари билан оғриган беморлар кўрикдан ўтказилиб, муолажа қилинди. Жарроҳлик амалиёти ўтказилди.

– Машҳур шифокорлар Гулистонга келганини эшитиб, тўғри шу ерга келавердим, – дейди Сирдарё туманидан М.Ёрлақабова. – Қулоғимдаги қаттиқ санчиқ, яхши эшитмаслик мени безовта қилаётган эди. Россиялик шифокорлар кўрикдан ўтказди, аниқ ташхис қўйиб, муолажа қилди. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, кичик жарроҳликдан сўнг оғриқ қолиб, эшитиш қобилиятим тиниқлашди. Бизга шундай қулайликлар яратиб бераётган давлатимиздан миннатдормиз.

Хорижлик олимларнинг ташрифи маҳаллий шифокорларга тажриба алмашиш имконини берди. Бу мамлакатимизда аҳоли саломатлигини янада мустаҳкамлаш, маҳаллий мутахассисларни аниқ ташхис қўйиш, энг мураккаб муолажаларни амалга ошириш ва жарроҳлик амалиёти борасида тажрибасини бойитишга хизмат қилади.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА
4 554






Все о погоде - Pogoda.uz