ЎзА Ўзбек

18.09.2020 Чоп этиш версияси

Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари масалалари муҳокама этилмоқда

Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари масалалари муҳокама этилмоқда

Россия ва Ўзбекистон ўртасида меҳнат миграцияси соҳасида бир қатор масалалар юзасидан музокаралар давом этмоқда.

Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг маслаҳатчиси – Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва халқаро иқтисодий ҳамкорлик масалалари департаменти мудири М.Хайриддинов, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Э.Мухитдинов, Россиядаги Фавқулодда ва мухтор элчимиз Б.Асадов, “Роструд” раҳбари М.Иванков, Россиянинг Президенти маъмурияти фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш бўлими бошлиғи ўринбосари М.Виноградов ва бошқалар иштирок этмоқда.

Музокараларда ташқи меҳнат миграцияси соҳасида Ўзбекистонда охирги йилларда қабул қилинаётган чора-тадбирлар тўғрисида маълумот берилди. Шунингдек, пандемия шароитида Ўзбекистон фуқароларини Россия Федерациясига ташкиллаштирилган ҳолда ишга жўнатиш ва ушбу мамлакатда бўлиб турган фуқароларимизнинг меҳнат ва бошқа ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама этилмоқда.

Учрашувда қайд этилишича, пандемия пайтида Россияда ишсизлар сони 3,5 миллионга етиб, ишсизлик даражаси 4,7 фоизни ташкил этмоқда. Ишсизликни камайтириш мақсадида бандлик хизматлари фаолиятини «хизматлар кўрсатиш»дан «муаммоларни ҳал қилиш» усулига ўзгартириш, тегишли янги стандартлар ва меҳнат қоидаларини жорий этиш каби тадбирлар амалга оширилмоқда.

Музокараларда Ўзбекистон делегацияси томонидан пандемия шароитида Ўзбекистон фуқароларини Россияга ишлашга жалб қилиш учун Россия ҳукуматининг Махсус комиссиясидан рухсат олиш, меҳнат мигрантлари ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш бўйича юридик фирмалар билан ўзаро алоқалар ўрнатиш, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ваколатхонаси ва унинг Новосибирск, Екатеринбург, Самара, Уфа вилоятларида янги ташкил этилаётган филиаллари ва “Роструд” ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, меҳнат миграциясига оид икки давлат ўртасидаги бошқа масалалар юзасидан билдирилган таклифлар бўйича дастлабки келишувларга эришилди.

Ўзбекистон делегациясининг ташрифи давом этмоқда. Мигрантлар масаласидаги янгиликларни тез орада хабар қиламиз.

1 588
ЎзА