ЎзА Ўзбек

08.11.2019 Чоп этиш версияси

Россиядаги сайлов участкалари фаолияти қандай йўлга қўйилган?

Россиядаги сайлов участкалари фаолияти қандай йўлга қўйилган?

Халқаро матбуот марказида Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Дастлаб Россия Федерациясида тузилган сайлов участкалари фаолиятини ташкил этиш ва Россиядаги ватандошларимизнинг сайловда овоз бериш ҳуқуқларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ботиржон Асадов батафсил ахборот бериб ўтди.

Россиядаги сайлов участкалари сони олдинги 2016 йилги сайловлардагидан 5 тага кўпайган ва бугунги кунда 7 тани ташкил этади. Улар Санкт-Петербург, Владивосток, Екатеринбург, Новосибирск, Ростов-Дон, Қозон ҳамда Москва шаҳарларида жойлашган.

Элчининг таъкидлашича, жорий йил декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига бўлиб ўтадиган сайлов жараёнларига Россияда ҳам пухта тайёргарлик кўрилмоқда. Ушбу давлатда яшаётган, меҳнат фаолиятини олиб бораётган ватандошларимизнинг сайловда овоз бериш ҳуқуқларини таъминлаш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Ҳозирда элчихонада 19 кишидан иборат участка сайлов комиссияси таркиби бўйича марказга таклиф юборилган. Ушбу комиссия таркибига нафақат элчихона вакиллари, балки ҳозирги кунда Москва шаҳрида ўз меҳнат фаолиятини олиб бораётган турли компания вакиллари, олий ўқув юртларида таълим олаётган ватандошларимиз ҳам киритилган.

Элчихонада ташкил этилган 31-сонли сайлов участкасидан узоқда истиқомат қиладиган ватандошларимизга сайлов жараёни ҳақида ахборотлар етказиш мақсадида тегишли тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Бугунги кунга қадар Москва шаҳрида жойлашган 5 та йирик олийгоҳда ўзбекистонлик талабалар учун тушунтириш-тарғибот тадбири ўтказилди. Шунингдек, йирик бозорлар, савдо марказлари, қурилиш компаниялари, корхоналарда вақтинча меҳнат фаолиятини олиб бораётган 3 мингдан ортиқ фуқароларимизга бўлиб ўтадиган сайловлар ҳақида батафсил ахборот берилди. Россиянинг бошқа шаҳарларида очилган сайлов участкаларида ҳам мазкур тадбирлар режасига мувофиқ ишлар олиб борилмоқда.

ALI_7785.JPG

Элчихона расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифасида сайловга доир маълумотлар мунтазам жойлаштириб борилмоқда. Россия оммавий ахборот воситалари орқали Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган сайлов ҳақида холис ва батафсил ахборот тарқатишга алоҳида эътибор берилмоқда. 

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлигига номзодларнинг гувоҳномалари намуналарини тасдиқлаш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

Шунингдек, Марказий сайлов комиссияси Халқаро матбуот маркази Самарқанд вилоят бўлими ахбороти тингланди. Қайд этилганидек, Халқаро матбуот марказининг минтақавий бўлими Самарқанд шаҳридаги “Ёшлар маркази” биносида фаолият олиб бормоқда.

Шу пайтга қадар Халқаро матбуот маркази Самарқанд вилоят бўлими томонидан вилоят сайлов комиссияси томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиш мақсадида журналистлар иштирокида бир қатор матбуот анжуманлари, брифинглар ва бошқа тадбирлар ўтказилган. Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларни ёритиш, сайлов куни овоз бериш биноларида бўлиш, овозларни санаб чиқиш жараёнида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлиш учун сайловни ёритувчи 41 нафар вилоят ва республика матбуот ва оммавий ахборот воситалари, интернет сайтлари ходимлари аккредитациядан ўтказилди.

Айни пайтда ушбу жараён давом этмоқда. Ўтган даврда телевидение ва радио орқали сайловга оид 160 дан ортиқ лавҳа, кўрсатув, репортаж ва эшиттиришлар, 2 марта тўғридан-тўғри мулоқот эфирга узатилган. Вилоят телевидениеси орқали ҳафтанинг ҳар чоршанба кунлари вилоят сайлов комиссияси раиси ва аъзолари, жамоатчилик вакиллари иштирокида тўғридан-тўғри эфир ташкил этилиб, аҳолидан тушган саволларга жавоб қайтарилган. Матбуот нашрлари, интернет тармоқларида 614 мақола, шарҳ ва хабарлар эълон қилинган.

1 064
Н.НАСРИЕВ, ЎзА