ЎзА Ўзбек

24.09.2020 Чоп этиш версияси

Россиядаги мигрантларга касб ва тил ўргатилмоқда

Россиядаги мигрантларга касб ва тил ўргатилмоқда

Хабарингиз бор, Россия ва Ўзбекистон ўртасида меҳнат миграцияси соҳасида бир қатор масалалар юзасидан музокаралар ўтказиш ва аниқ келишувларга эришиш мақсадида бир қатор вазирлик ва агентлик вакилларидан иборат делегация аъзолари Россияда бўлиб турибди.

Ташриф доирасида Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Россия Федерацияси Свердловск вилояти таълим вазирлиги, РУДН, “World Skills Russia” мутасаддилари ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Унда Россия Федерациясида вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ўзбекистонлик меҳнат мигрантларини касб ва рус тилига ўқитиш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Бунда Президентимизнинг 11 августда қабул қилинган “Камбағал ва ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги карори дастуриламал бўлмоқда.

photo_2020-09-24_20-00-43.jpg

Учрашувда Екатеринбургда ўқитиш жойлари танланиб, 5 октябрдан марказ фаолияти бошланишига келишилди. Шу билан бирга Красноярск ва Челябинск вилоятларида ҳам касб ва хорижий тилларга ўқитиш марказларини ташкил қилишга келишиб олинди. Мазкур ҳудудлардаги ўқиш истагидаги ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари аниқланиб, рўйхати шакллантирилмоқда.

Ўқиш истагидаги фуқаролар Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Екатеринбургдаги ваколатхонасига мурожаат қилиши мумкин. Мурожаат учун телефон рақами: +79259508977

Қайд этиш керакки, аввалроқ Москва ва Новосибирск шаҳарларида ана шундай ўқув курслари ташкил этилган эди.

2 706
ЎзА