ЎзА Ўзбек

06.08.2020 Чоп этиш версияси

Россия Федерациясининг йирик иш берувчилари Ўзбекистонга ташриф буюрди

Россия Федерациясининг йирик иш берувчилари Ўзбекистонга ташриф буюрди

Россия Федерациясидаги Нефть ва газ илмий-тадқиқот ва лойиҳалаштириш институти раиси ўринбосари Денис Мишченко бошчилигида «Renaissance Heavy Industries» ва «Yamata Yatirim İnşaat Turizm ve Ticaret Anonim Şirketi» компаниялари вакилларидан иборат делегация мамлакатимизга ташриф буюрди.

Делегация аъзолари билан Вазирлар Маҳкамасининг Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари ва халқаро иқтисодий ҳамкорлик департаменти ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида учрашувлар ўтказилди.

Учрашувларда пандемия шароитида меҳнат мигрантлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, Ўзбекистон фуқароларини Россия Федерациясига ташкиллаштирилган ҳолда ишга жалб қилиш, уларга касб ва тил ўргатиш каби масалалар муҳокама этилди.

Музокараларда таъкидландики, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва Россия Федерацияси иш берувчилари ўртасида пандемия даврида Ўзбекистон фуқароларини хорижда иш билан таъминлаш мақсадида олиб борилган музокаралар натижасида мамлакатнинг турли ҳудудларидаги бўш иш ўринлари таклиф этилиб, уларга юртдошларимизни ишга жалб қилиш бўйича келишувларга эришилган. Ушбу келишувларга мувофиқ, ишчилар нисбатан кам зарар кўрган ҳудудлардаги йирик қурилиш объектлари, қишлоқ хўжалиги, саноат корхоналари ва бошқа соҳаларда эпидемиологик талаблар ва карантин чекловларига риоя қилган ҳолда вақтинча меҳнат фаолиятини олиб бормоқда.

Шунингдек, икки давлат ўртасидаги меҳнат миграцияси соҳасида амалга оширилаётган ишлар, хусусан, коронавирус пандемияси сабабли Россия Федерациясига вақтинча ишлаш учун кетолмаган ва ишсиз қолган ўзбекистонлик фуқаролар бандлигини таъминлаш орқали уларга даромад манбаи яратиш масаласи муҳим аҳамият касб этаётгани қайд этилди.

Делегация аъзолари мулоқот давомида пандемиядан кейин меҳнат бозорини тиклаш, эпидемиологик вазиятда ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари хавфсизлигини таъминлаш, уларни тартибли, манзилли ва ташкиллаштирилган ҳолда ишга жойлаштириш ҳамда ишчилар учун зарурий меҳнат шароитлари яратилиб, бунинг учун иш берувчи ташкилот кафил бўлиши лозимлигини таъкидлади.

Икки томонлама музокараларда йил якунига қадар 4200 нафар фуқарони йирик қурилиш объектларига ишга жалб қилиш, улар учун қулай шароитлар яратиш, транспорт, ишлаш учун ҳужжатларни расмийлаштириш, иш ҳақи ва бошқа масалалар бўйича кейинги вазифалар белгилаб олинди.

Ташриф доирасида делегация аъзолари Тошкент шаҳридаги ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш маркази ва «Ишга марҳамат» мономаркази фаолияти билан танишди. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда вазирлик тизимидаги ташкилотлар раҳбарлари ва масъул ходимлари иштирокида видеоконференция шаклида йиғилиш ташкил этилди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикасининг қатор масъул ташкилотлари саъй-ҳаракатлари билан эришилган келишувга мувофиқ, 31 июль куни 144 нафар фуқаро ташкиллаштирилган ҳолда Россиянинг Амур вилоятидаги газни қайта ишлаш заводи қурилишида ишлаш учун чартер рейс орқали учиб кетган эди.

2 899
ЎзА