ЎзА Ўзбек

09.06.2018 10:02 Чоп этиш версияси

Деҳқонободда дунёда ноёб ҳисобланган арча навлари кесиб кетилмоқда

Деҳқонободда дунёда ноёб ҳисобланган арча навлари кесиб кетилмоқда

Ноёб арча дарахтлари хўжасизларча кесиб кетилмоқда...

Маҳаллий аҳоли: "Ўрмон хўжалиги мутасаддилари дарахтларни хуфёна кесиб сотиб юбормоқда" дейди.

Ўрмон хўжалиги ходимлари: "Маҳаллий аҳоли яширинча кесиб кетаётгани" айтади... Ким ҳақ? 

Яқинда Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманининг тоғли ҳудудида жойлашган Деҳқонобод давлат ўрмон хўжалигига чегарадош қишлоқларда бўлдик. Маҳаллий аҳоли гап орасида ўрмон ҳудудидаги ноёб арча навларидан ҳисобланган ва "Қизил китоб"га киритилган Зарафшон арчаси аёвсиз кесиб кетилаётганини айтиб қолди.

1.jpgБундай гап-сўзларга бепарво бўлмасликни касбимиз тақозо этади. Шунга кўра, ҳудуддаги Теракли қишлоғида яшовчи бир неча вакиллар иштирокида Деҳқонобод давлат ўрмон хўжалигининг Сарғайота ўрмон хўжалиги участкаларини айландик. Дарҳақиқат, вазият ўта аянчли. Ноёб арча дарахтлари хўжасизларча кесиб кетилган. Тахминан бир гектар атрофидаги ҳудуднинг ўзида 50 тупдан ортиқ арча кундаларини кўриш мумкин эди. Баъзи бирларининг ёнида уюлиб ётган, барглари ҳали тўкилиб кетишга улгурмаган шох-шаббалар уларнинг бир неча кун аввал шафқатсизларча чопиб ташланганидан гувоҳлик бериб турарди.

Маълумотларга кўра, Зарафшон арчаси тоғ ёнбағирларида, денгиз сатҳидан 2600-2800 метргача баландликда ўсади, тупроқни муҳофаза қилиш ва намликни сақлаб туриш вазифасини бажаради. 1 гектар майдондаги арча дарахти инсон саломатлиги учун хавфли бўлган ҳар хил микробларни ўлдирувчи 30 килограмм миқдорда фитонцид моддаси ишлаб чиқаради.

Ким бундай қабиҳликка қўл урди? Давлат мулки бўлган табиатга шафқатсизларча муносабатда бўлиш, атроф-муҳитга зиён етказишга ким журъат этди? Шу саволлар билан маҳаллий аҳолига ҳам, ўрмон хўжалиги вакилларига ҳам мурожаат қилдик. Улар томонидан берилган жавоблар бир-биридан қизиқ. Масалан, маҳаллий аҳоли вакиллари ўрмон хўжалиги мутасаддилари дарахтларни хуфёна кесиб сотиб юбормоқда деса, ўрмон хўжалиги ходимлари маҳаллий аҳоли яширинча кесиб кетаётгани, бу ҳолат юзасидан тегишли органларга юзлаб хатлар, аризалар билан мурожаат қилгани, аммо бирор натижа бўлмаётганини бот-бот таъкидлайди. Ким ёки қайси томон ҳақ, деган саволга тегишли идоралар жавоб топишар. Ахир бунинг учун кимдир жавоб бериши керак-ку?! 

Хўш, табиий ўрмонзорлар шу тарзда кесиб кетилса, кетилаверса, табиатга, экологияга зарар етмайдими? Етади, албатта. Негаки, ўрмонлар табиий комплекс бўлиб, иқлим ўзгариши, тоғ ва тоғ олди ҳудудларида жарликлар пайдо бўлиши хавфининг олдини олишда, сув танқислиги муаммосини ечишда, сел ва бошқа ёғинлар натижасида юзага келиши мумкин бўлган тупроқ емирилишига қарши курашда, чўл ҳудудлари ва яйловлар ҳолатини яхшилашда, суғориладиган ерлар унумдорлигини оширишда муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, ўрмонлар биосферадаги экологик мувозанатни сақлашда ҳам кучли восита ҳисобланади. Бинобарин, ўрмонларнинг муҳит яратиш роли фақат улар тарқалган майдонлар билан чекланиб қолмайди. Чунки ўша ҳудудларда пайдо бўлган булоқлар суви шаҳарда яшайдиган аҳолини, қишлоқ хўжалиги экинлари ва халқ хўжалигининг бошқа тармоқларини сув билан таъминлайди.

Ўзбекистон Республикасининг “Ўрмон тўғрисида”ги қонуни 4-моддасида “Ўрмонлар давлат мулки – умуммиллий бойлик бўлиб, улардан оқилона фойдаланиш лозим. Ҳамда улар давлат томонидан қўриқланади”, деб ёзиб қўйилган. Афсуски, бунга ҳаммамиз ҳам бирдек амал қилмаймиз. Айримларнинг табиатга бўлган шафқатсизларча муносабати оқибатида табиий ўрмонзорлар йилдан-йилга ортга чекинмоқда. Бизни, инсонни тарк этмоқда.

Энг ёмони, кесилган дарахт зарари қопланиши мумкин, лекин бир туп арча ниҳоли экиб, уни катта дарахт даражасига етказиш учун 100 йилдан ортиқроқ вақт кетар экан. Бир туп арча дарахти ишлаб чиқарадиган тоза ҳаво, илдизи орқали ушлаб турадиган тоза сувни бир неча ўн йиллардан кейин миллионлаб сўмларга ҳам сотиб ололмаймиз. Наҳотки, шу оддий ҳақиқатни тушуниш, англаш шунчалар қийин бўлса?

Бундан ташқари, ушбу ўрмон ҳудудида минглаб мол-қўйлар ўтлаб юрар экан. Чўпонлар яйловлардан мол7.jpg боқиш учун фойдаланиш ҳуқуқини берувчи паттани кўрсатишди. Демак, бунга қонуний рухсат берилган. Яйловдан пул тушириш бўйича режалар белгиланиб, дарахтзорлар орасигача чорва моллари жойлаштирилишига йўл қўйилмоқда. Бунинг натижасида ўрмонзорларнинг табиий кўпайиши сусаймайдими, яъни дарахтдан тушган уруғдан униб чиққан ниҳол чорва моллари туёғи остида пайҳон бўлмайдими, бу уларнинг ўсиб-униб кетишига тўсқинлик қилмайдими?

Ўрмонлар – миллий бойлигимиз. Мана шу бойликни асраб-авайлаш ҳар бир фуқаронинг бурчи, вазифасидир. Халқимизда “Бирни кессанг, ўнни эк”, деган пурмаъно ҳикмат бор. Дарахтларни ноқонуний кесишни билган айримлар, у ўрмон вакиллари бўладими, ё оддий аҳоли вакилими, ўрнига янгисини экиб қўйиши шарт. Ўз манфаатимизни устун қўйиб, табиат инъом этган бойликларга зарар етказишдан олдин, эртанги кунимиз, авлодларимиз тақдири ҳақида ўйлаб кўрсак, фойдадан холи бўлмайди. 

Ўлмас Баротов, ЎзА
7 211