ЎзА Ўзбек

03.07.2018 17:23 Чоп этиш версияси

Ўрмонга ўт кетса ҳўл қуруқ баравар ёнадими?

Куннинг исиши, иқлимнинг ниҳоятда қурғоқчилиги ўрмонларда юз берадиган ёнғинлар сонини ортишига сабаб бўлмоқда. Кўпчиликнинг хабари бор, айни вақтда дунёнинг кўплаб давлатларида, хусусан, Россияда йирик ўрмон ёнғинлари кузатилмоқда. 

Маълумотларга кўра, ҳар йили дунё бўйича ўрмонлар ёнғини оқибатида 2 миллион тоннадан ортиқ органик модда йўқ бўлиб кетар экан. Статистика маълумотларига кўра 99 фоиз ҳолатларда бевосита инсоният туфайли, қолган 1 фоиз ҳолатда табиий офатлар сабабли ўрмонларда ёнғин келиб чиқиши аниқланган. 

Ўрмонга ўт кетса ҳўл қуруқ баравар ёнади, деб бежиз айтишмаган. Афсуски, бу нақлни ўрмонларга сайру саёҳат қилиш иштиёқмандлари, овчилик ишқибозлари унутиб қўйишади. Улар ёққан гулхан ёки сигарета қолдиғи арзимаган вақт ичида катта алангага айланиб, дарахтларга, тўқайзорларга қирон келтиришини хаёлларига ҳам келтиришмайди. 

Айни вақтда ана шундай ҳолатларнинг олдини олиш ва бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасида қандай чоралар кўрилаётгани ҳақида Ўрмон муҳофазаси бошқармаси бош мутахассиси Ғанишер Хўжаев бизга қуйидагиларни сўзлаб берди: 

– Баъзан одамларнинг эътиборсизлиги ҳамда эҳтиётсизлиги оқибатида минглаб гектар ўрмонзорларда, яйловзорларда ёнғин чиқиб, улардаги мавжуд ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг йўқ бўлиб кетишига сабаб бўлмоқда. Бу ўрмоннинг гўзаллигига доғ тушириш билан бирга ажралиб чиқадиган кислород миқдорининг кескин камайишига, 
тупроқ таркибининг бузилишига, фойдали ҳашорат ва микроорганизмларнинг йўқолиб 
кетишига олиб келади. 

Ҳозирда юртимизда ўрмон фонди ерларининг умумий майдони 11 153.3 минг гектар бўлиб, умумий ер майдонининг 25 фоизини ташкил қилади. Шу сабабли ўрмон ёнғинлари олдини олиш юзасидан барча чоралар кўрилиб, 717 нафар ўрмон қўриқчиси мунтазам ишламоқда. 

Кўп йиллик кузатишлар ва олинган маълумотлар таҳлилига қарайдиган бўлсак, энг кўп ёнғин содир бўлиши дарё бўйларидаги тўқайзорларда кузатилади. Бу ерларда эҳтиёт чоралари кўрилмаса, аҳолининг, жумладан дам олиш ва овга чиққан кишиларга нисбатан ҳушёрлик кучайтирилмаса, ўрмончиларимизнинг юз йиллаб қилган меҳнатлари маҳсули- Ватанимизнинг бебаҳо бойликлари макони ёниб кулга айланиши ҳеч гап эмас. 

Ушбу маскаларни ва ўрмонларни ёнғиндан асраш мақсадида кўпгина ўрмон хўжаликлари ва қўриқхоналаримизда кўнгилли ўт ўчириш дружиналари, навбатчилик гуруҳлари ташкил этилган. Улар ёнғинни ўчиришда керак бўладиган мосламалар, асбоб ва ускуналар билан таъминланиб, ўрмон ҳудудлари ёки уларга яқин жойларда сув ҳовузлари ташкил этилган. Хўжалик ва қўриқхоналар, миллий боғ ҳудудлари сув узатиш насослари, тракторлар ва автомашиналар билан таъминланган. Ўрмон хўжаликларининг мунтазам равишда аҳоли дам олишга чиқадиган майдонларида ва йўл четларида ёнғинни тезда бартараф этиш мақсадида пластмасса сув идишларида сув захиралари ва супургилардан ташкил топган ёнғин ўчириш бурчаклари ташкил этилган. 

Ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимлари билан хўжаликлар ўрмончилари-қўриқчиларининг ҳамкорлиги умумий мақсад йўлидаги вазифани адо этишда қўл келмоқда. Шунингдек, ўрмонлардаги дарахтларнинг касалликларга чалиниб, қуриб қолмаслиги ёки ўз- ўзидан ёниб кетмаслиги учун баҳор ва кеч куз ойларида улар буталади. Касалликка чалинганлари олиб ташланиб, ўрнига янгилари экиб, парваришланади. 

Ўрмонларимиз бойликлар макони. Шундай экан, уларни келажак авлодга етказиш муқаддас бурчимиз бўлиб қолсин. Сиз ҳам ўрмон ёнғинларини олдини олишда фаол иштирок этинг. 

Сайёра Шоева ЎзА
7 006