ЎзА Ўзбек

08.05.2018 07:50 Чоп этиш версияси

Ўрмончилик соҳасидаги қонунлар ишласа, яшил бойлигимизни асрай оламиз

Жиззахда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси томонидан қонун тарғиботи ва ижросига бағишланган сайёр йиғилиш ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 16 апрелда қабул қилинган янги таҳрирдаги «Ўрмон тўғрисида»ги қонуни тарғиботи ва ушбу қонуннинг Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси томонидан ижро этилишини назорат-таҳлил тартибида ўрганиш якунлари муҳокама қилинди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Экоҳаракат депутатлар гуруҳи аъзолари, ўрмончилар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари ўрмонларни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, такрорий кўпайтириш ва улардан фойдаланиш ҳамда ўрмонга оид муносабатларни тартибга солишда мазкур қонун ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар, ҳал этилиши керак бўлган муаммоларга эътибор қаратди.

– Мамлакатимизда ўрмончилик соҳасида қонунларнинг риоя қилиниши устидан назорат кучайтирилиши туфайли яшил бойлигимиз дахлсиз асраб келинмоқда, – дейди Фориш давлат ўрмон хўжалиги директори Ҳ.Норбеков. – “Ўрмон тўғрисида”ги янги таҳрирдаги қонунда соҳага оид ҳуқуқий муносабатлар такомиллаштирилгани табиатимизни асрашда муҳим аҳамият касб этади. Аммо шу ўринда қонуннинг самараси унинг фақат ушбу соҳа, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари томонидан ижро этилишидагина эмас, кўпчиликнинг хабардорлигига ҳам боғлиқ эканига алоҳида эътибор қаратиш керак. Шу мақсадда аҳоли ўртасида, айниқса, ўрмон ҳудудига яқин яшовчилар орасида ушбу қонун тарғиботини кучайтириш зарур.

Тошқул Бекназаров, ЎзА
5 109