ЎзА Ўзбек

14.01.2020 Чоп этиш версияси

Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раиси саксовулнинг фойдали жиҳатларини асослаб берди

Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раиси саксовулнинг фойдали жиҳатларини асослаб берди

8 ёшдаги саксовул 10-12 тонна зарарли қумни сақлайди. Зарарли қум асосан тузлардан иборат. Уруғи икки йилгача қумда ўзини сақлаб тура олади. Саксовул 4 йилдан 5 йилга қараган пайтида уруғ беришни бошлайди. Унинг 1 килоси 10 минг донагача уруғ бериши мумкин. Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раиси Низомиддин Бакиров Оролнинг қуриган тубида ҳосил бўлаётган “яшил қоплама”ларнинг аҳамияти ҳақида Халқаро пресс клуб бошловчилари саволларига жавоб берди.

“Ўтган йили Оролнинг қуриган майдонидаги 464 минг гектар майдонга чўл ўсимликларини экдик. Шундан 400 минг гектарга саксовул, 64 минг гектарга бошқа чўл ўсимликлари экилди. Бугун чўл ўсимликлари уруғларини йиғишга Мўйноқ аҳолиси фаол иштирок этмоқда. Уруғ йиғиш ишлари учун 5 млрд сўм ажратилди.

photo5255796835426085955.jpg

Саксовул жуда катта кислород манбаи ҳисобланади. Саксовул ўсган жойда гумус пайдо бўлишни бошлайди. Гумус пайдо бўлган ерда эса бошқа ўсимликлар ҳам ўсиб чиқади. Охирги икки йилда шу ҳудудда ёввойи ҳайвонлар ва қушлар кўпайишни бошлади. Чорвачилик ҳам ривожланмоқда. Ҳозир биз бу ерларга олимларни ҳам жалб қилмоқдамиз, улар саксовуллар орасига доривор ўсимликларни экиш, асалари уяларини кўпайтириш, чорвачиликни ривожлантириш бўйича тадқиқотлар олиб боряпти.

Биз бу ерда табиатнинг қайта тикланишига кўмак кўрсатяпмиз. Чўл ерлар неча йиллар бўйи чўллигича қолавериши мумкин эди. Биз чўл жойларда мелиоратив тадбирлар ўтказдик, яъни ариқлар қазидик. Техника ернинг тагига кирса, таркиби яхшиланади, орасига кислород киради ва тупроқ тирилишни бошлайди. Олимларнинг тавсиясидан фойдаланмоқдамиз. Испаниядан, Хитойдан олимлар келди. Уларнинг маслаҳатларини ҳам инобатга олганмиз.

photo5255909681396821412.jpg

Оролдан учган заҳарли тузлар гармсел шамоллари орқали юртимизнинг бошқа ҳудудларига ҳам тарқаб, қишлоқ хўжалиги ҳосилдорлигини 20-30 фоизга камайтириб юбормоқда. Экилаётган чўл ўсимликлари шундай салбий ҳолатларнинг олдини олади”, дейди Н.Бакиров.

Саксовул — барглар ва новдаларни бажонидил ейдиган туялар учун эм ўсимлик. Ушбу буталар ва дарахтларни кесиш учун уларнинг ёғочлари ёғочни қайта ишлаш саноатида қўлланилади. Шунингдек, саксовул ёқилганда кўп миқдорда иссиқлик энергияси чиқарилади, шунинг учун у кўпинча ёқилғи сифатида ҳам ишлатилади.

photo5255796835426085956.jpg

Саксовулнинг ҳаётий йили ҳақида гап кетса, совуқ об-ҳаво бошланганда барглари синиб, бута тўкилади. Эрта баҳорда дарахт куртак очиб гуллайди. Кузга келиб, уруғлари пишиб этилади.

Саксовул — ғайриоддий чўл ўсимлиги. Бу ўсимлик чўл иқлимига мослашгани учун ўзига хос биологик хусусиятларга эга. Саксовул шамол пайтида қумли тупроқ кўчишини тўхтатади, шамол эрозиясининг олдини олади. Бу чўлга табиий экотизимни сақлаб қолиш имконини беради.

1 252
Е.Қаноатов, ЎзА