Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

09.08.2017 15:01 Чоп этиш версияси

Рисолат ая шифокорлардан мамнун

Рисолат ая шифокорлардан мамнун Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси. Кенг ва ёруғ, замонавий технологиялар билан жиҳозланган хонада чақириқларни қабул қилувчи йигирма фельдшер аҳолидан келиб тушаётган мурожаатларга жавоб бериб, керакли маълумотларни тезда ёзиб олиш билан банд.

– Алло! Ассалому алайкум, тез тиббий ёрдам йигирманчи оператори эшитади, – дейди фельдшерлардан бири Умида Дониёрова.

Бу мурожаат пойтахтимизнинг Яккасарой туманидаги Бобур кўчаси, 46-уй, 43-хонадондан экан.

Беморнинг манзили, ёши ва нима безовта қилаётганлигини ҳушёрлик билан ёзиб олган У.Дониёрова оператив бўлим катта шифокорига вазиятни тушунтирди. Беморнинг аҳволи бироз жиддийлиги сабабли унга станциянинг 11-махсуслаштирилган бўлими навбатчи шифокори Икромжон Эргашев ва икки фельдшердан иборат тез ёрдам бригадаси юборилди.

Биз ҳам уларга ҳамроҳ бўлдик. Станциядан чиқишимиз билан соатга қарайман. Ўн бирдан йигирма дақиқа ўтибди. Йўл-йўлакай навбатчи шифокор билан суҳбатлашдик.

– Тез ёрдам бригадамизда беморларга сифатли, тез тиббий ёрдам кўрсатиш учун барча шароит етарли, – деб гап бошлади И.Эргашев. – Замонавий “Hyundai” автомобили энг сўнгги русумдаги тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган. Мобиль алоқа воситаси, рация, JPS, ЭКГ, ИВЛ, кислород, дефибриллятор, шина, бўйин фиксаторлари, тоза боғлов материаллари ва 41 турдаги дори воситаси билан таъминланган. Буларнинг барчаси ҳар қандай шошилинч вазиятда инсон ҳаёти ва саломатлигини асраб қолиш учун қулай имконият демакдир.

13 дақиқада манзилга етиб келдик.

Эллик етти ёшли Рисолат Ҳакимованинг боши айланиб, кўнгли беҳузур бўлаётган ва юрагидаги оғриқ сабабли аҳволи ёмонлашаётган экан.

Фельдшер Лилия Худойназарова беморга тинчланиб, чуқур-чуқур нафас олишини ва ҳаммаси жойида бўлишини айтди.

4 (1).JPG

Шифокор беморнинг қон босимини ўлчади. Юрагини ЭКГ қилди. Тезда зарур муолажалар бажарилди. Тез тиббий ёрдам ходимлари вазиятни чамаси ярим соатларча кузатиб туриб, қайта текширув ўтказди. Хавотир ортда қолиб, беморнинг аҳволи анча яхшиланди. Уй шароитида даволанишни маъқул кўргани учун Рисолат аяга оилавий поликлиника шифокорлари назоратида бўлиши кераклиги уқтирилди.

Барча муолажалардан сўнг ўзини яхши ҳис қилган Рисолат ая шифокорларга раҳмат айтиб, уларни дуо қилди.

– Ёшим ўтгани сайин қон босимим кўтарилиб, шифокорга кўп мурожаат қиламан, айниқса, тез тиббий ёрдам хизматидан кўп фойдаланаман. Барака топишсин, шунчалик эътибор, ширинсўз, дори-дармон билан менга ёрдам беряпти – дейди Рисолат Ҳакимова.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 16 мартдаги "Шошилинч тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони шошилинч ва тез тиббий ёрдам тизимини ва кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади. Мазкур фармонда тез тиббий ёрдам хизматларини малакали кадрлар, дори воситалари, тиббиёт ускунаси, ихтисослаштирилган автотранспорт ва алоқа воситалари билан таъминлаш сифатини юқори даражага кўтаришга қаратилган муҳим вазифалар белгиланган. Уларнинг ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Тошкент шаҳридаги тез тиббий ёрдам кўрсатувчи санитар автомашиналар 138 тадан 161 тага кўпайтирилди. Махсус тез тиббий ёрдам автотранспортлари ишини доимий назорат қилиш мақсадида ҳар бир автомашинага GPS мосламаси ўрнатилди. Бу аҳолидан тушаётган чақириқларга ўз вақтида етиб бориш, кечикиш ҳолатларини бартараф этиш ва автомашиналар ҳаракатини доимий назорат қилиб туриш имконини яратди.

– Тез тиббий ёрдам фаолиятида диспетчерлик хизматларини яхшилаш, унинг кечаю кундуз самарали ишлашини таъминлаш долзарб масаладир, – дейди Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси тезкор бўлими мудири Насиба Маҳмудова. – Ҳозирги кунда шаҳар аҳолисига тез тиббий ёрдам кўрсатиш учун 12 кичик станция мавжуд. Тез тиббий ёрдам станцияси ва барча кичик станциялар капитал таъмирланган. Аҳолидан тушаётган чақириқларни ўз вақтида сифатли амалга ошириш, чақириқларга кечикиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида тез тиббий ёрдам хизмати бригадаларида амбулатор-поликлиникалар билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Станциямиз томонидан пойтахтимиздаги 62 оилавий поликлиникага тез тиббий ёрдам бригадалари ва автомашиналари бириктирилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг буйруғига асосан тез тиббий ёрдам хизматининг кўчма бригадаси учун мўлжалланган дори воситалари рўйхати ишлаб чиқилди. Унга кўра тез тиббий ёрдам тармоқ бригадалари 36 хил, реанимацион бригадалар 41 турдаги дори-дармон воситаси, тиббиёт буюмлари ва сарфлаш материаллари билан босқичма-босқич таъминланмоқда.

Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси марказий нозимхонасида аҳолидан тушаётган чақириқлар компьютерда ёзиб борилади ва таҳлил қилинади. Жорий йилнинг ўтган даврида Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станциясига бир ярим миллионга яқин чақириқ тушган. Ҳар бир чақириқ эътибордан четда қолдирилмай зарур бўлган шошилинч ёрдам кўрсатилган.

Инсон бемор бўлса, тез тиббий ёрдам ходимларидан, жонига оро кирадиган шифокордан нажот, ёрдам кутади. Тез тиббий ёрдам станциясининг ҳар бир ходими буни чуқур англаган ҳолда, ўз ишига масъулият билан ёндашаётгани нафақат аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга, балки фуқароларимизнинг соҳа вакиллари хизматидан рози бўлишига, ҳар бир инсоннинг соғ-саломатлиги давлатимиз эътиборида эканлигини ҳис этиб яшашига замин яратаётир.

Гўзал Сатторова, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА
1 905






Все о погоде - Pogoda.uz