ЎзА Ўзбек

29.07.2019 Чоп этиш версияси

Риштонда уйи бузилишга тушган ҳар бир оилага кўмак берилмоқда

Риштонда уйи бузилишга тушган ҳар бир оилага кўмак берилмоқда

Бугун Ўзбекистонда урбанизация жараёнлари бошланди. Обод юрт ва фаровон турмуш учун шаҳар ва туманлар, қишлоқлар ва маҳаллаларни ободонлаштириш, инфраструктурасини яхшилаш йўлида давлат ва маҳаллий бюджетларнинг катта қисми ижтимоий соҳага ажратилаётганлигининг боиси ҳам шунда. 

Шундай жараён кечаётган Риштон шаҳрида олиб борилаётган ободонлаштириш ишлари билан жойида танишишга ҳаракат қилдик.

Суҳбатдошимиз вилоят нуронийлар жамғармаси раиси Топволди ҳожи Холдоров.

– Ҳар биримиз дарвозамиздан қадам босиб йўлга чиқамиз. Агар йўлимиз равон, текис, кенг, хавфсиз бўлса, биз ҳаётда бемалол қадам ташлаб юрамиз, яшай оламиз. Йўлимиз эгри-бугри бўлса, ҳозирги кун талабига жавоб бермаса, унда кайфиятимиз ҳар куни бузилади.

photo5327925747395963579.jpg

Йўлни кенгайтириш, яшаётган хонадонларни янгилаб яшаш, фарзандларга яхши бир удум қолдириш – бизнинг вазифамиз.

Риштон мисолида олиб қарайдиган бўлсак, туман ҳудудидан ўтувчи қарийб 40 километр халқаро аҳамиятга эга йўлни жаҳон андозалари талаблари асосида мукаммал даражада таъмирлаш биринчи галдаги устувор вазифалар сирасига киритилган.

Ҳозирги кунда туманнинг шоҳ кўчалари асосини 25 метрга кенгайтириш орқали бир томонлама ҳаракатланиш йўналишида 3 тасмали ҳаракат йўлагини ташкил этиш, йўл атрофида замонавий инфратузилма хизматлари, коммуникация тармоқларини жойлаштириш, ландшафт архитектураси асосида ободонлаштириш ишлари жадаллик билан олиб бориляпти.

photo5327925747395963580.jpg

Йўл бўйида икки қаватли аҳоли турар жойлари, уйларнинг биринчи қаватида тадбиркорлик, савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуалари қад ростлайди. Бу борада яшаш хонадонлари йўл кенгайиши, қизил чизиқ устида жойлашганлиги, туманнинг бош режасига кўра бир неча йил олдин бузилиш рўйхати (снос)га тушганлиги сабабли ҳозирда тумандаги 405 та оилага дастлабки ҳисоб-китоблар бўйича 25 миллиард сўм товон пули (компенсация) ажратиш кўзда тутилган бўлиб, мазкур жараён аниқ режа асосида давом эттирилмоқда.

Йўлларни кенгайтириш чизиғига тушган уйлар қисмини бузишдан аввал ҳар бир хонадонга 10 миллион сўмдан пул тарқатилди, айримларига кўпроқдан ҳам берилди.

Кўча деворлари хонадонларига зарур қурилиш материалларини арзон нархларда етказиб бериш ташкил этилди. Ҳашар йўли билан оиласида имконияти йўқларга уйларини қуриб бериш чоралари кўриляпти.

photo5327925747395963581.jpg

Ҳақиқатан ҳам Топволди ҳожи отанинг гаплари исботини 27-28 июль кунги ҳашарда кўрдик.

Таъкидлаш жоизки, айни кунларда бевосита вилоят ҳокимлиги кўмаги билан тумандаги уйи бузилишга тушган ҳар бир оилага 5 минг донадан пишиқ ғишт, 2 тоннадан цемент тарқатиляпти. Бу жараёнга вилоят миқёсида 1000 та техника воситалари жалб этилган бўлиб, юк машинаси сиғимига қараб 1,5-5 минг донагача пишиқ ғишт аниқ рўйхат асосида аҳоли хонадонларига етказиб бериляпти.

Шунга қараб товон пули ҳажми 10 миллион сўмдан 300 миллион сўмгача бериляпти. Баъзи оилаларга ўз хоҳишига қараб, товон пули ўрнига уй-жой қуриш учун қўшимча ер майдони ажратиляпти. Бугунгача Марказ МФЙдан 70 та, Учариқ МФЙдан 100 та оилага ўзларининг хоҳиши бўйича товон пули ўрнига қўшимча ер майдони ажратиб берилди.

photo5327925747395963582.jpg

Яқин истиқболда деҳқон бозори ўрнида 9 та кўп қаватли уй ҳамда бир гектарда аҳолининг мароқли ҳордиқ чиқариши учун истироҳат боғи барпо этилиши кўзда тутилмоқда.

Вилоятнинг 11 та шаҳар-туманидан Риштонга ҳашарчилар жалб қилинган бўлиб, ҳар бир туман ҳокими штаб тузиб ўзи бошчилик қилиб, бу ердаги ҳашарчиларга шароит яратиш, аҳолига қурилишда ёрдам бериш ишларига бош-қош бўлмоқдалар.

Фарғона шаҳарликлар 3 та объектдаги қурилиш ва ободонлаштириш ишларига яқиндан ёрдамлашиш мақсадида 4 та сектор раҳбарлари ташаббуси билан 4550 нафар ҳашарчи, 5 та автомашина, 3 та экскаватор, 1 та грейдер ва 2 та трактор техникалари билан ҳашарда қатнашишди.

Ушбу объектлардаги қурилиш ва ободонлаштириш ишларида Азот” АЖдан 1500 нафар, “Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи” МЧЖдан 2500 нафар,“Фарғона Иссиқлик энерго маркази”дан келган 550 нафар ҳашарчи қатнашди.

Туман марказидаги “Қизил кўприк” атрофидаги ҳудудда Ёзёвон туманидан келган 587 нафар ҳашарчилар риштонликларга нафақат ширин сўзи, қўл меҳнати, балки қурилиш материаллари билан ҳам амалий ёрдам беришди. Жумладан, ҳомийлик тариқасида 50 мингта ғишт, 10 тонна цемент, 300 та шифер олиб келинди. 15 га яқин турли қудратли техникалар барча ишларга жалб қилинди.

Ўтган ҳафтада туман маданият уйи бадиий жамоаси келиб, тумандош ҳашарчиларга тушлик пайтида катта дастурда концерт намойиш этиб, уларнинг кўнглини кўтарди.

– Ҳашарчиларнинг Ёзёвондан Риштонга махсус ажратилган автотранспортларда бехавотир олиб келиб, олиб кетилиши туман ички ишлар бўлими раҳбарияти томонидан алоҳида назорат олинган, – деди туман ички ишлар бўлими бошлиғи Ҳожиакбар Тошпўлатов.

– Риштондаги ҳашарда корхонамиздан кунига 30 нафар ишчи-хизматчилар қатнашяпти, – деди Қўштепа тумани туман электр тармоқлари корхонаси бош муҳандиси Бахтиёр Эркабоев. – Ишчи-мутахассисларимиз томонидан туман ҳудудида 4 км. бетон столбаларда демонтаж ишларини олиб бориш билан бирга ободонлаштириш, қурилиш ишларида бевосита иштирок этяпмиз. Бизга бириктирилган 3 та хонадонда қурилиш ишларини олиб бориш учун келтирилган 2 машина ғиштни ташиб, жойлаштирдик. 2 та эски бинони бузиб, жойини текисладик, шағал ташидик.

– Ҳовлимизда қўштепалик электрчилар қурилишимизда ғайрат ва фидойилик билан ишлашди, барака топишсин, – деди Амир Темур кўчаси, 7-уйда яшовчи нафақахўр Зокиржон Усмонов.

– Риштон туманида олиб борилаётган оммавий ҳашарда Фарғона тумани маҳаллалари, ташкилотларидан 630 нафар фуқаро қатнашяпти, – деди туман ҳокими Илҳомжон Носиров. – Бундан ташқари, туман “Ободонлаштириш” бошқармасидан 100 нафар ходим ишлаяпти. Шунингдек, коммунал хўжалиги, электр тармоқлари корхонаси, газлаштириш идораси, йўл қурилиши ва “Тоза ҳудуд”нинг аксар техникалари ҳашарга жалб қилинди.

Ҳашарчилардан 50 нафари асосан ғишт терувчилардан иборат ва улар бригада усулида иш ташкил қилишган. Шуларнинг ҳисобига бизга бириктирилган ҳудудда қурилиш ишлари бошлаб юборилди.

Ҳомийлар томонидан 50 мингта пишган ғишт келтирилиб, қурилиши бошланаётган хонадонларга тарқатилди. Шағаллар тўкилиб, сув таъминоти яратилди. Бундан ташқари, ахлат ва турли чиқиндиларни шаҳар ташқарисига ташиб чиқариш учун юк техникалари, экскаваторлар, “Тоза ҳудуд”нинг барча техникаларидан унумли фойдаланилди.

Туман ҳашарчилари ташаббуси билан 2 км. ҳудудда ободонлаштириш, қурилиш ишлари, 90 та хўжалик, 3 та ижтимоий объектдаги ишларга кўмаклашиш ва буни сифатли амалга ошириш режалаштириб олинди.

800 НАФАРГА ЯҚИН ҲАШАРЧИЛАР ИШТИРОК ЭТИШДИ 

Риштондаги умумхалқ ҳашарида Бағдод туманидан 800 нафарга яқин ҳашарчилар иштирок этишди. Биргина 27 июль кунининг ўзида 52 минг дона пишган ғишт ва 5 тонна цемент янги қурилиш объектларига етказиб берилди.Бунинг учун 11 та техника воситаларидан самарали фойдаланилди.

Бағдодликлар тумандаги 45 та хонадонни оталиққа олишди. Ҳозирги кунда ушбу хонадонларнинг 11 тасида фундамент қуйиш ишлари амалга оширилди. 5 тасида дастлабки ғиштлар уриляпти. Айни кунларда ҳашарда 7 та юк ташувчи, 2 та юкловчи, 1 та автогрейдер ва 4 та бошқа техникалар кучидан оқилона ва самарали фойдаланилмоқда.

Риштон туман штабининг юқоридаги ишлар бўйича маълумотига кўра шу куннинг ўзида 13562 нафар ҳашарчи вилоятнинг барча шаҳар-туманларидан келиб Риштонда қурилиш ишларида иштирок этган. шунингдек, хонадонларга 385 минг дона пишган ғишт, 124 тонна цемент, 92 та техникада 1840 тонна шағал, 42 та техникада 840 тонна қум, 700 дона шифер етказиб берилган.

Бундан ташқари Риштон тумани ҳокимлиги захирасида 52500 дона пишган ғишт, 21,4 тонна цемент, 500 дона шифер, 2020 метр полиэтилен қувур мавжуд. Вилоят прокуратураси ҳам Риштон туманида ташкил этган захирада 165 минг дона пишган ғишт, 65 тонна цемент, 200 дона шифер, 16 тонна оҳак, 10 тонна гипс мавжуд. Риштондаги улкан қурилиш майдони, меҳнат фронтига ҳар куни вилоятдан қурилиш материаллари карвони келтирилмоқда.

Яқиндагина норози бўлиб ижтимоий тармоқларга чиққан Мадина Бозорова бугун хушчақчақ кулиб юрибди.

– Озгина тушунмовчилик бўлибди-да, аччиқ устида гапирдим, – дейди у. – Мана, ғишт, цемент ва бошқа қурилиш материалларини беришди. Ҳашарчилар уйимизни икки қаватли қилиб қуриб беришяпти. Аввало Риштон халқи учун ривожланишни, яхши кунларни истаган Президентимизга раҳмат.

Вилоят ҳокими Ш.Ғаниев, вилоят прокурори С.Турдиев, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Р.Маматов бу ишларнинг тепасида туриб, ҳар бир қурилиш объектида бўлиб, аҳоли билан мулоқотда бўлмоқдалар.

Гулбаҳор Саидғаниева,
Аҳмадали Тешабоев,
Зайлобиддин Йигиталиев

7 006
ЎзА