ЎзА Ўзбек

05.08.2020 Чоп этиш версияси

Риштон туманида ўзбек-тожик «Дўстлик уйи»иш бошлади

Риштон туманида ўзбек-тожик «Дўстлик уйи»иш бошлади

Ҳозирги кунда мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари якдил, аҳил бўлиб яшаётгани, ҳар бир инсоннинг ҳаётий манфаатлари ҳамда эзгу мақсадлари рўёби учун тенг ва кенг имкониятлар яратиб берилгани алоҳида эътирофга лойиқ.

Фарғона вилоятдаги 8 та миллий маданий марказлари самарали фаолият кўрсатаётган бўлиб, улар ўз она тили, маданияти, санъати, ҳунармандчилиги ва миллий қадриятларини ривожлантиришида муҳим ўрин тутмоқда.

Ўзбек ва тожик халқлари азалдан тинч-тотувликда умргузаронлик қилаётган бўлиб, оға-ини, қавм-қариндош. Орзу ва умидлари ҳамоҳанг. Улуғ сўз санъаткорлари – Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликнинг ўзи ҳам буни яққол кўрсатиб турибди. Бугунги кунда бир мамлакат, бир маконда яшаётган ўзбек ва тожиклар панжа бармоқларидек бири бирига қувват беради.

Риштон туманида ҳам тожик миллатига мансуб аҳоли истиқомат қилади. Туман марказида қуриб битказилган ўзбек-тожик «Дўстлик уйи» ҳамжиҳатликнинг ёрқин ифодаси бўлди. Бу ерда ўзбек ва тожик халқларининг боқий қадриятлари акс этган. Шарқона услубдаги ёғоч ўймакорлигининг гўзал намуналари бўлган устун ва шифтлар, нафис чизгилар ила жило берилган ганч деворлар, осмоний рангларни ифодаловчи сопол кошинлар барчани ҳайратга солади.

Вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев мазкур янги қурилган маскан билан танишди. «Дўстлик уйи»нинг фаолиятини самарали йўлга қўйиш борасида ўз таклифларини билдирди.

– Бу ер мушоиралар, учрашувлар, маърифий суҳбатлар ўтказиладиган маънавият марказига айланиши лозим, – деди Шуҳрат Ғаниев. – Мана қаранг, катта зал шифтида тўрт фасл ўймакорлик санъати ёғоч ва рангларда ифодаланган. Демак, ўзбек-тожик миллатига мансуб фуқароларимизнинг ҳаёти, фаолияти ҳам шу тўрт фасл чархпалаги каби боқийдир.

photo_2020-08-05_17-24-17.jpg

photo_2020-08-05_17-24-19.jpg

photo_2020-08-05_17-24-20.jpg

2 849
М.СУЛАЙМОНОВ, М.ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА