ЎзА Ўзбек

07.01.2020 Чоп этиш версияси

Режалар таълим сифатини оширишни кўзлайди

Режалар таълим сифатини оширишни кўзлайди

Давлатимиз раҳбари томонидан таълим сифати ва самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири Шерзод ШЕРМАТОВ тизимга оид янгиликлар хусусида ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди:

– Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг халқимизга янги йил табригида 2020 йилда ҳам фарзандларимизга муносиб таълим ва тарбия бериш, уларнинг қобилият ва истеъдодини рўёбга чиқаришга барча куч ва имкониятларимизни сафарбар этишга алоҳида эътибор қаратилган.

Дарҳақиқат, тизимдаги ислоҳотлар жорий йилда ҳам изчил давом эттирилади. Халқ таълими вазирлиги томонидан ўқув ишлари сифатини ошириш мақсадида бир қатор амалий чора-тадбирлар режалаштирилган. Жумладан, 2020 йилда умумий ўрта таълим мактаблари 1-синфларига 640 минг нафарга яқин болани қабул қилиш учун тегишли чоралар кўрилади. 2020-2021 ўқув йилига қадар умумий ўрта таълим мактабларига замонавий дизайн ва ўқитувчилар учун қулайликларга эга бўлган 239 594 та синф журнали ва бошқа мактаб ҳужжатлари етказиш белгиланган.

2019-2020 ўқув йили якунида умумий ўрта таълим мактабларининг 488 минг 879 нафар 9-синф битирувчисига умумий ўрта таълим тўғрисидаги шаҳодатнома ва 451 минг 690 нафар 11-синф битирувчисига умумий ўрта таълим тўғрисидаги аттестат ҳамда иқтидорли битирувчиларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларни рағбатлантириш мақсадида олтин ва кумуш медаллар берилади.

Халқ таълими соҳаси менежери – бошқарувчи кўникмаларини шакллантириш таянч курсларида уч минг нафар умумтаълим муассасалари директори ўқитилади. 2020 йил Инвестиция дастури доирасида 352 та объектда 1,58 триллион сўм маблағлар ҳисобидан амалга ошириладиган ишлар натижасида 177 минг 874 нафар ўқувчи ўринли мактабларнинг моддий-техник базасини яхшилаш режалаштирилган.

Педагогик амалиёти ва маҳорати етарли бўлган, мактаб ҳаёти билан таниш, болалар психологиясини ўзлаштирган, рақобатбардош, ишга кирган куниданоқ дарс беришга қодир бўлган педагог кадрларни тайёрлаш долзарбдир. Шу мақсадда Халқ таълими вазирлиги ҳузурида халқаро талабларга жавоб берадиган Халқаро педагогика университетини ташкил этиш устида иш олиб борилади. Бу борада Буюк Британия, АҚШ ва Жанубий Кореядаги нуфузли университетларнинг аккредитациясини олиш учун улар билан ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда.

Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳудудий марказлари ва Абдулла Авлоний номидаги Халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти фаолияти танқидий ўрганилиб, янгидан ташкил этиш чораларини ишлаб чиқиш кўзда тутилмоқда. Соҳада раҳбар кадрлар ва мутахассисларни ишга олиш тартибини тўлиқ қайта кўриб чиқиш ва уларнинг фаолияти самарадорлигини баҳолаш кўрсаткичларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилади.

Халқ таълими муассасаларида миллий таълим сифатини баҳолаш тизимини жорий этиш мақсадида Умумий ўрта таълим муассасаларининг сифатини баҳолаш маркази ташкил этилиши режалаштирилган. Педагогларнинг касбий компетенциялари даражасини аниқловчи миллий стандарт ва ягона баҳолаш тизимини ишлаб чиқиш бўйича мутахассислар иш олиб боради.

2020 йилда умумий ўрта таълим муассасаларининг раҳбар ходимлари ва ўқитувчиларини тестдан ўтказиш ва касбий лицензияни бериш тартибини жорий этиш бўйича ишлар давом эттирилади. Умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари учун ҳар чоракда онлайн олимпиадалар ташкил қилиш, иқтидорли ўқувчиларга электрон тарзда ҳар ойда чуқурлаштирилган тест, ёзма ишлар учун масалалар етказиб бериш, олимпиадалар ва иштирокчилар бўйича маълумотларни электрон тарзда юритишни кўзда тутувчи ахборот тизими olympiad.uzedu.uz ишга туширилади. Ушбу тизим орқали иқтидорли ўқувчиларга 5 та фан бўйича (математика, химия, биология, физика ва информатика) ўтказиладиган онлайн олимпиадада иштирок этиб, ўз кучларини синаб кўриш имконияти яратилади.

Ўқувчиларнинг қизиқишларини инобатга олган ҳолда уларни кейинги таълим босқичига самарали тайёрлаш мақсадида вариатив ўқув режалар ишлаб чиқиш режалаштирилган. АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) гранти ҳисобига бошланғич синф ўқувчиларининг ўқиш саводхонлиги (EGRA) ва математик саводхонлигини (EGMA) баҳолаш амалга оширилади.

Барча инглиз тили ўқитувчиларининг тил билиш даражаси баҳоланади ва уларнинг малакасини ошириш бўйича чоралар кўрилади (English Speaking Naiton лойиҳаси); ахборот технологияларини ўқитиш бўйича дастурлар ҳамда ўқув қўлланмалари такомиллаштирилади (IT Nation лойиҳаси). Айни пайтда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоят марказларидаги умумтаълим муассасаларида “Электрон кундалик” ахборот тизими жорий этилади ва босқичма-босқич қоғоз кўринишидаги синф журналлари ҳамда кундаликлардан воз кечиш бўйича норматив-ҳуқуқий база яратилади. Бу лойиҳани давлат-хусусий шериклик асосида амалга ошириш режлаштирилган.

gis.uzedu.uz портали орқали барча мактаблар ҳақида тўлиқ маълумот олиш (мактабнинг картада қаерда жойлашганлиги, ўқувчилари сони, сиғими ва ҳ.к.) йўлга қўйилади ва маҳаллий ҳокимликларга ҳамда ота-оналарга қўшимча қулайлик яратилади.

ish.uzedu.uz портали воситасида барча мактаблардаги очиқ иш ўринларини эълон қилиш ҳамда ушбу лавозимларга электрон ариза топшириш йўлга қўйилади.

Khan Academy O‘zbek лойиҳаси орқали эса математика ва дастурлаш бўйича онлайн дарсларнинг ўзбек тилига таржимаси амалга оширилади ҳамда мактабларда қўшимча ўрганиш жорий этилади. Online-maktab.uz лойиҳаси ёрдамида энг яхши ўқитувчиларнинг дарслари, дарс ишланмалари оммалаштирилади ҳамда "Йилнинг энг яхши ўқитувчиси" танловларини ўтказиш учун ҳам қўшимча имконият яратилади.

"Kitob.uz" лойиҳаси ёшларни мутолаага кенгроқ жалб этиш учун имконият яратиб, ундаги электрон ва аудиокитоблар сони ҳам кескин ошади. Мактабларни бошқаришни осонлаштириш ҳамда мактаб ўқитувчиларининг ишдан ажралмаган ҳолда малакасини ошириш учун Жаҳон банки гранти ҳисобига барча туманлар тўлиқ видеоконференция тизимига уланиб, тизимли равишда тренинглар ташкил этилади.

stat.uzedu.uz портали орқали Инвестиция, "Обод қишлоқ", "Обод маҳалла" ва бошқа дастурлар бўйича тўлиқ ва ишончли маълумотларни олиш учун ҳар бир вилоят ва туман бўлимлари ахборот технологиялари соҳасида малакали мутахассислар билан таъминланади. “EduMarket” интерактив виртуал таълим платформаси ишга тушади ва болалар учун қулай, қизиқарли интерактив усулда билим олиш ва ўрганиш жараёни қўланилади. bam.uzedu.uz тизими барча “Баркамол авлод” болалар мактаблари назорати олиб борилади, уларга ўқувчиларининг қамрови оширилади.

Жорий йилда Осий тараққиёт банки билан Сергели туманида тажриба-синов тариқасида мактабларни қуриш, таъмирлаш, жиҳозлаш ҳамда эксплуатация қилишни давлат-хусусий шериклик кўринишида амалга ошириш бўйича лойиҳа ҳужжатлари келишуви режалаштирилмоқда. Барча мактабларда ахборот технологияларини ҳамда “STEAM – таълим” дастурини жорий этиш мақсадида ишлаб чиқилаётган лойиҳанинг дастабки техник иқтисодий асослари тайёрланиб, хорижий молия институтлари маблағларини жалб этиш чоралари кўзда тутиляпти.

Умумтаълим мактабларига педагогика йўналишидаги олий таълим муассасаларининг битирувчиларини ишга қабул қилиш орқали умумий ўрта таълим мактабларидаги олий маълумотли ўқитувчилар сони 90 фоиздан оширилади. Ўқитувчиларни замонавий малака талаблари асосида синов (тест)дан ўтказиш ва касбий лицензия бериш тартиби бўйича идоравий ҳужжат ишлаб чиқилади.

200 та умумий ўрта таълим мактабида «Баркамол авлод» болалар мактабларининг тармоқ тўгаракларини ташкил этиш бўйича чоралар кўрилади. 10 номдаги янги робототехника, мехатроника ва инженерлик тўгараклари ташкил этиш ҳам режалаштирилган. Хусусий сектордаги мавжуд тайёрлов курслари учун мутлақо янги эко-мухитни яратиш мақсадида Edu Park лойиҳасини ишлаб чиқиш ва амалга оширишни кўзда тутганмиз.

Буларнинг барчаси ёш авлодга пухта билим бериш, ўқув ва тарбиявий ишлар сифатини давр талабига ҳамоҳанг йўлга қўйиш имконини бериши, шубҳасиз.

11 283
Н.УСМОНОВА ёзиб олди.