ЎзА Ўзбек

11.08.2019 Чоп этиш версияси

Республикамиздаги 1 минг 985 та масжидда Қурбон ҳайити намози ўқилди

Республикамиздаги 1 минг 985 та масжидда Қурбон ҳайити намози ўқилди
Миллий матбуот марказида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита мамлакатимизда кенг нишонланаётган Қурбон ҳайитига бағишланган брифинг ўтказди. 

Халқимизнинг маънавий ҳаётида алоҳида ўрин тутадиган, муқаддас ислом динининг эзгу ғояларини яққол ифода этадиган қадимий байрамимиз Қурбон ҳайитини муносиб нишонлаш, жамиятимизда инсонпарварлик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, саховат ва шукроналик туйғуларини кучайтириш, ёшларда юксак фазилатларни камол топтириш мақсадида Президентимизнинг “Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида“ги қарори қабул қилинди. 

Қарорга мувофиқ бугун Қурбон ҳайити мамлакатимизда байрам сифатида кенг нишонланмоқда.

Республикамизнинг барча туман, маҳалла, чекка қишлоқ ва овулларида, маданият ва истироҳат боғларида барча шароитлар яратилиб, маҳалла гузарларида савдо хизмати шохобчалари фаолият кўрсатмоқда.

Брифингда таъкидланишича, жорий йил 9-10 август кунлари ташкил этилган ҳашарларда республикамизнинг барча ҳудудларидаги 441 қадамжо ва зиёратгоҳ, 836 ёдгорлик ва обида ҳамда 8 минг 659 қабристонда ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.
Жойларда 73 минг 87 нафар ногиронлар, боқувчисини йўқотган фуқаролар ҳамда кам таъминланган оилаларга 6 миллиард 674 миллион сўмлик, 88 та “Меҳрибонлик”, “Мурувват” ва “Саховат” уйларига эса 676 миллион 700 минг сўмлик, 9 минг 570 нафар иккинчи жаҳон уруш қатнашчилари, меҳнат фахрийлари, нуроний кексаларга 1 миллиард 917 миллион сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди ва бу каби ишлар давом этмоқда. 

Республикадаги барча бозорларда тўкин-сочинлик, озодалик, тартиб-интизом таъминланиб, айрим маҳсулотларнинг нархлари 10-15 фоизга пасайтирилиши кузатилди ва бу ҳолат фуқароларимизнинг кайфиятини кўтариб уларга байрамона қувонч бахш этди.
Бугун белгиланган вақтларда республикада фаолият кўрсатаётган 2 минг 63 та масжиддан 1 минг 985 тасида ҳайит намози ўқилди. 

Намозларда мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик, мустақиллик туфайли исломий қадриятларнинг тикланиши ва ривожланиши, диний эътиқод эркинлиги ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва эзгулик ишларига Муҳтарам Юртбошимиз томонидан берилаётган юксак эътиборга шукроналик билдирдилар ва дуолар қилдилар.
Брифингда қайд этилганидек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фондига бугун Ҳайит байрами куни дастлабки маълумотларга кўра, 5 миллиард 166 миллион сўмдан зиёд маблағ келиб тушди. Мазкур маблағларнинг тасарруфи шаффофлик асосида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Бу йил “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан Қурбон ҳайити муносабати билан янгилик акцияси амалга оширилмоқда. Бугун соат 11:00 гача Фонд томонидан 15 тонна 410 килограмм яъни, 739 миллион 680 минг сўмлик гўшт маҳсулоти тарқатилди.

12 486
Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА