ЎзА Ўзбек

05.07.2018 19:09 Чоп этиш версияси

Республика ёш ижодкорларнинг анъанавий Зомин семинари бошланди

Жиззах вилояти Зомин туманидаги сўлим Ўриклисой оромгоҳида мамлакатимиз ёш ижодкорларининг анъанавий семинари бошланди.

Ёш ижодкорларнинг бу йилги семинари Президентимиз томонидан адабиёт ва ижод аҳлига, ёш истеъдодларга кўрсатилаётган ғамхўрлик, китоб ва китобхонликка эътибор, атоқли адибларимизнинг номи ва ҳурматини ўрнига қўйиш бўйича кўрсатаётган ташаббусларининг, қабул қилган қарорларнинг ижроси сифатида катта тайёргарлик билан бошланди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан жорий йилнинг апрель, май, июнь ойларида Самарқанд, Бухоро, Наманган, Сирдарё вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси ёш ижодкорлар семинарининг ҳудудий босқичлари бўлиб ўтди. Ушбу семинарларда ўз ижод намуналари билан иштирок этган 150 нафардан ортиқ ёш қаламкашнинг 80 нафар энг истеъдодлиси Зомин семинарига етиб келди.

Ватанимизнинг энг сўлим, илҳомбахш гўшаси бўлган Ўриклисойда ёш ижодкорлар ва улар билан юзма юз учрашиб, сабоқ беришга келган устоз ижодкорларни вилоят ва Зомин туман жамоатчилиги, адабиёт ихлосмандлари катта мамнуният ҳамда самимий меҳмондўстлик билан кутиб олди.

Ўриклисой дам олиш манзилида анжуманнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда давлатимиз раҳбарининг ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, уларнинг иқтидор ва қобилиятларини ривожлантиришга катта эътибор берилаётгани, жумладан, бундан йигирма бир йил муқаддам ёш ижодкорларнинг Зомин семинарини ўтказишга ўша пайтда Жиззах вилоятининг ҳокими бўлган Шавкат Мирзиёевнинг ўзи бош-қош бўлганлиги алоҳида таъкидланди. Орада бироз муддат тўхтаб қолган ёш ижодкорлар ўқув-семинарини қайта ташкил этиш вазифасини белгилаб бергани тарихий аҳамиятга эга бўлди. Гўзал ва сўлим Ўриклисойда янгича руҳда ўтказилаётган бу галги семинарда ҳам яна янги истеъдод эгалари кашф этилишига ишонч билдирилди.

Уч кун давом этадиган семинар доирасида республикамизнинг таниқли ижодкорлари иштирокида давра суҳбатлари, мушоиралар, адабий жанрлар бўйича шўъбаларда машғулотлар, маҳорат дарслари, табиат қўйнига саёҳатлар ва бошқа тадбирлар ўтказилади.

Т. Бекназаров, ЎзА
8 084