Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг АХБОРОТИ
Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг
АХБОРОТИ
Жорий йилнинг 29 апрель ва 5 май кунлари ўтказилган видеоселектор йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан коронавирус билан боғлиқ вазият ижобий томонга ўзгариб бориши билан карантин талабларини босқичма-босқич юмшатиш зарурлиги таъкидланди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 6 майдаги йиғилиши баёнига мувофиқ коронавирус тарқалиши ҳолатининг ҳудудлар кесимидаги таҳлилидан келиб чиқиб, карантин чекловлари жорий йил 8 майидан бошлаб қуйидаги учта тоифага кирувчи ҳудудларга ажратилиб, босқичма босқич бекор қилиб борилади.
Биринчи – “қизил” тоифадаги ҳудуд – охирги 14 кун ичида коронавирус инфекциясига чалинган шахслар аниқланган ҳудудлар (Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Наманган, Фарғона, Самарқанд, Тошкент, Бухоро ва Сирдарё вилоятлари). Бунда “қизил” ҳудудда мавжуд карантин чекловлари сақлаб қолинади ҳамда вазиятга қараб қайта кўриб чиқилади.
“Қизил” ҳудудларда қуйидаги фаолият турларига рухсат берилади:
- озиқ-овқат савдо дўконлари, ноозиқ-овқат маҳсулотлари улгуржи савдо дўконлари, қурилиш материаллари бозорлари, тикувчилик ва бичувчилик цехлари, тижорат банкларининг объектлардаги шаҳобчалари (кассалари), кимёвий тозалаш, нотариал идоралар, адвокатура ва суғурта ташкилотлари, пойабзал таъмирлаш устахоналари, чорвачилик, терини қайта ишлаш корхоналари, тезкор овқат тайёрлаш нуқталари (етказиб бериш ва олиб кетиш учун), тиббиёт муассасалари фаолияти;
- қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини йиғиш, жойларга етказиш ва сотиш, уруғ ва кўчат етиштириш ҳамда уларни сотиш, автомобилларга эҳтиёт қисмлар сотиш, ҳунарманд ва усталар, улар томонидан ясалган буюмларни бозор расталаридан ташқари алоҳида жойлашган жойда (дўкон) сотиш;
- объектларда қурилиш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларини амалга ошириш, якка тартибдаги қурилиш ва таъмирлаш ишлари, етказиб бериш хизмати;
- кўп қаватли уйларнинг бевосита олдида ва ички ҳовли ҳудудларида ижтимоий масофани сақлаган ва ниқоб таққан ҳолда сайр қилиш.
Иккинчи – “сариқ” тоифадаги ҳудуд – охирги 14 кун давомида коронавирус инфекциясига чалинган шахслар аниқланмаган, бироқ ушбу касалликка чалинган ва даволанаётган шахслар мавжуд бўлган ҳудудлар (Сурхондарё, Хоразм вилоятлари, Тошкент шаҳри). “Сариқ” ҳудудларда айрим чекловлар сақлаб қолинади.
“Сариқ” ҳудудларда, “қизил” ҳудудларга қўшимча равишда яна қуйидаги фаолият турларига рухсат берилади:
- ноозиқ-овқат маҳсулотлари чакана савдо дўконлари, заргарлик ва гул сотиш дўконлари, сартарошхона ва гўзаллик салонлари (махсус талаблар асосида) ҳамда меҳмонхоналар (хостеллар ва меҳмон уйлари бундан мустасно) фаолияти;
- автомашиналар ювиш шаҳобчалари фаолияти, автомобиллар, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш техникаларига техник хизмат (сервис) кўрсатувчи ташкилотлар фаолияти;
- ҳунармандчилик, маиший жиҳозлар ва электрон қурилмаларни таъмирлаш устахоналари фаолияти;
- йўналишсиз таксида махсус талаблар асосида йўловчи ташиш, велосипед ва скутерда ҳаракатланиш.
Учинчи – “яшил” тоифадаги ҳудуд – коронавирус инфекциясига чалинган шахслар аниқланмаган (ёки аниқланган шахслар тўлиқ соғайган) ҳудудлар (Навоий, Жиззах ва Қашқадарё вилоятлари);
“Яшил” ҳудудларда, юқоридагиларга қўшимча равишда парк ва истироҳат боғлари фаолиятига (аттракцион ва кўнгилочар объектлар фаолияти бундан мустасно), автотранспортларнинг стикерсиз ҳаракатига, ҳамда давлат ташкилотларида фуқаролар қабулларига ҳам рухсат берилади.
“Яшил” ва “сариқ” тоифадаги ҳудудларда йўналишсиз таксиларга йўловчи ташишга, сартарошхона ва гўзаллик салонлари ҳамда савдо мажмуалари фаолият юритишига қуйидаги талаблар асосидагина рухсат берилди:
- йўналишсиз таксилар – йўловчи ташиш учун автотранспорт воситаси салонида ҳайдовчи ўриндиғи йўловчилар ўриндиғидан шаффоф пластик ёки махсус плёнка билан тўсилган бўлиши, ҳайдовчи ва йўловчи тиббий ниқобда бўлиши (тиббий ниқобсиз йўловчини ташиш тақиқланади), йўловчиларни автотранспорт воситаси салони орқа ўриндиғига ўтказилиши ҳамда фақат ўз (автотранспорт воситаси давлат рўйхатидан ўтказилган) ҳудудида ҳаракатланиши лозим;
- сартарошхона ва гўзаллик салонлари – хизмат кўрсатувчи шахслар томонидан шахсий ҳимоя воситалари – тиббий халат ёки комбинезон, тиббий ниқоб (N 95 ёки устма-уст 2 та оддий спанбонд ниқобли), юзни тўлиқ тўсадиган ҳимоя маскаси ва тиббий қўлқопдан фойдаланган ҳолда “1 та хизмат кўрсатувчи шахс – 1 та мижоз” тамойили асосида ижтимоий масофани сақлаган ҳолда ишлаши лозим;
- савдо мажмуалари – қатъий ижтимоий масофани сақлаган ҳолда рухсат этилади, бунда савдо мажмуасининг аттракцион, кўнгилочар, овқатланиш бўлинмалари, кинотеатр ва ўйин майдончалари фаолиятига рухсат берилмайди.
Автотранспорт воситаларининг стикерсиз, шунингдек, мототранспорт ва велосипедларнинг ҳаракатланишига “яшил” ҳудудларда рухсат берилади. “Сариқ” ва “қизил” ҳудудларда автотранспорт воситалари стикерсиз ҳар куни 07:00 дан – 10:00 гача, 17:00 дан – 20:00 гача ҳаракатланиши мумкин.
Шунингдек, барча тоифадаги ҳудудлар учун қуйидаги мажбурий талаблар сақлаб қолинади:
- ижтимоий масофани (2 метр)ни сақлаш, фуқароларнинг тиббий ниқобдан ҳамда антисептик воситалардан фойдаланиши;
- таълим ташкилотлари, ўқув курслари, кўнгилочар объектлар, буюм бозорлари фаолияти ва жамоат транспорти ҳаракатини йўлга қўймаслик;
- барча турдаги оммавий тадбирлар, оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни (дафн маросимлари 10-15 кишидан кўп бўлмаган ҳоллар бундан мустасно) ўтказмаслик;
- деҳқон бозорлари ва озиқ-овқат савдо нуқталарини пирометрлар ва антисептик воситалар билан жиҳозлаш, ҳар бир фуқаронинг тана ҳароратини ўлчаб, 37 °С ва ундан юқори бўлган ҳолатда, ушбу мажмуаларга киритмаслик;
- барча ташкилотлар кириш-чиқиш жойларини пирометрлар ва антисептик воситалар билан таъминлаш ҳамда ходимлар томонидан ижтимоий масофани сақлаган ҳолда фаолият юритишини таъминлаш;
- қурилиш-таъмирлаш ишларида объектлар ҳудудини тўлиқ карантинга олиш ва уларда санитария-гигиена тадбирларини амалга ошириб бориш.
Юқоридагилардан ташқари, вилоятлараро ва шаҳарлараро қатновларни амалга ошириш бўйича белгиланган чекловлар сақлаб қолинади. Бунда:
- доимий рўйхатдан ўтган ҳолда “қизил” тоифага кирувчи ҳудудларда меҳнат (хизмат) фаолиятини амалга ошираётган давлат органлари ва муассасалари (нодавлат ташкилотларида – иш берувчи томонидан тақдим этиладиган тегишли рухсатнома асосида) ходимларига мазкур ҳудудга кириш ва чиқишга;
- қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нобуд бўлишининг олдини олиш мақсадида аҳоли талабларидан келиб чиқиб, фермер ва деҳқонлар томонидан етиштирилган мева-сабзавот, полиз ва кўкат маҳсулотларини жойларга етказиш ва сотиш мақсадида вилоятлараро ва шаҳарлараро қатновларни амалга оширишга рухсат берилади.
Мазкур қарор билан мамлакатимизда коронавирус билан боғлиқ вазият янада яхшиланиб, бу борада ижобий динамикани таъминлаш мақсадида “қизил” тоифага кирувчи ҳудудларда амалдаги белгиланган карантин чекловлари сақлаб қолинмоқда.
Ўз навбатида, “қизил” тоифага кирувчи ҳудудларда карантин чекловлари талабларини бажармаслик, шунингдек “яшил” ва “сариқ” тоифага кирувчи ҳудудларда ушбу қарор билан рухсат берилган фаолият турларини ўрнатилган махсус талабларга риоя этмаган ҳолда амалга ошириш тегишли жавобгарликка сабаб бўлади.