ЎзА Ўзбек

01.04.2018 09:39 Чоп этиш версияси

Республика ишчи гуруҳининг Поп туманидаги ўрганишлари якунланди. Хўш, натижа қандай?

Наманган вилояти Поп туманидаги маҳаллаларда ва оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш ҳамда аниқланган муаммоларни бартараф этишга кўмаклашиш бўйича ташкил этилган Республика ишчи гуруҳи томонидан 77 та маҳалла фуқаролар йиғини ўрганилиб, 22041 та хонадонга уйма-уй кириб чиқилди. Турли йўналишларда жами 11283 та муаммо аниқланди.

Ўрганишлар чоғида моддий ёрдам сўраб 841 та мурожаат келиб тушди. Шундан 690 таси ижроси фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман Кенгаши бошқарувига юклатилди. 2 ёшгача ва 14 ёшгача фарзанди бор оилаларга нафақа бўйича 389 та мурожаат бўлиб, шундан 331 таси ечимини топди, 58 таси якунланиш арафасида.

Ҳомийлик асосида бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш бўйича 301 та мурожаат қайд этилган бўлиб, шундан 265 тасига тўлиқ ечим топилди, 36 таси ижрога йўналтирилди. 741 та оилага 112 миллион 600 минг сўм бир марталик моддий ёрдамлар кўрсатилди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож 140 та оилага маиший техникалар тақдим этилди. 68 та хонадон таъмирдан чиқарилди.

– Ишчи гуруҳ ўрганиш жараёнида хонадонимизга кириб яшаш шароитимиз билан танишишди, – дейди “Иттифоқ” МФЙ Тинчлик кўчасида яшовчи Наргиза Қораева. – Турмуш ўртоғим биринчи гуруҳ ногирони, узоқ йиллардан бери тўшакка михланиб қолган. Уч нафар қизим бор, каттасини узатганман. Иккитаси ўзим билан яшашади. Кўргулик экан, кичик қизим ҳам хасталаниб, иккинчи гуруҳ ногирони бўлиб қолди. Ҳам қизим, ҳам турмуш ўртоғим доимий қаровга муҳтож бўлгани учун ҳеч қаерда ишлай олмайман. Йиллар давомида уларни даволатиш учун бор-будимни сарфладим. Оқибатда имкониятим чекланиб қолди. Ёрдам сўраган эдим, 355 минг сўмлик озиқ-овқат маҳсулотларини маҳалла томонидан туҳфа қилишди. Шунингдек, фаоллар турмуш ўртоғимнинг оёққа турғизишда моддий ёрдам кўрсатишини ваъда қилдилар.

“Янги Хўжабод” маҳалла фуқаролар йиғини Наврўз кўчаси, 10-уйда яшовчи Шаҳзода Юсупова оғир касаллиги сабабли ишчи гуруҳидан ёрдам сўради ва унга 2 миллион сўмлик бир марталик моддий ёрдам кўрсатилди. “Юксалиш” маҳалласи Кичик Мирзаорол кўчаси, 1-уйда истиқомат қилувчи Илҳом Ўсаровнинг оиласига кирилганда, яшаш шароити оғирлиги сабабли унга 1 қоп ун, 5 литр ёғ, 1 та телевизор, тўй бўлаётгани сабабли келин-куёв Ойша Ахматова ва Равшанбек Сатимбоевга Бухоро шаҳрига сайёҳат қилиш учун йўлланма берилди.

Бундан ташқари, ишчи гуруҳи фаолияти кунларида туман ҳокими С.Султонов қарори билан тумандаги 41 та маҳалла фуқаролар йиғини томонидан фойдаланиб келинаётган хизмат биноларини белгиланган тартибда маҳалла йиғинлари балансига ўтказиш ҳамда 30 та хизмат биноси учун ер майдони ажратиш тўғрисидаги қарори қабул қилинди.

10 974