ЎзА Ўзбек

16.07.2018 17:36 Чоп этиш версияси

РЕПОРТАЖ. Аёллар мардикор бозорида сайёр қабул

РЕПОРТАЖ. Аёллар мардикор бозорида сайёр қабул
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан шу йилнинг 14-15 июль кунлари Тошкент шаҳридаги «Қўйлиқ» ва «Чорсу» бозорлари атрофидаги норасмий ёлланма ишчилар тўпланган жойларда – “Мардикор бозор”ларда иш қидириб чиққан хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш бўйича сайёр қабул ташкил этилди.

14 июль. Эрталаб соат 7.00. Пойтахтимиздаги “Чорсу” бозорининг юқори қисмида, халқ тилида “Аёллар мардикор бозори” дейиладиган манзилдамиз. Атроф гавжум. Турмуш қийинчиликларидан зада бўлган аёлларнинг кўнгил дарди кўзларида кўпчийди. “Қизларжон, яхшимисизлар, бугун сизлар билан Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси “Humo-Sarbon” тўйхонасида учрашув ташкил қиляпти. Муаммоларингизни ўрганишади, ҳал қилишга ёрдам беришади”, деган чорловга жавобан тўпланган аёлларнинг кўпчилиги ишончсизлик билан бош ирғаб қўя қолишди. “Мени ҳеч қандай муамммойим йўқ! Бу ерда ойига 3 млн. сўмга яқин пул топаман, тинч қўйинглар бизни”, деб асабийлашиб бақирганлари ҳам бўлди. Бироз тушунтиришлардан сўнг беш-олти нафар аёл айтилган манзилга йўл олди. “Бугун шанба, иш кўп бўладиган кун. Мажлис қилиб нимани дўндириб беришарди, бекорга вақтимизни олишади, пулдан қоламиз”, деб уларни йўлдан қайтаришга уринди яна бир аёл.

Соат 7.30. Олмазор туманидаги “Humo-Sarbon” тўйхонасига ишониб-ишонмай кириб келаётган аёлларни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар хотин-қизлар қўмиталари, вилоятлардаги бандлик ва ички ишлар бошқармалари вакиллари кутиб олишди. “Мижозларни қўлдан бой берадиган бўлдик, ишқилиб, бу учрашувнинг фойдаси бўлармикан”, дея ўзаро пичирлашаётган аёллардан бирини суҳбатга тортаман. 

2b10af28-c585-4f16-9b17-f447a7db05b0.jpg

– Наманган вилоятининг Мингбулоқ тумани, Жомашўй шаҳарчасиданман, – дейди ўзини Мастура Турсунова деб таништирган аёл. – 39 ёшдаман. 8 йилдан бери шу ерда ишлайман. Иккита фарзандим бор. Ўзим тоғаларимнинг қўлида ўсганман. Онамни қариндошига узатишган, 3 та фарзанди туғилганидан кейин 3-4 ой яшаб нобуд бўлавергач, мени олиб, турмушидан ажрашиб, қайтиб келган экан. Ўша пайтда онамга “сутинг заҳарли экан”, дейишган. Бу гап 3 болани ерга топширган онамни адойи тамом қилган. Аксига олиб менинг ҳам турмушим яхши бўлмади. Она-бола кўп қийинчилик кўрдик. Боғчаларнинг қоровулхонасида, гаражларда яшадик. Топган-тутганимизни йиғиб, мол боқиб, бировдан ёрдам сўрамай, уй-жой қилдик. Бироқ ўғлимни мактабга беролмадим, ўқитолмадим... Ҳозир у 21 ёшда, исмини ёзманг, ўқиш-ёзишни синглисидан ўрганди. Корейс тилини ҳам ўзи ҳаракат қилиб ҳижжалаб ўрганяпти. Тил ўрганиш учун курсга беришга пул орттиролмадим. “Синглимни ўқитамиз”, дейди у. Она-бола шунга ҳаракатидамиз. Ҳозир ўзимнинг соғлигим яхши эмас. Дўхтирлар ички бўқоқ деб ташхис қўйишди. Кечиктирмай даволанишим керак экан. Тез чарчаб қоляпман. Кундан-кунга озиб кетяпман, қимирлашга ҳолим йўқ. Лекин ишламай, жим ўтириб ҳам бўлмайди. Қизимни ўқитишим, ўғлимни уйлантиришим керак. 

– Ўзингиз тарафдан иш излаб кўрмадингизми?

–Тўрт-беш йил йил аввал туман болалар шифохонасига фаррош бўлиб ишга киришга ҳаракат қилдим. Ишга жойлашиш учун 100 АҚШ доллари сўрашди. Камбағалда шунча пул нима қилади. Тилимни тишлаб, яна шу ерга иш қидириб келавердим...

– Мен эса уй-жойга муҳтожман, – дейди учқўрғонлик МадинаСулаймонова. – Хўжайиним ёш хотинга уланиболган. 2014 йилда ажрим учун судга берди. Ажрашмайман,деганимга қарамай, ажратишди. Битта бола билан сарсонман. Хўжайиним учун бизга уй-жой қилиб бериш муаммо эмас. Ҳовли, уй-жой кўп. Агар йўқ бўлганида, иложи йўқ, деб индамасдим. Алимент ҳам тўламади. Қизим 17 ёшга кирди. Алимент ундириш учун судга берсам, 10 млн. сўм пулни пластикка тушириб беришди. Бироқ уй-жойим ҳал бўлмаяпти. Муаммоларимизни айтиб, бормаган жойим қолмади. Охири тақдирга тан бердим. Бир ҳимоясиз аёлнинг жойи шу мардикор бозори экан-да, деб ишлаб юрибман. Бу ерда ҳаммамизнингўз муаммомиз бор. Фарғонадан, Андижондан, бошқа вилоятлардан келишади. Топган пулимиз тирикчиликдан ортмайди. Квартирада ойига 200 минг сўмдан тўлаб, бир хонада 5-6 нафар аёл яшаймиз. Бир одамнинг ётишга етарли жой беришади холос. Ваннага кириш учун алоҳида пул тўлаймиз. Телевизор кўрмаймиз, овқат пишириб,ея олмаймиз. Уй эгаси нима деса, шунга қараб яшаймиз. 

Соат 8.30. Учрашувга кириб келаётган аёллар сони тобора ортиб бормоқда. “Наҳотки, бизни ҳам ўйладиганлар бўлса..? Ростдан ҳам муамммоларимиз ҳал бўлармикан”, дейди улар. Гап-сўзларида Хотин-қизлар қўмитаси вакилларига нисбатан ишончи ортаётгани сезилади. 

“Ўзимизда иш бўлса, сарсон бўлиб юрармидик”

f48de1c7-52f2-40b7-95e2-b04297b607e9.jpg

15 июль куни Қўйлиқ бозори яқинида жойлашган Яшнобод туманидаги Низомий номли Тошкент давлат Педагогига университети қошидаги лицейда давом этган тадбирда аёлларнинг кўпчилиги шу гапни такрорлашди. 

Лицейда ёлланма ишчи хотин-қизлар билан ташкил этилган учрашувда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Қорақалпоғистон Республкаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар хотин-қизлар қўмиталари ва мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирок этишди. Ҳаётда кўп қийналган, муаммоларини айтиб, бошини кўплаб эшикка урган бироқ ҳеч қандай натижа чиқмагач,яшаш учун шу йўл билан курашга бел боғлаганбу аёллар давлат ва жамоат ташкилотлари вакилларига кўп ҳам ишонмай қўйгани сир эмас. Шу туфайли аввалига суҳбат унчалик қовушмаган бўлса-да, бироздан кейин юз-кўзларда ишонч ва самимият акс эта бошлади.

– Биз бу аёлларнинг кўнглига йўл топишимиз керак. Шунда ўзини қийнаётган муаммосини айтишади. Ҳаёт қийинчиликлари уларни шундай яшашга мажбур қилиб қўйган, – дейди Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Республика хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Нарбаева. – Мана эндибуларнинг юрагидаги гаплар очиляпти. Улар бизга ишониб дардини айтяпти. Ҳаётдан норозиликлари энди юзага чиқяпти. Агар қўполроқ гапиришса, бундан хафа бўлиш керакмас. Қаранг, аксариятининг на уйи, на пропискаси бор. Бу аёллар қаёққа борсин, ахир? Тўғри, йиллар давомида йиғилиб қолган муаммоларни бир кунда ҳал этиш қийин кечар. Бироқ мурожаат қилган ҳар бир аёлнинг муаммоси ҳал этилишини қатъий назоратга олишмиз зарур. 

– Мен Андижон вилояти, Избоскан туманиданман, – дейди Тожибоева Холида. – Икки марта операция бўлганман. Ота-онам ишламай ўтир дейишади. Уйда иккита ёш болали келин бор. Улар билан бирга ота-онамнинг пенсиясига қарам бўлиб ўтиришни истамайман. 2008 йилдан бери шу ерларда юрибман. Уй-жойини тозалашга чақирадиган мижозларим бор. Яхши ҳақ тўлашади. Менга паст назар билан қарашмайди. Деҳқончиликка ҳам борган вақтларим кўп бўлган. Қаниэнди ўзимизда ишлашга шароитимиз бўлса, ким бу ерларда сарсон бўлиб юришни истарди?Акам ва укам билан бир ҳовлида яшаймиз. Акамнинг белида грижаси бор. Уй-жойдан муаммомиз йўқ. Фақат иш топиш муаммо. Бугун менга кредит олиб беришни ваъда қилишди. Чорва моллари учун кредит беришса ҳам майли. Акамни ҳам иш билан таъминлаб, рўзғоримиз учун ҳаракат қилардик. 

Йиғилганлар орасида Алимқулова Дилором исмли аёлни учратдим. Ўғли, келини билан шу ерда ишлар экан. 

– Отам оғир касал бўлиб қолди, икки уч-марта реанимацияга тушди, – дейди Дилоромнинг ўғли Дилмурод. – Ўзимиз Бекобод туманиданмиз. Амакимдан қарз сўрабборсам, уйингда молинг бормиди сенга қарз берсам, деди. Отамнинг аҳволи оғирлашиб бораверди. Охири уй жойимизни сотдик. Иш излаб қаерга борсак, прописка сўрашади. Устига-устак онам паспортини йўқотиб қўйди. Маҳалла раиси эса бу ерда яшамайди, деб қоғоз ёзиб беради. На дўхтирга кўрина оламиз, на бирор ишга кира оламиз. Охири мабжур бўлдик, бутун оиламиз билан шу ерга келиб тирикчилик учун пул топишга. Ижара уйда яшаймиз, ойига бир миллион сўм тўлаймиз. Топган пулимиз еб-ичиш билан ижара ҳақига кетади. 4 ёшли қизим 3 йилдан бери бирор марта тиббий кўрикдан ўтгани йўқ. Мелисалар текшириб келса, пропискасиз яшаётган экансан, деб жарима ёзишади.Онамнинг паспортинитўғрилашга ҳамма ҳужжатларни йиғиб келсак, пропискада турган жойидан қоғоз қилидириб келасиз, дейди...

– Бу муаммога қандай ечим топиб беришмоқчи?

– Ҳозир Бекободдан келган вакиллар биз учун жой қидиришди. Фермерлардан бири 2 хонали шийпонда яшаб туришмизга розилик беряпти. Бир ярим гектар ер, бир ярим тонна буғдой беришар экан. Нима эксанглар, даромдини ўзингиз оласиз, дейишяпти. Аниғини эртага ҳокимиятга бориб биламиз. Чунки бунақа ваъдаларни кўп эшитганмиз. Туманнинг ўша вақтдаги ҳокими, “Сенларга уй йўқ, уйингни сот деганмидим”, деб хонасидан қувиб чиқарган эди...

 Муаммолар ечим учун йўналтирилди

Икки кунлик қабул жараёнида аввалига хотин-қизлар қўмитаси вакилларига ишончсизлик билан қараган аёлларнинг кўпчилигида ўзига, келажагига ишонч уйғонди. Ҳатто эркаклар ҳам келиб, ўз муаммоларини ўртага ташлашди. 175 нафар аёл, 20 нафар эркак томонидан жами 195 мурожаат тингланди. Уларнинг аксариятида уй-жой, бандлик, тиббий ёрдам, паспорт, туғилганлик ҳақида гувоҳнома каби ҳужжатларни олиш ва расмийлаштириш, кредит олиш, дори-дармонлар билан таъминлаш, оилавий келишмовчиликлар, ногиронлиги бўлган аёлларга ёрдам, ҳуқуқий масалада адвокат кўмагига муҳтожлик масалалари билан боғлиқ муаммолар кўтарилди. 

Шу кунгача ҳам Ўзбекситон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан шундай муоқотлар уюштирилиб, Андижон, Бухоро, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё ва Фарғона вилоятларидан Тошкент шаҳрига келиб қолган 150 нафар хотин-қизларнинг муаммолари сабаблари аниқланган эди. Бу аёлларнинг аксарияти давлатимиз томонидан яратилаётган имкониятлардан, хусусан тадбиркорлик билан шуғулланиш, имтиёзли кредитлар ва томорқа хўжаликларидан мақсадли фойдаланиш, бандликни таъминлаш каби соҳаларда белгиланган имтиёзлардан хабардор эмаслиги маълум бўлганди. Ушбу тадбир жараёнида ҳам шундай ҳолат кўзга ташланди. Хотин-қизлар қўмитаси томонидан мутасадди ташкилотлар билан биргаликда мазкур соҳадаги чора-тадбирларни изчил амалга ошириш мақсадида, барча вилоятлардаги норасмий ёлланма ишчилар тўпланган жойларда иш излаб келаётган хотин-қизлар билан мулоқотлар ўтказиш, уларнинг муаммоларини аниқлаш ва бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни тизимли давом эттириш, жойлардахотин-қизлар ўртасида тадбиркорлик билан шуғулланиш, имтиёзли кредитлар ва томорқа хўжаликларидан мақсадли фойдаланиш каби соҳаларда белгиланган имтиёзлар ҳақида тарғибот ишларини кучайтириш режалаштирилган.

Биз эса мавзуга яна қайтамиз. Тадбир жараёнида муаммоларини ўртага ташлаган, умид билан ўз ҳудудларига қайтган опа-сингилларимизнинг кейинги ҳаёти билан сизларни албатта, таништириб борамиз. 

Ҳамрохон Мусурмонова

ЎзА
7 064