ЎзА Ўзбек

23.07.2018 19:26 Чоп этиш версияси

РЕКТОРЛАР: Қабул жараёнларини шаффоф, адолатли ва ҳалол ўтказишга ваъда берамиз!

РЕКТОРЛАР: Қабул жараёнларини шаффоф, адолатли ва ҳалол ўтказишга ваъда берамиз!
Халқаро пресс-клубда “Қабул — 2018: Шаффофлик, ҳалоллик, адолат мезонлари ва инновацион ёндашувлар” мавзусида ўтказилган навбатдаги сессияда 2018-2019 йилларда олий ўқув юртларига қабул жараёни ва тест имтиҳонларига тайёргарлик ишлари ҳамда бугун долзарб бўлиб турган жуда муҳим масалалар ва муаммоли вазиятлар таҳлил қилинди. 

Унда Ўзбекистон олий таълим даргоҳлари тарихида биринчи марта Ректорларнинг Мурожаати ҳавола этилди ва қабул қилинди.

“Биз – кўп сонли ректорлар таълим-тарбия ишларини замон талаблари асосида ташкил этиш, унга илғор инновацион ғояларни олиб кириш, ёшларнинг истеъдодларини намоён этишлари учун етарлича шарт-шароитлар яратиб бериш билан биргаликда соҳа ривожига салбий таъсир этиши мумкин бўлган ва замонавий таълимнинг оёғига кишан бўлиб турган иллат- порахўрлик ва таъмагирликнинг олдини олиш, ҳар ишда ҳалол ва виждонан йўл тутиш, олий таълим муассасаларини ҳақиқий маънодаги маърифат ва ҳалоллик масканига айлантириш, шунингдек, бу йилги қабул жараёнларини шаффоф, адолатли ва ҳалол ўтказишга ваъда берамиз”, дейилади, мурожаатда. 

Матнда абитуриентларнинг ўз билимигагина ишониши лозимлиги қайд этилган: “Кўряпсизки, ёшларнинг илм-фан ва касб-ҳунар сирларини эгаллашлари учун юртимизда барча шарт-шароитлар муҳайё қилиб берилмоқда. Бугун ўзингиз учун касб танлаб, ўқишга киришга аҳд қилдингизми, ўз билимингизга, ақл-заковатингизга ва сизларга шу шароитларни яратиб берган Президент ишончига муносиб бўлинг ва муносиб иш қилинг. Кириш имтиҳонларига, тест синовларига пухта тайёргарлик кўриб, бу имтиҳонлардан ўз билимингиз билан ўтишга бел боғланг”. 

Шунингдек, ота-оналар ҳам ҳалолликка чақирилди. “Афсуски, товламачилар ва фирибгарларнинг дунёқараши ўзгармаяпти. Улар ҳамон эскича ўй-хаёлларда, мўмай ва қинғир йўллар билан даромад топиш илинжида юрибди. Уларнинг тузоғига илиниб қолманг”, дейилади мурожаатда. Халқимизда “қарс икки қўлдан чиқади” деган нақл бор. “Коррупция тўғрисида”ги Қонуннинг тегишли бандларига кўра пора берган ҳам, пора олган ҳам қонун олдида тенг жавобгар саналади ва муқаррар жазога тортилади. Фарзандингизга ёрдам бераман десангиз, ноўрин ва пинҳона ҳатти-ҳаракатларга йўл қўйманг! Бу йўлдаги ножўя қадам билингки, кун ўтиб бир кун болангиз келажаги учун қаттиқ зарба бўлиши мумкин.  

Албатта, таълимдаги коррупция тараққиётнинг энг асосий кушандаси саналади. Ректорлар ушбу мурожаатда имтиҳонларни шаффоф ўтказишга ваъда бериш баробарида аҳолини ҳам бу каби қинғир ҳаракатларга чек қўйишга чақиришмоқда. Бу қувонарли ҳол. Умид қиламизки, имтиҳонлар вақтида ҳар йили урчийдиган шубҳа гумонлар бу йил қулоғимизга чалинмайди. Зеро мурожаатномада қайд этилганидек, пора билан ўқишга кирган инсон, бутун ҳаёти давомида шу пулни қайтариб ишлаб олиш ҳаракатида бўлади. У ўқитувчими ёки шифокор, масъул мутасаддими ёки оддий ишчи қатъий назар олдига келган ҳар бир инсонга “товар” сифатида қарайди ва ундан доимо таъма қилади.


11 654