Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.01.2018 14:16 Чоп этиш версияси

Регистонга 3 кунда 2 мингдан ортиқ сайёҳ келди

Регистонга 3 кунда 2 мингдан ортиқ сайёҳ келди Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 28 декабрдаги “2018 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида”ги фармонига асосан юртдошларимиз Янги йил байрамида беш кун узлуксиз дам олди.

Бу халқимизнинг мароқли ҳордиқ чиқариши, дам олиш кунларида юртимиз бўйлаб саёҳатга чиқиши учун қулай имконият яратди. Байрам кунларида Самарқанд шаҳри ҳам ана шу имкониятдан самарали фойдаланган саёҳатчилар билан гавжум бўлди.

5.JPG

– Самарқандни зиёрат қилишни анчадан буён ният қилиб юрардим, – дейди хоразмлик 86 ёшли Абдулла Саидов. – Лекин ўғлим ишидан бўш вақт тополмаётгани учун саёҳатимиз орқага сурилиб келаётганди. Янги йил байрами муносабати билан беш кунлик узлуксиз дам олиш кунлари белгилангани жуда яхши иш бўлди. Мана самараси, биз ҳам Самарқанддамиз. Зиёратимизни Имом Бухорий қадамжосидан бошлаб, яна кўплаб тарихий обидаларни кўрдик. Биринчи Президентимиз руҳи покларига тиловат қилдик. Шу тариқа Янги йилни янгича куч-ғайрат, руҳий енгиллик билан бошладик.

6.JPG

– Иш юзасидан Самарқандга кўп келган бўлсам-да, вақт тиғизлигидан шаҳардаги тарихий-маданий обидаларни томоша қила олмаганман, – дейди фарғоналик Муҳаммаджон Ғаниев. – Бу гал қулай имконият туфайли Самарқандга бутун оиламиз билан келиб Амир Темур мақбараси, Шоҳи Зинда ёдгорлиги, Регистон мажмуаси ва бошқа масканларни зиёрат қилдик. Чет давлатларда одамлар байрамни саёҳат қилиб нишонлашини эшитардик. Яратганга шукр, бугун биз ҳам ана шундай бахтга эришиб турибмиз. Оила аъзоларимизнинг барчаси Янги йилдаги саёҳатдан мамнун.

Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳридан Марям Қурбонова Самарқандга уч ўғли, келини ва набиралари билан келгани, Амир Темур мақбараси ва Ҳазрати Хизр мажмуаси зиёратидан руҳий қувват олганини таъкидлади.

2.JPG

– Катта ўғлим Анваржонга “Мени Самарқандга – Биринчи Президентимиз ҳайкалларига олиб бор”, дегандим бу таклиф бошқа фарзандларимга ҳам маъқул келиб, барчамиз саёҳатга чиқдик, – дейди онахон. – Самарқанд яна ҳам кўркам, гўзал шаҳар бўлибди. Бир олам таассурот олдик. Айниқса, халқимизнинг икки буюк фарзанди – Соҳибқирон Амир Темур ва Ислом Каримов мангу ором топган масканларни зиёрат қилганимиз Янги йилнинг илк эзгу амаллари бўлди.

Самарқанд шаҳридаги Регистон мажмуаси раҳбарияти маълумотларига кўра, Янги йилнинг дасталабки кунларида ушбу масканни 2 мингдан ортиқ маҳаллий, 200 га яқин хорижлик сайёҳ томоша қилган.

– Президентимиз фармонига кўра, 2018 йилда юртимизда нишонланадиган байрам саналарида қўшимча дам олиш кунлари белгилангани ички туризмни ривожлантиришда ҳам муҳим омил бўлишига гувоҳ бўлдик, – дейди Регистон ансамблини таъмирлаш ва ундан фойдаланиш мустақил дирекцияси раҳбари Беҳруз Маъруфий. – Ҳар йили Янги йил байрами кунлари сайёҳлар оқими кескин камайиб кетарди. Бу йил эса, аксинча, шу кунларда саёҳатга келувчилар ҳар қачонгидан кўпайди. Беш кунлик дам олиш пайтида юртимизнинг турли ҳудудларидан юртдошларимиз келиб Самарқандни зиёрат қилишди. Биз ҳам улар учун қулай имкониятлар яратиб, саёҳатлари мазмунли ўтиши учун зарур шарт-шароит яратиб бердик.

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА
12 616