ЎзА Ўзбек

09.08.2018 11:32 Чоп этиш версияси

Ражаббой АҲМАДЗОДА: "Дўстона алоқалар иқтисодиёт ўсишига ҳам хизмат қилади"


Ўзбекистонлик журналистлар учун Тожикистон бўйлаб ташкил этилган танишув сафари давом этмоқда.

Ўзбек ва тожик халқини азалий биродарлик, яқин қардошлик ришталари бирлаштириб туради. Шу боис Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги алоқалар янги босқичда дўстона давом этаётганидан халқларимиз мамнун.

Сўғд вилояти ҳокими Ражаббой Аҳмадзода Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА мухбири билан суҳбатда бу ҳақда қуйидагиларни гапириб берди:

– Тарихдан маълумки, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида савдо-иқтисодий, ҳунармандлик, маданий-маърифий, илм-фан соҳасида жуда яқин ва самарали ҳамкорлик ривожланган. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга давлат ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни янги босқичга олиб чиқди. Халқларимиз ўртасида борди-келди қайта тикланди. 

Виза режими соддалаштирилди. Ҳозир Тожикистон фуқаролари Ўзбекистон ҳаво йўллари орқали бошқа мамлакатларга ҳам парвоз қилмоқда. Бу ҳам фуқароларимиз учун қулайлик бўлди. Бир кунда тахминан 3 минг Тожикистон фуқароси Ўзбекистонга бормоқда ва шунча ўзбек биродарларимиз бизда меҳмон бўлмоқда. Буларнинг барчаси икки давлат раҳбарининг дўстона муносабати, яқин қўшничилик алоқалари туфайлидир. 

Бу алоқалар ҳар икки давлат иқтисодиётининг ўсишига, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашга хизмат қилади. Ўзбекистон ва Тожикистон ҳар томонлама алоқаларни ривожлантирса мамлакатларимиз янада тараққий этади. Бугунги кунда қишлоқ хўжалиги инновацияси бўйича Ўзбекистон сезиларли даражада ривожланяпти. Айниқса, замонавий иссиқхона ташкил этиш бўйича ўзбекистонлик мутахассислар катта тажрибага эга. Мақсадимиз ўзаро ҳамкорликда ушбу инновацияни Тожикистонда ҳам жорий этиш.

Яқин кунларда Президентимиз Имомали Раҳмоннинг Ўзбекистонга давлат ташрифидан барчамизнинг умидимиз катта. Ишонамизки, бу ташриф ҳар икки мамлакат ва халқларимиз учун самарали бўлади, яна кўплаб дўстона келишувларга эришамиз.

Н. Насриев, ЎзА
5 426