ЎзА Ўзбек

13.07.2019 18:40 Чоп этиш версияси

Расул Кушербаев: Ҳокимлардан кўчмас мулкларни бузиш ҳуқуқини олиб, судларга бериш керак

Расул Кушербаев: Ҳокимлардан кўчмас мулкларни бузиш ҳуқуқини олиб, судларга бериш керак

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси ҳамда партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг кенгайтирилган қўшма мажлиси бўлиб ўтди. 
  
Йиғилиш партиянинг янгиланган дастури, Сайловолди дастури лойиҳаларининг муҳокамаси, жорий йил декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашлари сайловларида самарали иштирокини таъминлаш масалаларига бағишланди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, OʻzLiDeP фракцияси аъзоси Расул Кушербаев партиясининг янгиланган дастури ва Сайловолди дастури лойиҳаларига ўз таклифларини билдирди: 

– Партия дастури аввалгисидан бутунлай фарқ қилиши керак. – деди Расул Кушербаев. – Бунда эътибор умумийликдан қочиб, реаллик ва аниқликка қаратилса мақсадга мувофиқ. Масалан, бугунги кунда тадбиркорларни ўйлантирадиган муаммо, киритмоқчи бўлган инвестицияси учун шароит ва кафолатлар барқарорми йўқми? Тадбиркорлар биздан кафолат талаб қилмоқда. Дастурда бунга алоҳида тўхталиш керак.

Афсуски, сўнгги вақтларда жисмоний ва юридик шахсларнинг кўчмас мулкларини давлат, жамият эҳтиёжи учун деган баҳоналар билан қонунларга риоя қилмасдан бузиш ҳолатлари кўплаб учрамоқда. Биз фуқароларнинг кўчмас мулкини бузиш ҳақида қарор қабул қилиш ваколатини ҳокимлардан олиб, тўлиқ судларга беришимиз зарур. Чунки кўпчилик ҳокимлар бу борадаги қонун талабларини бузиб, фуқароларнинг мулк ҳуқуқларига путур етказмоқда. Суд эса қонунларга асосан қарор қабул қилади. Бу таклифимиз инобатга олинса, кўчмас мулк эгалари, тадбиркорларнинг мулк дахлсизлигини таъминлашда янги қадам ташланган ҳамда хорижий инвесторларни мамлакатимизга янада кўпроқ жалб қилишга ҳам туртки бўларди.

Энди суд ҳақида. Бугун кўп низолар суд орқали ҳал этилмоқда. Фуқаролик жамияти ривожланишининг талаби ҳам шу. Ҳокимлик, ижро органининг бошқа ташкилотлари билан фуқаро ўртасида зиддият келиб чиққан ҳолларда муаммо асосан суд орқали ҳал қилинмоқда. Бироқ айрим тадбиркорлар суднинг адолатига ҳамон ишонмаяпти. Шунинг учун судларнинг жамоатчилик олдида ҳисоб бериши амалиётига тўлиқ эришиш зарур. Агарда ҳисобот якунида судьянинг иши қониқарли деб топилмаса, у лавозимига нолойиқ деб ҳисобланиши керак. 

Жойларда қонунларга амал қилинмаслик ҳолатлари ўша ерда малакали, олий маълумотли юристлар етишмаслиги билан боғлиқ. Тошкент давлат юридик университети етарли миқдорда юристларни етиштириб беролмаяпти. Шу сабабли жойлардаги ижро органларида малакали юристларни учратиш қийин. Ана шунинг оқибатида айрим ҳолларда қонунларга зид бўлган турли қарорлар ҳам чиқариляпти. Партия юридик кадрлар тайёрлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор бериши зарур, деб ҳисоблайман. Монополияга чек қўйиш учун бу соҳадаги олий ўқув юртлари ёки қабул квота сонини кескин ошириш зарур. 

Сўнгги йилларда уй-жой қурилиши жадал амалга оширилмоқда. Бироқ аҳоли белгиланган нарх-наводан норози. Уларга “арзон” уйлар қимматлик қиляпти. Қурилиш соҳасида бир нечта монопол ташкилотларнинг фаолият олиб боришига рухсат берилгани ва бошқа тадбиркорларнинг буюртмачи сифатида қатнашиш имконияти чеклангани ҳам бу муаммонинг келиб чиқишига сабаб бўляпти. Нима учун фақат “Қишлоқ қурилиш инвест” ёки “Ўзшаҳар қурилиш инвест” инжиниринг компаниялари давлат буюртмасини бажариши керак? Бугунги кунда хориж тажрибасини ўрганиб, арзон ва сифатли уйлар қураётган тадбиркорларимиз ҳам йўқ эмас. Биз уларга ҳам давлат буюртмасини бажаришга имкон берсак бўлмайдими? Бу партия дастурлари лойиҳасига киритилган монополлашув жараёнига қарши кураш бўлимига тўғри келади.

Партия дастури ва Сайловолди дастур лойиҳаларида ОАВ ва партиянинг жамоатчилик билан алоқаларини яхшилаш масаласида бирорта ҳам аниқ таклиф берилмаган. ОАВ билан бирга бугунги кунда фуқаролик журналистикаси ёки оддий айтганда блогерлик ва интернет билан ишлашда партия сезиларли натижага эриша олмаяпти. Сайти бор, ижтимоий тармоқларда саҳифалари бор, бироқ оммавийлиги йўқ. Партиянинг олиб борилаётган ислоҳотларни кўкка кўтариш ва кимларнидир мақташ руҳидаги материаллари одамлар эътиборини тортмайди. Тадбиркорларни ўйлантираётган муаммоларни кўтараётган айрим фаолларни маънан қўллаб-қувватлаб, бунга бутун партия эътиборини қаратиш бўйича чақириқлар кўзга ташланмайди. 

Юқоридагилардан келиб чиқиб, партиянинг жамоатчилик билан алоқалар гуруҳини турли маъмурий бошқарувчилардан ҳоли, дастурий мақсад ва вазифалардан оғишмайдиган, мустақил фаол журналист ва блоггерлардан иборат таркибда шакллантириш, иш фаолиятида тўлиқ ижодий эркинлик беришга алоҳида эътибор бериш вақти келди.

Бундан ташқари, оммавий ахборот воситаларининг мустақиллигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратишимиз керак. Нодавлат оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлашга урғу бериш, муассисларнинг таҳририят олдидаги жавобгарлигини ошириш чораларини кўриш лозим. Баъзи муассислар таҳририят фаолияти билан қизиқиб ҳам кўргани йўқ. Оқибатда ёпилиб кетаётган таҳририятлар қанча?! 

Хуршид ҚОДИРОВ, ЎзА
19 121