РАСМИЙ БАЁНОТ: Ўзбекистонда коронавирусдан даволанаётган 505 бемордан 8 нафарининг аҳволи оғир
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков:
– Мамлакатимизда айни дақиқаларга келиб, коронавирус касаллиги билан 2652 бемор рўйхатга олинган. Соғлиқни сақлаш вазирлигидан олинган маълумотга кўра, охирги бир кунни ўзида яна 60 бемор тузалган ва реабилитация марказларига ўтказилган. Шундай қилиб, жами 2136 нафар яъни 80 фоиз бемор тўлиқ соғайган. Аҳамият берган бўлсангиз дунё бўйича ушбу касалликдан соғайиш даражаси 37 фоиздан бир мунча ортиқроқ. Биздаги ижобий ўзгаришлар, албатта, барчамизни қувонтиради. Шифохоналарда даволанаётган 505 бемордан 8 нафарининг аҳволи оғир, деб баҳоланяпти.
Карантин тадбирлари давом этяпти. 46 мингдан кўпроқ фуқаро карантин муддатларини ўтаяпти. Охирги бир кунни ўзида 14 минг 700 дан, жами 460 мингдан кўпроқ ҳолатда лаборатория текширувлари ўтказилган.
Ҳурматли юртдошлар!
Республика комиссияси томонидан карантин муддати 1 июнга қадар узайтирилганидан хабар топдингиз. Карантин тадбирлари юмшатилган бўлишига қарамасдан биз унга риоя этишимиз керак. Қачонки карантин тадбирларига риоя этсаккина, вазиятни барқарор ушлаб қолишимиз мумкин бўлади. Ортиқча мулоқотлар, ортиқча эҳтиётсизлик яна касаллик авж олишига сабаб бўлиши мумкин. Буни ҳеч қачон ёддан чиқарманг.