РАСМИЙ БАЁНОТ: Ўзбекистонда 261 фуқаро коронавирусдан соғайди, 13 беморнинг аҳволи оғир
Вирусология илмий-текшириш институтидан олинган маълумотга кўра, ушбу институт клиникасида даволанаётган 113 беморнинг 54 нафарида пневмония клиник белгилари кузатиляпти, 5 нафарининг аҳволи оғир, 1 нафарининг аҳволи ўта оғир.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков:
– Мамлакатимизда айни дақиқаларга келиб, коронавирус касаллиги билан 1657 бемор рўйхатга олинган. 261 бемор соғайиб, реабилитация марказларига ўтказилди. Вирусология илмий-текшириш институтидан олинган маълумотга кўра, ушбу институт клиникасида даволанаётган 113 беморнинг 54 нафарида пневмония клиник белгилари кузатиляпти, 5 нафарининг аҳволи оғир, 1 нафарининг аҳволи ўта оғир. Эпидемиология-микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институтида даволанаётган 97 бемордан 2 нафарининг аҳволи оғир. Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасида даволанаётган 146 бемордан 45 нафарида пневмония клиник белгилари бор, 4 нафарининг аҳволи оғир, 1 нафарининг аҳволи ўта оғир, деб баҳоланяпти.
Ҳурматли юртдошлар!
Карантин тадбирлари давом этяпти. 92 мингдан кўпроқ фуқаромиз карантин муддатларини ўтаяпти. Уларнинг барчаси тиббий кузатув остига олинган. Улардан олинган намуналар мунтазам текшириб турилибди.
Аҳамият берган бўлсангиз мамлакатимизда касалланиш кўрсаткичи суръати бир мунча пасайгани сезиляпти. Энг асосийси, касалликдан фориғ бўлиб, реабилитацияга ўтказилаётганлар сони ортиб бораяпти. Бу албатта, қувонарли ҳол. Лекин ҳар биримиз уйда қолиш, карантин тадбирларига амал қилиш орқали вазиятга тасъир қилишимиз ва ижобий натижаларга тезроқ эришишимиз мумкин. Шуни ёддан чиқарманг!