ЎзА Ўзбек

23.03.2020 Чоп этиш версияси

РАСМИЙ БАЁНОТ: Италия, Европа давлатлари ва АҚШдаги вазият биз учун сабоқ бўлиши керак

РАСМИЙ БАЁНОТ: Италия, Европа давлатлари ва АҚШдаги вазият биз учун сабоқ бўлиши керак
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков:

– 2020 йил 23 март соат 9:00 ҳолатида Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар 46 нафарни ташкил этмоқда. Вирусология илмий текшириш институтида даволанаётган беморларнинг барчаси тиббий кузатув остида, зарур муолажаларни олмоқда. Ҳозирги пайтга келиб, уларнинг 9 нафарида ўпка яллиғланиши, яъни пневмония касаллиги асоратлари кузатиляпти. Қолган беморларнинг аҳволи яхши. Бугун вирус аниқланган яна бир ҳамюртимиз хорижда, эпидемик нохуш ҳудудда бўлиб келгани учун кузатув остига олинган эди. Касаллик тиббий кузатув остида бўлган фуқароларимиз орасидан аниқланганини яна бир бор эслатиб ўтамиз.

Ҳурматли ватандошлар! Республика комиссиясининг қарори билан бир қатор тадбирлар амалга ошириляпти. Жумладан, бевосита коронавирус инфекциясига чалинган шахсларни эрта аниқлаш, аҳолидан ажратиш, касал билан мулоқотда бўлганларни ва эпидемик нохуш ҳудудлардан келган фуқароларни алоҳидалаш, уларни 14 кун мобайнида тиббий кузатувда ушлаб туриш тадбирлари амалга оширилмоқда. Бу тадбирларнинг барчаси биргина мақсадда – касаллик кенг жамоатчилик орасида тарқалиб кетишининг олдини олишга қаратилган. Ҳозирги кунга келиб мамлакатимизда қарийб 18 мингга яқин шахс тиббий кузатув остида. Биз мана шу карантин тадбирларини тўлиқ адо этишимиз кераклигини, бу борада ҳар биримиз масъул эканимизни унутмаслигимиз керак.

Кечадан бошлаб Тошкент шаҳрида жамоат транспортлари қатнови тўхтатилди. Демак, мана шу карантин тадбирларига бевосита Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари шахсан масъул эканлиги Республика комиссияси қарори билан белгилаб қўйилди. Бундан ташқари карантин тадбирларига риоя этилиши устидан жиддий назорат ўрнатилиши кераклиги яна бир бор эслатилди. Бугундан бошлаб давлат ва нодавлат муассасаларига ниқобсиз, қўлни антисептик воситалар билан тозаламасдан кириш тақиқланди. Ҳар биримиз зарурат бўлмаса кўчага чиқишимиз керак эмас. Кўчага чиқишга эҳтиёж бўладиган бўлса, албатта, ниқобда бўлишимиз шарт. Биз мана шу ишларимиз билан карантин тадбирлари иштирокчисига айланамиз. Агар уйдан ишга кетаётган бўлсак, тўғри ишга, агар ишдан уйга қайтаётган бўлсак, тўғри уйга боришимиз керак. Ҳар биримиз эпидемияга қарши тадбирларга ўз ҳиссамизни қўшадиган бўлсак, берилаётган тавсияларга тўлиқ риоя қилсак вазиятни барқарор ушлаб қоламиз. Италиядаги, Европа давлатларидаги, АҚШдаги вазият биз учун сабоқ бўлиши керак. Касалликнинг глобал даражада авж олиб кетишига йўл қўймаслик учун ҳар биримиз жавобгармиз. Биз нафақат ўзимиз, оиламиз, яқинларимиз, балки ҳар бир инсон саломатлиги учун масъул эканимизни унутмаслигимиз керак. Сиздан тиббиёт ходимлари тавсияларини бажариш талаб қилинади, холос. Зиммангизга бошқа ҳеч қандай вазифа юклатилаётгани йўқ. Давлатимиз раҳбари бевосита бу ишларни шахсан назоратга олган. Давлат, ҳукумат даражасида тадбирлар давом этаётган экан, бевосита шунга дахлдор, масъул бўлган соҳалар меҳнатини қадрлашимиз керак. Ҳар биримиз мана шу ишда фаол иштирокчига айланамиз деган умиддамиз.

9 860
ЎзА