ЎзА Ўзбек

26.03.2020 Чоп этиш версияси

РАСМИЙ БАЁНОТ: Дунё пандемияси биз учун сабоқ бўлиши керак

РАСМИЙ БАЁНОТ: Дунё пандемияси биз учун сабоқ бўлиши керак

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков:

– Ўзбекистон Республикасида коронавирус инфекцияси билан касалланганларнинг умумий сони 60 нафарни ташкил этяпти. Ҳозиргина Вирусология илмий-текшириш институти раҳбариятидан олинган маълумотга кўра, 13 нафар беморимизда пневмония аломатлари кузатилмоқда ва улар тегишли даволаш муолажаларини олмоқда. Улардан 4 нафарининг аҳволи оғир деб баҳоланиб, интенсив-терапия курслари амалга оширилмоқда.

Шу пайтга қадар 22 мингга яқин ҳамюртимиз карантин муддатини ўтаб, касаллик йўқ эканлиги тасдиқланганлиги учун уйига жавоб берилди. Яна 34 минг фуқаромиз тиббий назоратда. Улар стационар ва уй шароитида карантинга олинган. Дунё ҳамжамиятида бугунги кунда 1,5 миллиарддан кўпроқ одам карантинни ўтаяпти.

Ҳурматли юртдошлар!

Карантин муддатларига, карантин ва чеклов талабларига тўлиқ риоя қилган ҳолда, касаллик кенг кўламда эпидемия тарзида тарқалиб кетишининг олдини оламиз. Дунё пандемияси биз учун сабоқ бўлиши керак. Касаллик кўп қайд этилаётган Хитой, ўлим кўрсаткичи юқори даражада сақланиб турган Италия, АҚШ, Испания, Германия ва Эрондаги ҳолатлар ҳар биримизни ҳушёрликка чорлаши шарт. Зарурат бўлмаса кўчага чиқманг, ортиқча мулоқотга киришманг, мобода мулоқотда бўладиган бўлсангиз масофани сақланг. Дока ниқобларни тақиш талабларига тўлиқ риоя қилинг!

Коронавирус инфекцияси бўйича мамлакатимизда вазият жиддийлашиб кетмаслигига йўл қўймаслик, касалликка чалинганларни тўғри даволаш, мулоқотда бўлганларни алоҳидалаш билан шуғулланаётган барча соҳа вакиллари сиз учун ишда бўляпти. Сизнинг эса бу жараёндаги иштирокингиз жуда муҳим ва уйда қолинг! 

Айнан мана шу оддий талаблар орқали сиз кенг кўламда олиб борилаётган сафарбарлик ишларининг иштирокчисига айланасиз ва республикамизда эпидемик барқарор вазиятни юзага келтириш учун ўз ҳиссангизни қўшган бўласиз.

4 120
ЎзА