ЁХУД 28 ЙИЛ АВВАЛГИ СУҲБАТГА ЁЗИЛГАН СЎЗБОШИ

ЁХУД 28 ЙИЛ АВВАЛГИ СУҲБАТГА СЎЗБОШИ

1.jpg
Шароф УБАЙДУЛЛАЕВ                                                     

Шароф Рашидов номидаги халқаро фонд қайтадан ташкил топгани ҳақидаги хабарни эшитиб, ич-ичимдан қувониб юрган кунларимнинг бирида шу фонд раҳбариятидан телефон қўнғироғи бўлиб қолди:

— Шароф ака, сиз онамиз Хурсан Ғафуровна билан очиқ матбуотда биринчи ва охирги марта суҳбат қурган журналистсиз, — деди Гулнора Рашидова. — Яқинда онамизнинг таваллуд топганига юз йил тўлади. Шу муносабат билан Жиззах вилояти газетаси ана шу суҳбатни кўчириб босиб, ҳамшаҳарларга тортиқ қилишмоқчи экан... Шу суҳбат матнини топишга ёрдам беролмайсизми? Биздаги газета нусхаси Шароф Рашидов музейининг ойнаванд жавонига қўйилган, музей инвентарига айланиб қолган, жойидан қўзғатишга журъат қилолмадик ва шу муносабат билан ўзингизга мурожаат қилишни лозим топдик...

Бу фахрли топшириқ муносабати билан бундан ўттиз йилча муқаддам кечган ўша воқеалар хаёлимдан бирма-бир ўта бошлади...

Маълумки, 1985 йил Марказқўмнинг машҳур XVI пленумидан кейин Рашидовни оммавий қоралаш бошланиб кетди. Кеча отаси ўрнида ота деб билганлар ҳам бир юмалаб, бошқа тусга кирдилар. Лекин ўз одамийлик қиёфасини сақлаб қола билган инсонлар ҳам йўқ эмасди. Бу оғир ва мусибатли жараённи ҳеч ким журналист, атоқли таржимон ва олим Асил Рашидовчалик чуқур таҳлил қилмаган бўлса керак. Устозимиз ўзининг “Акам ҳақида” деб номланган таҳлилий-публицистик рисоласида ўша кунларнинг тала-тўп манзарасини шу қадар ўта синчковлик ва одилона чизиб берганки, қиёси йўқ!

1989 йилнинг ёзидан Ислом Каримов даври бошланди ва ўша йил августида ўтган республика фаоллари йиғилишида республика раҳбари ўз маърузасида шундай чуқур ва маънодор шиорни ўртага ташлади: “Марҳумларнинг тили йўқлигидан фойдаланиб, уларга тош отишни бас қилайлик!...”.

Залда гулдурос қарсаклар янгради, гап ким ва нима ҳақида кетаётгани ўз-ўзидан аён эди. Лекин бу масалада залда тўпланганларнинг бу қадар якдиллиги кўпчиликни, ҳатто Каримовнинг ўзини ҳам ҳайратга солган бўлиши мумкин. Ўша пайтда йиғилишда Ўзбекистонда “Рашидовчилик”ни тугатиш учун марказдан юборилган, халқ тилида “десантчи”лар деб ном олган малъунларнинг каттагина гуруҳи ҳам қатнашаётган эди. Улар ҳам бошқаларга қўшилиб қарсак чалишга мажбур бўлишди! Ушбу нутқ ва мардона шиор Шароф Рашидовга бўлган муносабатнинг бурилиш нуқтаси бўлган эди, назаримда! Кейин эса ёв қочиб, ботирлар кўпайиб кетди... Шунга қарамай, Шароф Рашидов устида қора булутлар қуюқлашган дастлабки кезларда ажойиб ҳажвчи шоир ва жангчи Зоҳиджон Обидов томонидан ёзилган “Арслоннинг ўлими” шеърий-фельетонини (1985 йил, “Муштум” журнали) бадиий ижоддаги қаҳрамонлик деб аташ мумкин. Мазкур фельетон жангчи-шоирнинг қувғин ва тазйиқ остига олиниши, ўз навбатида, журнал бош муҳаррири Иброҳим Раҳимнинг вазифасидан четлатилиши билан якун топган бўлса, журналист Бобомурод Даминовнинг “Рашидов ҳақида сўз” мақоласи дастлабки оқлов қўнғироғи бўлиб ёдда қолди.

Кейинроқ деновлик депутат Иброҳим Файзуллаев Шароф Рашидов номини оқлашни Ўзбекистон ССР Олий Совети сессияси кун тартибига қўйиш таклифини билдирганда, зал қарсаклардан ларзага келди. Шу аснода фарғоналик бир гуруҳ СССР ва Ўзбекистон ССР олий Совети депутатларининг Рафиқ Нишонов номига йўлланган “Рашидовга тош отишни бас қилинг!” деган мурожаати республика матбуотида эълон қилинди... Ўша йиллари республика ва ҳатто Москва минбарларидан СССР Олий Совети депутатлари — ёзувчи Одил Ёқубов, академик Эркин Юсупов ва журналист Аҳмаджон Мухторовларниг таъсирчан сўзлари бот-бот янграб турди.

Ислом Каримов ташаббуси билан Ўзбекистонда “Пахта иши”ни қайта ўрганиш юзасидан республика комиссияси иш бошлади ва камина бу комиссия ишини ёритишга жалб қилиндим. Ушбу жараёнда “Пахта иши” комиссияси раиси Исмоил Жўрабеков ва комиссия раиси ўринбосари Абдусамад Полвонзодалар билан бақамти ишлаш насиб этди. Ўшанда Ўзбекистонга ноҳақ ёғилган маломат тошлари ва айбномалар чок-чокидан ситилиб кета бошлади. Бир қатор ишлар якунига кўра, бевосита Шароф Рашидовга қилинган туҳмат ва маломатлар хусусида “Марҳумлар сўроқ қилинмайди...” (Ўзбекистон овози”, 1990 йил, 17 январь) мақоламни эълон қилишга муяссар бўлдим. Мақола Ислом Каримов назарига тушганлигини айтишганда эса елкамдан тоғ ағдарилгандай бўлди. Чунки “Тошкент оқшоми”—“Вечерний Ташкент” газеталари бош муҳаррилигидан ишдан четлатилишимда “Рашидовчи”лар рўйхатида эканлигим асосий “айбнома” эди.
Лекин адолат юзасидан айтганда, марҳум Рашидовнинг номини сиёсий оқлаш Ислом Каримовнинг чекига тушди. Тез орада Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг янгидан тузилган матбуот хизмати раҳбари — матбуот котиби вазифасига тасдиқланиш жараёнида аввалига Марказком котиблари Ефимов ва Комил Юсуповлар суҳбатидан ва сўнгра Биринчи котиб Ислом Каримовнинг қарийб икки соатлик “чиғириғи”дан ўтишимга тўғри келди.

Ўтган асрнинг 90-йиллари бошида Марказқўмда ва Президент аппаратида Рашидовга қарши шиддатли ҳужум кампаниясида фаол қатнашган гуруҳларда очиқ ва яширин тарзда иш кўрган бир қанча аламзадалар ҳали юқори курсиларни эгаллаб, Биринчи котибни ҳам қандай қилиб илигидан олиш пайида зимдан иш олиб боришар, айниқса унинг Москвага тескари тарзда қарор топган “Президентлик” мавқеини бекор қилишни орзу қилишарди. Бу ҳаракатга москвалик “десантчи”ларнинг ҳали бир мунча бақувват саналган сўнгги қолдиқлари раҳнамо эди. Мамлакатнинг ҳуқуқ-тартибот идоралари ва айниқса куч ишлатар тизимлари тўлалигича уларнинг измида эди. Яксон қилиш механизми сўнгги кунларда Болтиқбўйи республикаларида ва Кавказда, хусусан, Грузияда қаттиқ ва бешафқат ишга солинган эди. Ислом Каримов билан бўлган икки соатлик суҳбатда давлат раҳбари садоқатли кадрлар сув ва ҳаводек зарур эканлигини яшириб ўтирмади. Бу суҳбатда айнан Шароф Рашидов билан ишлашганим ва бу инсонни ҳеч қачон, ҳеч қаерда сотмаганим ва бундай имконият бўла туриб, бу “қулай имконият”дан фойдаланмаганим ҳақидаги “маълумот”лар базаси асосий роль ўйнаганини сезмаслик мумкин эмасди.

Рашидов номини оқлашда Ислом Каримов чин жасорат кўрсатган эди. Чунки бў йўлда биринчи қадамлар ташланган пайтда ҳали “Политбюро” қонли қиличини мустамлака мамлакатлар боши узра бот-бот сермаб турган ва Рашидовнинг бир қанча аламзада душманлари ичкарида, ташқарида, ҳатто Москванинг оғушида давру даврон сураётган таҳликали замонлар эди. Худди ана шундай кунларда Ислом Каримов Шароф Рашидовнинг муборак номини оқлашга бел боғлади.

1991 йилнинг кузида бир гуруҳ талабалар, асосан Тошкент давлат университетида таҳсил олаётган бўлажак журналистлар Шароф Рашидов таваллудининг 74 йиллигини нишонлаш юзасидан Президент қабулхонасига мурожаат қилади. Бироқ уларнинг “Шароф Рашидов — журналист” деган мавзуда тантанали йиғилиш ўтказиш ҳақидаги ташаббуси Тошкент шаҳар маъмурияти томонидан жиддий қаршиликка дуч келади.

Президент ёрдамчиси Г.Крайнов топшириғига кўра, мен талабалар “делегация”си билан қабулхонада учрашдим. Улар уч киши бўлиб, “делегация” раҳбари кавказликларга ўхшаб кетадиган, серҳаракат, гапга чечан Ҳусан исмли йигитча экан. Улар ҳатто “Таклифнома” тайёрлашган ва энг биринчи рақамлисини Президент Ислом Каримовга топшириш ва шахсан маросимга таклиф қилиш учун ташриф буюришганини маълум қилишди.

Республикада ўша кунларда “Эрк”, “Бирлик” ва бошқа турли оқимларнинг бошбошдоқлиги туфайли талабаларнинг ҳар қандай йиғинлари ҳукумат томонидан рағбатлантирилмас, аксинча, тўхтатиларди. Лекин “делегациянинг шашти баланд эди, йўқ десангиз, расмий жавоб беринг, нега биз Рашидовни журналист сифатида олқишлашга ҳақимиз йўқ экан?” деган савол-жавоблар ортидан мен расмий жавоб учун уч кун муҳлат сўраб, улар билан хайрлашдим ва ўша онда “делегация” раҳбарини алоҳида суҳбатга тортиб, укажон, сен ўзинг қаерликсан, деб сўрадим. “Жиззахликман. Бахмал деб эшитганмисиз, Бахмал олмаларини еб кўрганмисиз, ўша юртданман”, — деб жавоб қилди.

Мазкур суҳбат якунини мен Президент ёрдамчиси Г.Крайновга хотиржам етказдим. Кутилмаганда Ислом ака чақириб қолди ва талабаларнинг ташаббуси унга маъқул эканлигини айтди.

— Сен ўзинг талаба бўлганмисан, — деб сўраб қолди Ислом ака кўтаринки кайфият билан (эҳтимол талабалик йиллари ёдига тушгандир). Президентнинг курсдоши бўлган устозимиз Раҳим Ражабовдан уларнинг жўшқин талабалик йиллари ҳақида эшитган ҳангомаларим кўз олдимга келди. Тикилиб турсам, Президентнинг кўзлари навқирон йигитлардай ёниб турибди. Ўшанда айтган гаплари ёдимдан чиқмайди: “Менга қара, Мавлонга айт, бирга боринглар, вақти бўлса, Раҳим (Раҳим Ражабов ўша йилларда республиканинг иккинчи раҳбари) борсин, айтиб кўринглар... Эҳ, вақтим бўлса, ўзим борардим, менинг номимдан табрикланглар, раҳмат айтинглар. Умуман, Шароф Рашидов номини талабаларга сингдириш, ёшларга ўрнак қилиб кўрсатиш — бу муҳим сиёсат! Шароф Рашидовдек инсонлар юз йилда, балки минг йилда бир марта туғилади!..”

Шароф Рашидов таваллудига бағишланган норасмий, бироқ мутлақо ёшлар ташаббуси ва талабалар қанотида ўтган тантанали кечада Президентнинг давлат маслаҳатчиси Мавлон Умурзоқов уларни олқишлар экан, Ислом Каримов номидан юксак тилаклар билдирди. Айтишларича, бу Шароф Рашидовга бағишланган биринчи кеча бўлиб тарихда қолди. Чунки Шароф ака тириклик пайтида ҳатто 50 йиллик, 60 йиллик юбилейлари муносабати билан бошланган барча тадбирларни ўзлари тўхтатиб қўйган эди...

Талабаларнинг йиғини тафсилотлари Ислом Каримовни янада тўлқинлантириб юборди. Ўшанда Ислом ака Давлат котиби Раҳим Ражабов, Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Исмоил Жўрабеков, Давлат маслаҳатчилари Мавлон Умурзоқов, Темур Алимов, ўша йиллар Олий таълим вазири бўлиб турган Оқил Салимов, Президент бош ёрдамчиси Георгий Крайнов иштирокида ўтган ихчам таркибдаги йиғилишда атоқли давлат ва жамоат арбоби Шароф Рашидовнинг 75 йиллигини бутун мамлакат миқёсида тантанали ўтказиш вазифасини қўяр экан, “Юбилей комисиясини тузиш керак, барча вилоят раҳбарлари, Шароф Рашидов билан ишлашган ветеранларимизни бу комиссияга киритиш керак. Юбилей тантаналарини Жиззах шаҳрида ўтказсак, Халқлар дўстлиги саройида эса катта концерт берсак ва бутун собиқ Иттифоқдан Шароф Рашидов билан бирга ишлаган сафдошларини таклиф этсак, нима дейсизлар? Ҳозир эса, юбилей комиссияси раисини сайлаб олишимиз керак, раиснинг қулочи Иттифоққа етадиган одам бўлиши керак, айтинглар, кимни раис қиламиз?”

Ҳамма бир овоздан “Раисликка фақат сиз муносибсиз, Ислом ака” деган таклифни шартта тўхтатиб, мен фахрий раис бўлай, чунки бу вазифа вақт талаб қилади, амалий раис Жўрабеков бўлсин, у Рашидов билан узоқ ишлашган, энг муҳими, устозини сотмаган, қамалишига бир баҳя қолганда ҳам, ҳатто Гдлян дўқ-пўписа қилиб ва ҳатто шахсан Нишонов шуни илтимос қилганда ҳам, сотмаган ва сотилмаган, юзини, виждонини сақлаб қолган. Мавлон Умурзоқов, майли, муовин бўлсин, чунки анча-мунча ташкилий масалаларни ҳал қилиш керак бўлади. Бундан ташқари, энди ётиб доимий ишлайдиган, матбуотни ишга соладиган ишчан котиб керак, асосий юк унинг бўйнида бўлади, агар бу инсон Рашидов билан ишлашган ва уни яқиндан биладиган одам бўлса, ёмон бўлмасди!...”

Юбилей комисияси маъсул котиблиги вазифасини менинг зиммамга юклар экан, Ислом ака қатъий топшириқ берди:

— Бугунги йиғилишимизни юбилей комиссиясининг 1-мажлиси сифатида расмий баёнлаштириб ёзинг, мажлис шундай қарор қабул қилади: 

1. Шароф Рашидов номини абадийлаштириш ва унинг оиласига белгиланган барча имтиёзларни олиб ташлаган КПСС Марказий Комитети ва Политбюро қарорларини бекор қилиш ҳамда ноҳақ қарор сифатида тубдан қоралаш. 
 
2. Шароф Рашидов оиласининг барча ҳуқуқ ва имтиёзларини тиклаш, шахсан Хурсан Рашидованинг ҳолидан хабар олиш ва тез кунларда у билан Шароф Рашидов ҳақида батафсил суҳбат қилиб, матбуотда ёритиш (шу ерда Ислом ака ажойиб бир хотирани эсга олди: биласизларми, мен Самарқандда Бибихоним кўчасида туғилганман. Бу кўча советлар даврида “8 март” деб ўзгартирилган бўлса-да, каттаю кичик Бибихоним кўчаси деб атайди ва буни фахру ифтихор билан айтади. Бибихонимни биз, самарқандликлар Темур бобомиздан кам яхши кўрмаймиз, чунки, Темурни Темур қилган Бибихоним бўлади! Бу донишманд ва оқила аёл Темурни кўпдан-кўп балолардан сақлаб қолган, барча яхши ишларида мададкор бўлган. Темурийлар авлодининг тарбиячиси — онахони бўлган! Бибихонимсиз биз Улуғбекдай буюк олимга эга бўлолмасдик... Мен Хурсан опада Бибихонимнинг барча хислатларини кўраман! Бу заҳматкаш аёлсиз биз Шароф Рашидовдай баркамол раҳбарга эга бўлолмасдик, деб айта оламан! Бу донишманд аёл миллатнинг онаси, миллатнинг тарбиячиси бўлишга арзигулик! Қирқ йил Шароф Рашидовдай буюк инсоннинг сояси бўлиб яшаш, қирқ йил парда ортида туриш, қирқ йил оилада темир интизомни сақлай билиш тарихда бўлмаган ҳодиса, бу фақат Хурсан опанинг қўлидан келди. Мана, бизнинг давр, бизнинг замоннинг Бибихоними! Бу хокисор ва оқила аёлнинг ўхшаши йўқ, бундан кейин ҳам бўлиши қийин, чунки бундай мусаффао ва покиза қалб бўлиши учун, Хурсан опа босиб ўтган йўлнинг ҳеч бўлмаганда ярмисининг ярмини босиб ўтиш керак! Бунинг учун буюк садоқат, буюк вафо, буюк сабру тоқат керак! Шароф Рашидовдай буюк зотнинг бошиданоқ пешонаси ярқираган бўлган, назаримда. Йигирма беш ёшида қирғинбарот урушдан омон чиқиб вилоят газетасининг бош муҳаррирлигидек катта мақомга эришган, юртга таниқли шоир ва журналист, кўркам ва келишган йигит минг-минглар ичидан Хурсан опадай ота-онасиз ёлғиз қолган бир қизни ўзига ёр қилиб танлар экан, у ўзининг узоқни кўра билишини, ёшлигиданоқ нақадар зукколигини яна бир бор кўрсатган ва адашмаган эди! Келинг, бизнинг авлодимиз Хурсан опани деярли кўрмай-билмай, танимай ўтдик, эндиги авлодимиз танисин, билсин, ёшларимиз у кишидан ибрат олсин! Мана, бизга Хурсан опа намунаси нима учун керак, шуни унутмайлик, у киши биринчи навбатда миллатга керак! Бундай инсонлар — милдлатнинг кўрки, миллатнинг бахти! Хурсан опа Рашидовлар оиласининг маликаси бўлганлар ва айни пайтда, ҳеч шубҳасиз, Хурсан Ғафуровна — замонамиз фариштаси! — деб якунлади Ислом ака ўз сўзини. Яна бир воқеа ёдимда, шу гапдан кейин Самарқандда ҳам шошилинч ўзгариш қилинди, “8 март” кўчасига ўзининг тарихий — Бибихоним номи қайтарилди...)

3. Шароф Рашидов оиласини Герман Лопатина кўчасидаги ўз қонуний уйига тез кунда кўчириш вазифалари юклансин...

Талабаларнинг ташаббуси асносида Шароф Рашидовнинг 75 йиллик юбилейига асос солинди. Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасига Шароф Рашидов юбилейига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича кенг қамровли дастур ишлаб чиқиш вазифаси топширилди ва тез кунда дастур дунёга келди ва янада бойитилди.

Шу маънода ҳеч иккиланмай айтишим мукинки, Хурсан Рашидова билан бўлган ушбу тарихий суҳбатнинг асл муаллифи Ислом Каримов бўлган эди. Ўшанда бу журъатни Ислом ака бермаганида, бизга қанот бағишламаганида, умримизнинг яна кўп қисмини мажлисбозлик билан ўтказган бўлармидик... Лекин ушбу баённоманинг 3-банди бажарилмай қолди. Мамлакат Президенти бу уйни, керак бўлса, милиция орқали бўшатинглар, уларга (яъни Шароф Рашидов уйини эгаллаб турганлар назарда тутилади) айтган жойидан уй берамиз, хоҳласа котеж берамиз... Бу уй келажакда Шароф Рашидовнинг уй-музейи бўлиши керак, деган бўлишига қарамай, салкам ўттиз йилдирки, Ислом Каримовнинг топшириғи бажарилмай қолди... Мана, ҳозиргача, Шароф Рашидовдай буюк зот қаерда яшаган эди, деган савол ҳамон очиқ — жавобсиз.

Хуллас, Президентнинг шундай ташбеҳларидан кейин мен Хурсан опанинг ҳузурига ошиқар эканман, интервью қандай кечиши, замонамиз Бибихонимининг қалбига йўл топиш ташвишлари, табиийки, елкамдан ергача босиб турарди. Худога минг шукр, ўшанда кутилмаганда Оқил Умурзоқович хонамга кириб келдилар ва дабдурустдан “Хурсан опадан билдим, сен ҳали ҳам бормабсан-ку” деб қолдилар ва бундан бир неча йил бурун Марказқўмда ишлаган кезлармиздагидек, олдиларига солиб олиб кетдилар...

Ҳозир бундан роппа-роса 28 йил аввал ёзилган, “Саодат” журналининг 1992 йил 10-сонида эълон қилинган ўша суҳбатни эътиборингизга ҳавола этарканман, унда тилга олинган фикрлар бугун ҳам ғоят муҳим деб ўйладим. Зеро, садоқат, нафосат, меҳру вафо, матонат ва фидойилик — аёл кўрки. Бундай хислату фазилатлар соҳибалари эса ҳар бир замонда, ҳар бир маконда улуғланади, эъзозланади. Хурсан Рашидованинг мазмунли ҳаёт йўли нафақат буюк давлат арбоби, етук ижодкорнинг рафиқаси, балки жонфидо аёл сифатида ҳам ибратга лойиқ.

Шу ўринда ўз даврида мазкур суҳбатнинг ўқувчилар қўлига етиб боришида шоира, ўша пайтда “Саодат” журнали бош муҳаррири бўлган Ҳалима Худойбердиеванинг катта меҳнати ва ижодий ёрдами борлигини мамнуният ва қарздорлик туйғуси билан ёдга олишдан бахтиёрман.

***

РАШИДОВЛАР СУЛОЛАСИНИНГ МАЛИКАСИ

4.jpg

“— Мен 1920 йилда Жиззах районининг ҳозирги Навоий номли колхозида ўрик гуллаган фаслда туғилган эканман,
дейди Хурсан Рашидова. — Онам, Норбуви Ҳайдарова асли сарбазорлик (ҳозирги Ғаллаорол райони) бўлиб, саводсиз, оқкўнгил ўзбек аёли эди. Отам Абдуғаффор ҳожи Бойматов уч марта ҳаж зиёратини бажо келтирган, маълумотли киши эдилар. Ҳатто Октябрь инқилобидан кейин ҳам ҳаж сафарига улгурган эканлар. Отамнинг оталари — бобом Бойматбой ҳожининг ҳоки тупроғи Маккада қолган, ҳаж сафарида бандаликни бажо келтирган эканлар. Отам қазо қилганда мен 7 ёшда эдим. Онам раҳматлик ҳам менинг тўйимни кўролмадилар. 1942 йил охирида фронтдан қайтган муаллим Шароф Рашидов билан турмуш қурдик. Тўрт қиз — Сайёра, Дилором, Гулнора, Света ва Илҳомжоннинг онаси бўлдим. Шароф Рашидовдек буюк инсоннинг ҳаётига ҳаётим туташ бўлганидан бахтиёрман. Мен бахтли аёлман...

— Хурсан Ғафуровна, рози бўлсангиз, суҳбатимизни сиз Шароф Рашидов ҳаётига, Шароф Рашидов сизнинг ҳаётингизга кириб келган, таъбир жоиз бўлса, юлдуз-юлдузга мос тушган — муҳаббат боғидан гул терган илк кундан, илк воқеадан бошласак...

— Бу “боғ”га ким қачон киргани ва ким қачон гул тергани ўзимизга ҳам аён эмас. Таъбир жоиз бўлса, бизда муҳаббатдан бошқа яна бир қудратли куч бўлганки, мен буни таърифлай олмайман. Чунки ҳали тақдиримизни боғламай туриб Шароф ака мен учун ҳам ота, ҳам она, ҳам оға, ҳам суянчиқ ролини ўтаганлар. Аниқроқ айтсам, Шароф ака Жиззах педагогика техникумини яқиндагина битириб бизга адабиётдан дарс берардилар. Мен ўшанда 7-синфда ўқир эдим. Бутун синфни у киши ўзларига маҳлиё қилиб олгандилар. Синфда 36 ўқувчи бўлиб, шундан 10 нафари қизлар эди. Ёдимда А.С.Пушкиннинг юз йиллиги арафалари эди. Шароф ака Пушкиннинг ўнлаб шеърларини ёд билар ва ҳайратланиб ўқирди. У киши туфайли адабиёт фани бизни ўз сеҳрига олганди. Бир сафар ҳамма ғўр ўқувчилар каби мен ҳам ўз ўқитувчимнинг сеҳри билан каловланиб, ундан сўраганим ёдимда “Муаллим (биз Шароф акага шундай мурожаат қилардик), нега ҳамма сизни бирдай Шарофжон дейди. Нега ҳамма сизни яхши кўради?”, “Чунки мен ҳаммани яхши кўраман, Хурсаной, — дегандилар Шароф ака. — Одамларга қандай муносабатда бўлсангиз, одамлар ҳам сизга шундай муносабатда бўладилар...”.

Шароф аканинг нафақат ўзига яқин тутган одамларни, балки бир кўришган одамларни ҳам сеҳрлаб қўйгувчи оҳанрабоси бор эди. Шу жиҳатдан менинг онам билан бўлган уларнинг илк учрашуви кўзим олдига келаверади... 1937 йил Шароф ака биз, етти йиллик мактабни битираётган бир гуруҳ қизларни ЎзГУ (ҳозирги СамДУ)га ўқишга юбориш ташаббускори бўлган эдилар. Мен ҳам мактаб аълочиси сифатида ана шу рўйхатга тушган эдим. Лекин ўқишга жўнашим учун онамнинг розилигини олишим шарт эди. Менинг ёлғиз қиз бошим билан Самарқанддек азим шаҳарга жўнашимни онам хаёлига ҳам сиғдира олмасдилар. Шароф ака онамни мактабга таклиф қилиб, мени ўқишга жўнатишга кўндирганда, бу суҳбатнинг нақадар енгил кўчганига лол қолган эдим. Шароф ака билан онамнинг суҳбатини эшик тирқишидан ҳам кўриб, ҳам ҳаяжон билан қулоқ солиб турардим. Шароф ака айнан қайси сўзлари билан онамга мурожаат қилганлари ҳозир ёдимда йўқ. Бироқ “Хурсаной ўқиши керак, аълочи, қобилиятли ва ҳоказолар” деганларини эслайман. Шу билан бир қаторда онамнинг жавобини эшитиб, мен “шу гапираётган менинг онамми?”, деб ёқа ушлаб қолгандим. “Майли, Шарофжон, ўғлим, қизимни сизга, сизни худога топширдим”. Эшик ташқарисида туриб уялгандан юз-кўзим ловуллаб қизариб кетган эдим.

Йўлда эса “Нега ундай дедингиз, она? Нега мени “биров”га топширдим, дейсиз, — дедим уялганимни яширолмай. — Нега дарров энди кўна қолдингиз?”. “Бу йигитнинг шундай оҳанрабоси” бор эканки, мен унга йўқ деган сўзни раво кўрмадим, —дегандилар онам. — Бу йигитда ўзига хос хислат бор, қизим. Хизир кўрган йигит. Менга шундай туюлди. У йигит кам бўлмайди. Унга суянганлар ҳам...”

1937 йил кузида 15 та жиззахлик йигит-қиз ЎзГУ қошидаги ишчилар факультетига ўқишга бордик. Шароф ака ўша йили ЎзГУнинг филология факультетига ўқишга кириб, айни пайтда “Ленин йўли” газетасида ҳам ишлардилар. Шароф ака олийжаноб инсон эди. У газета редакциясидан олган маошидан турмуш шароити оғир бўлган бир гуруҳ талабаларга доимий ёрдам кўрсатиб турарди. Дугоналарим Нишонбуви, Зайнаб ва курсдошларимиз Ҳайитбой, Султон ва бошқалар бу ёрдамдан баҳраманд эдилар.

1941 йил уруш бошланган кезданоқ Шароф ака бизнинг тақдиримиз ҳақида, айниқса, қаттиқ қайғура бошладилар. Ўша йили август ойида Шароф акани Самарқанд вокзалидан фронтга кузатиб қўйдик. Жиззахдан оталари Рашид бобо ва тоғалари Ҳамроқул Носиров келдилар. Поезд вокзали перронида жўнаш олдидан Шароф ака биз билан бирма-бир хайрлашди. Шунда кутилмаганда оталари ва тоғалари томонга ўгирилиб, илтимос оҳангида сўз қотдилар: “Тоға, сиздан илтимос, ота, сиздан ҳам, Хурсанойни Жиззахга олиб кетсаларингиз... У ёқдан омон-эсон қайтсам, биз бирга бўлармиз”. У пайтда мен ота-онасиз ва ёлғиз ўз муаллимимга суяниб қолган эдим. Балки мана шу сиз айтган илк муҳаббатдир. Балки мана шу юлдузи-юлдузига дуч келишидир. Балки мана шу тақдирдир. Худога минг қатла шукр, тақдиримдан мамнунман.

— Шароф Рашидовнинг тақдир йўли ўзига хос мўъжиза бўлганди. Ва ҳамон шундайлигича қолмоқда: 25 ёшида у обком котиби, 30 ёшида “Қизил Ўзбекистон” газетаси бош муҳаррири, 32 ёшида Республика Ёзувчилар уюшмасининг раиси, 33 ёшида республика Олий Совети Президиумининг Раиси, 42 ёшида Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари! Қарийб 24 йил “биринчи раҳбар”ликда оғишмай туришнинг ўзи бўладими?! Ҳаётлик пайтидаёқ унга ҳайкал қўйилганди. Хурсан Ғафуровна, Шароф Рашидов беназир кишимиди? Табиат унга алоҳида қандай хусусиятлар бахш этганди? “Худо берган” томонлари нимада эди?

— 1942 йилда Шароф ака жангдан ярадор бўлиб қайтгач, Фарҳод ГЭСи қурилишига жалб этилди. Мана шу қурилишда у киши Акоп Абрамович Саркисов, юртдошлари Маманазар Турсунов, Зокир Норматов ва бошқалар билан бирга бўлганлар. Қурилишда партия ташкилотчиси бўлиб қатнашаётган Шароф ака Фарҳод ГЭСи қошидаги бой кутубхонада бош кўтаролмасди. Одатдагидек кутубхонада мутолаага шўнғиб турганида кимнингдир ғойибдан келган момақалдироқ гулдурагидек овози янграйди. “Бу йигит ким?”.

Китоб дунёсига шўнғиб турган Шароф ака ўгирилиб салом беради. Шунда одамлар қуршовида келаётган паҳлавон келбатли, баланд бўйли, соябонли шапка кийган номаълум киши ўзидан ўзи сўрагандек саволга тушади: “Мунча юлдузи исиғ-а, бу солдат йигитнинг? Кимсан ўғлим?”.

Шароф Рашидовнинг Фарҳод ГЭСига ташриф буюрган Усмон Юсупов билан илк учрашуви мана шундай кечган экан. Бу ҳақда Шароф ака кейинчалик бир неча бор тўлқинланиб ҳикоя қилган эди. Усмон Юсупов қайта-қайта саволга тутган ва савол-жавоб ниҳоясида ёнидаги ёрдамчисига қараб: “Ўртоқ Рашидовнинг координатларини яхшилаб ёзиб олинг, Тошкентга боргандан кейин менга эслатасиз”, — дейдилар.

1942 йил кузида Шароф ака билан турмуш қурдик. Нарзиқул ака деган Жиззах райкомининг биринчи котиби тўйимизга бош бўлганини эслайман. 1943 йил августда қизимиз Сайёра туғилди. Сайёра тўрт ойлик бўлганда бизни раҳматлик қайнотам Рашид бува ва у пайтларда ўсмир бўлган Ўктам Орипов Жиззахдан Самарқандга от-аравада кўчириб олиб келдилар. Самарқандда “Советская” кўчасидаги 19-уйда яшадик. Бу пайтда Шароф Рашидов “Ленин йўли” газетасининг масъул муҳаррири эди. Кейинчалик у тез орада Самарқанд обкомининг кадрлар бўйича котиби бўлди. 1946 йилнинг бошлари эди. Усмон Юсупов Шароф акани Тошкентга шошилинч чақириб қолди. Усмон ота негадир Шароф Рашидовни Фатхиддин Шамсиддинов ва Нажимовлар билан биргаликда қабул қилганлар. Улар ҳам Усмон Юсупов суҳбатига чақирилган экан. У.Юсупов Шароф Рашидов билан эски танишлардек қуюқ сўрашиб, “Комсомол ишига қандай қарайсиз, ўғлим?” деб сўрайдилар. Шароф Рашидов эса дабдурустдан қўйилган таклиф гирдобидан чиқиб кетиш ўнғай эмаслигини сезгач, юракдаги асл муддаосини рўй-рост айтишга ўтади. Ва ижодий ишга майли зўрроқ эканлигини ва иложи бўлса, уни вилоят газетасида қолдиришларини сўрайди. “Нима, обком оғирлик қиляптими, ўғлим?” — сўрайди Марказий Комитет биринчи котиби. “Газета юрагимга яқинроқ? — жавоб қайтаради Шароф ака. Шунда фикрлари бир жойдан чиқмаганини кўриб, Усмон ота Носир Маҳмудов (Самарқанд вилояти партия қўмитасининг биринчи котиби)га қўнғироқ қилади. “Ўртоқ Рашидовни республика комсомол қўмитасига биринчи котиб қилиб тавсия этиш таклифига сиз қандай қарайсиз, Носир Маҳмудович?”, деб сўрайдилар. Телефонда бир фурсат давом этган суҳбатдан кейин Усмон ота трубкани қўяр экан, “Хайр, мен сизни тушундим, Носир Маҳмудович” — дейди-ю ва суҳбатда қаттиқ қаршиликка дуч келганини яширолмайди: “Носир Маҳмудов ҳам ўриснинг ўзгинаси, ўжар одам. Комсомолга бўлса, бермайман деяпти. Майли, Самарқандда ишлаб тургин, ўғлим, сенга муносиб иш топамиз”. Орадан бир йил ўтиб Шароф ака “Қизил Ўзбекистон” газетасига муҳаррир бўлиб келдилар. Оиламиз Тошкентга кўчиб келди. Шароф Рашидов онгли ҳаётининг асосий даврини — 36 йилини мана шу шаҳарда яшади. Шароф ака Жиззахда туғилди. Самарқандда билим олди, лекин менинг назаримда, у киши Тошкентда камолотга етди.

Менинг назаримда, у Тошкентни Жиззах ва Самарқанддан кам севмасди. У киши Жиззахни қадрлар, Самарқандни улуғлар, бироқ Тошкентни жон дилидан севарди. Бир куни вақти-соати етиб ҳоки тупроғи мана шу шаҳар тупроғига сингиб кетишини бу одам ҳис қилган бўлса ажаб эмас.

“Худо берган” томонларидан бири шунда эдики, кўп нарсаларни Шароф ака олдиндан кўра биларди. Ҳаётда кечган кўпдан-кўп воқеаларни у киши аввал тушда кўрганларини айтганлари ёдимда. Ҳатто, ўз ўлимини ҳам. Шароф ака 1983 йил октябрь фожиасидан анча олдин ярим тунда мени уйғотдилар. Уйғотиб, анча вақтгача гап бошламай туриб қолдилар. Кейин эса “Хурсаной, мен туш кўрдим, эрталаб ҳаммасини сизга айтаман”, — дедилар-да, яна ёстиққа бош қўйдилар. Сезиб ётдим, қайтиб у кишининг кўзларига уйқу келмади. Кейин ўзларининг айтиб беришларича, ўша тунда у киши чоптириб келаётган оқ от аввал қоқилиб йиқилади-ю, Шароф ака ерга қулайди. Яна бироздан кейин қанот пайдо қилган от Шароф акани олиб осмонга уча бошлайди. Улардан ҳам олдинда оппоқ кийинган, соч-соқоли ҳам оппоқ бўлган мўйсафид учиб боради...

(Давоми бор...)

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Рашидовлар сулоласининг маликаси”