Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.06.2018 16:49 Чоп этиш версияси

Рамазон туҳфаси – меҳр-мурувват ифодаси

Рамазон туҳфаси – меҳр-мурувват ифодаси
Наманган вилоятининг Чуст ва Учқўрғон туманларида кам таъминланган, ногирон, уй-жойга муҳтож юртдошларимиздан бир гуруҳига янги уйлар калити топширилди.

Шу муносабат билан маҳаллий ҳокимликлар, давлат ва жамоат ташкилотлари масъул ходимлари, фахрийлар, ёшлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида бўлиб ўтган тантанали тадбирлар ҳар икки туман аҳолиси, хусусан, бундай меҳр-мурувват ва саховатдан баҳраманд бўлган юртдошларимиз қалбига ўзига хос байрам қувончи ва кўтаринкилик бағишлади.

7.jpg

– Президентимизнинг инсон манфаатларини таъминлаш, айниқса, меҳр ва эътиборга муҳтож фуқароларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратаётган алоҳида эътиборидан бугундан шукроналик ва эртанги кунга ишонч туйғулари янада мустаҳкамланмоқда, – дейди меҳнат фахрийси А.Бекмирзаев. – Ушбу тадбир мамлакатимизда, жумладан, вилоятимизда ўтказилаётган биринчи ёки охирги тадбир эмас, йил давомида кам таъминланган оилалар, ногиронлар ва ёлғиз кексаларга меҳр-мурувват кўрсатиб келинмоқда. Аммо бугунги тадбир муборак Рамазон ҳайити арафасида бўлаётгани савоб ва эзгуликнинг эгизаклиги тимосолида кўнгилларга малҳам бўлди.

Учқўрғон туманида ўтказилган маросимда Ёшлик маҳалласидаги иқтисодиёт касб-ҳунар коллежининг фойдаланилмай турган ўқувчилар ётоқхонаси ўрнида реконструкциядан сўнг қайта бунёд этилган тўрт қаватли уй кўмакка муҳтож 60 оилага берилди. 

Ушбу хонадонлар саховатпеша ҳомийлар томонидан телевизор, мебель, газ плитаси, гилам ва бошқа зарур жиҳозлар билан таъминланиб, фаровон ҳаёт кечириш учун тўла-тўкис шароит яратиб берилди.

4.jpg

– Турмуш ўртоғим билан акам ва унинг оиласига тегишли бир ҳовлида яшар эдик, – дейди II гуруҳ ногирони А.Қосимов. – Яшаш шароитимиз оғир эди, бу ҳақда юқори идораларга қилган мурожаатимиз бугун ўз ижобатини топди. Бундан биз жуда хурсандмиз.

Чуст туманида ҳам қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежининг бўш турган кўп қаватли ётоқхонаси ўрнида шинамгина турар жой биноси барпо этилиб, уй-жойга муҳтож 30 фуқарога берилди. Уйларнинг биринчи қаватидан тикувчилик цехи ўрин олган бўлиб, шу ерда яшовчиларни иш билан таъминлаш имконияти яратилди.

Акрамжон Сатторов, ЎзА ЎзА фотомухбири Ҳотам Мамадалиев олган суратлар.
6 129