ЎзА Ўзбек

16.09.2019 Чоп этиш версияси

“РАҚС СЕҲРИ” халқаро фестивалида Озарбайжон рақс жамоаси олий ўринни эгаллади

“РАҚС СЕҲРИ” халқаро фестивалида Озарбайжон рақс жамоаси олий ўринни эгаллади

Миллий рақс санъатимизни тарғиб қилиш, мамлакатимизда туризмни янада ривожлантириш мақсадида ўтказиб келинаётган “Рақс сеҳри” халқаро фестивали якунланди.

Жорий йилнинг 14-16 сентябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси , Хоразм вилояти ҳокимлиги ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган ушбу маданий тадбир миллий урф-одатларимиз, қадриятларимиз ва санъатимизни улуғлаши билан ҳам аҳамиятли бўлди.

Фестивалнинг тантанали очилиш маросими Хива шаҳридаги “Ичан қалъа” давлат музей қўриқхонаси “Ота дарвоза” мажмуаси олдида ўтказилди. Мажмуа олдидаги майдонга санъат ихлосмандлари йиғилди. Таржима талаб этмайдиган рақс санъати байрамида кўплаб хорижий меҳмонлар иштирок этди.

Фестивалда Англия, Италия, Франция, Голландия, Россия, Малайзия, Ҳиндистон, Хитой, Индонезия, Польша, Грузия, Азарбайжон, Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон каби 10 дан ортиқ хорижий давлатлардан 50 га яқин иштирокчи раққослар ва рақс гуруҳлари қатнашди. Шунингдек, юқори мартабали хорижий меҳмонлар, дипломатик корпус вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Фестивалда юртимизнинг турли ҳудудларидан ва қатор хорижий давлатлардан келган санъаткорлар ўз бадиий чиқишлари билан иштирок этди. Фестивал дастури ниҳоятда ранг-баранг ва тадбирларга бой бўлиб, ундан кўплаб намойиш ва кўргазмалар ҳам ўрин олди. Миллий либослар кўргазмаси фестивалнинг дастлабки тадбирларидан бири бўлди. Унда Хоразм вилоятининг бир қатор иқтидорли дизайнерлари либослар коллекциясини намойиш этди.

Халқаро фестиваль доирасида анимацион шоулар, саҳналаштирилган томошалар, қўғирчоқ театри, ҳунармандлар кўргазмаси, миллий таомлар, халқ ўйинлари, тасвирий ва амалий санъат кўргазмалари ҳам ўтказилди.

Фестивални томоша қилиш учун келган хорижий ва маҳаллий сайёҳларга юртимиз ноз-неъматларини ўзида жамлаган кўргазмалар, миллий таомлар ва Хоразм нонларининг тайёрланиши жараёнларини акс эттирувчи тадбирлар намойиш этилди.

Фестивалнинг иккинчи кунида миллий халқ ўйинлари бўйича мусобақа, тасвирий ва амалий санъат кўргазмаси, "Ўзбекистон Миллий рақс санъати" фотокўргазмаси ҳамда стилист ва сартарошлар танлови ташкил этилди.

Шоу тарзида ўтказилган стилист ва сартарошлар танлови касб эгалари ва мода ихлосмандларининг байрамига айланди.

– Мамлакатимизда мода саноатининг ривожланаётгани кун сайин иқтидорли стилист ва уста сартарошлар, визажистларни кашф этаётир, – дейди Ўзбекистон Республикаси сартарошлар ва косметологлар уюшмаси раиси Фарҳод Шомуродов. – Айниқса, улар томонидан яратилаётган янги кўринишдаги модерн услуби билан бир қаторда миллатимизга хос бўлган миллий услуб ўзига хосдир.

"Рақс сеҳри" анъанавий халқаро фестивали доирасида Урганч туманидаги "Туркманлар" маҳалласидаги "Ўзбек-Туркман дўстлик уйи"да “Рақс санъатида миллий анъаналарнинг аҳамияти” мавзуида илмий-амалий анжуман ҳам ўтказилди. Унда рақс санъати тарихи ва амалиёти борасида илмий изланишлар олиб бораётган олимлар, фестиваль меҳмонлари, талаба ёшлар иштирок этди. Иштирокчилар ўзбек миллий рақслари, хусусан Хоразм рақс санъатининг ривожланиш тарихи, мазмун-моҳияти билан таништирилди.

–Мен жуда кўп халқларнинг рақс санаъти бўйича мақолалар ёзганман, – дейди Буюк Британиялик журналист, блоггер Роса Верконэ. – Уларнинг тарихини ўрганганман. Бугунги анжуманда иштирок этар эканман ўзим учун жуда кўп маълумотлар олдим. Эндиликда, мунтазам равишда ўзбек рақсларини тарғиб қилиб тураман. Чунки, шундай ажойиб маданий меросни яширин қолдириб бўлмайди. Уни бутун дунё ўрганиши, келажак авлодлар ҳам баҳра олиши лозим.

Анжуман якунида "Улли ҳовли" мажмуасида меҳмонлар учун миллий ҳунармандчилигимиз кўргазмаси ҳамда Урганч тумани маданият бўлими, Ўзбек-туркман дўстлик жамияти ва Қозоқ миллий маданий маркази ҳамкорлигида концерт дастури намойиш этилди.

Фестивалнинг халқаро рақс танлови икки кун давом этди. Унда турли мамлакатлардан ва республикамизнинг барча ҳудудларидан келган 100 дан ортиқ раққослар ўз санъатини намойиш қилди.

–Мазкур танловнинг асосий мақсади рақс санъатини янада ривожлантириш, уни юксак даражага кўтариш орқали мамлакатимизда арт-туризмни ривожлантиришдан иборат, – дейди Ўзбекистон маданият вазири ўринбосари Озодбек Назарбеков. – Бундан ташқари, дунёнинг истеъдодли раққос ижрочилари, балетмейстерларини рағбатлантириш ва уларнинг ижодини кенг тарғиб қилиш ҳамда миллий рақс ижрочилари учун замонавий рақс мактабларини яратиш кўзда тутилган. Шунингдек, ушбу фестивал нуфузини дунё бўйлаб кенг тарғиб этиш ва иштирокчилар сонини янада кенгайтириш лозим.

Тил ва миллат танламайдиган рақс санъати танловида Англия, Италия, Франция, Голландия, Россия, Қувайт, Малайзия, Ҳиндистон, Хитой, Индонезия, Польша, Грузия, Озарбайжон, Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон каби давлатлар вакиллари қатнашди.

Танлов давомида ҳар бир иштирокчи ва жамоаларнинг чиқишлари халқаро тоифадаги ҳакамлар томонидан баҳолаб борилди. Баҳолашда чиқишнинг бадий ва хореографик жиҳатлари, ижро техникаси ва пластикаси, ҳиссиётлилик, актёрлик маҳорати, юз мимикаси, мусиқа, хориография ва либослар уйғунлиги эътиборга олинди.

Қуёш нурли юзини беркитиб юртимиз бўйлаб оқшом тушди. Шаҳру қишлоқларимизда сокинлик ҳукумрон. Бироқ, Ичан қалъа обидалари узра турли миллатларга хос мусиқа ва қўшиқлар янгради. Ўйин кулгу шоду ҳуррамлик давом этди. “Ичан қалъа” давлат музей-қўриқхонасининг “Кўҳна Арк” майдонида катта гала концерт ва турли номинациялар ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими бошланди. Унга давлат ва жамоат идоралари вакиллари, меҳнат фахрийлари, фаол ёшлар, халқаро ва республика ОАВ ҳодимлари иштирок этди.

Тантанали маросимда “Рақс сеҳри” халқаро рақс танловининг якуний натижалари эълон қилинди.

Учинчи ўринга “Лазги”(Ўзбекистон), “Намат” (Қозоғистон), “Зебо” (Тожикистон) ва “Калитрити” (Ҳиндистон) ашула ва рақс ансамбллари лойиқ деб топилди. Иккинчи ўринни Индонезия рақс жамоаси, “Хоразм рақс” ва Грузиянинг “Рустави” жамоалари эгаллади. Биринчи ўрин Польша ва Туркманистон рақс жамоаларига насиб этди.

Озарбайжонлик раққослар жамоаси эса халқаро фестивалнинг “Гран – при” мукофотига сазовор бўлди.

Концерт дастурида халқаро ва мамлакатимиз санъати усталарининг жозибадор чиқишлари барчага хушнудлик бахш этди. Бир сўз билан айтганда замонавий ижод, бетакрор гўзаллик байрамига айланган фестиваль тили ва дили саъантга ошуфта диёримизга ўзгача шукуҳ бағишлади. Дунё раққослари жам бўлган бетакрор Хива эса ўз жозибаси ва мафтункорлиги билан барчани мафтун этди.

5 959
Аҳмаджон ШОКИРОВ, ЎзА