ЎзА Ўзбек

17.09.2018 21:04 Чоп этиш версияси

“Рақс сеҳри” халқаро фестивали якунланди

“Рақс сеҳри” халқаро фестивали якунланди Аввал хабар берганимиздек, Хоразмда 14-16 сентябрь кунлари “Рақс сеҳри” халқаро фестивали ўтказилди.

Фестивалнинг ёпилиш маросими 16 сентябрь куни Хива шаҳридаги “Ичан қалъа” давлат музей-қўриқхонасида бўлиб ўтди.

Миллий рақс санъатимизни дунёга тарғиб қилиш, мамлакатимизда туризмни янада ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, вилоят ҳокимлиги ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу фестивалда 17 хорижий давлатдан, шунингдек, юртимизнинг барча ҳудудларидан келган бадиий рақс жамоалари, санъаткорлар, олим ва тадқиқотчилар қатнашди.

– Мен ўзбек миллий рақсларига жуда қизиқаман, – дейди фестиваль иштирокчиси, индонезиялик Асри Дви Хапсари. – Шунинг учун ҳам ушбу фестивалга таклиф қилишганида жуда хурсанд бўлиб кетдим. Айниқса, фестивалнинг қадим Хива шаҳрида ўтказилаётгани тадбир иштирокчиларига янада ўзгача илҳом бағишлади. Ташкилотчилар рақс байрамига юксак даражада тайёргарлик кўришган. “Ичан қалъа” ҳақидаги таассуротларим алоҳида мавзу. Чин маънода очиқ осмон остидаги музей. Шаҳар кўчаларини кезар эканман, ўзимни худди эртаклар оламига тушиб қолгандек ҳис қилдим.

37.jpg

Уч кун давом этган фестиваль доирасида миллий маданий меросимиз, санъатимиз, миллий қадриятлар ва урф-одатларимиз, хусусан, юртимизнинг турли ҳудудларига хос рақс, ҳунармандчилик, тасвирий ва амалий санъатнинг энг яхши намуналари, шу билан бирга, ошпазлик йўналишидаги анъаналар намойиш қилинди.

Иштирокчиларнинг Хива шаҳридаги маданий мерос объектлари бўйлаб саёҳати уюштирилди. Хива туманидаги “Сайёд” маданият ва аҳоли дам олиш масканида ўтказилган танловда Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳридан рақс жамоалари, яккахон раққосалар қатнашди. Айниқса, якка ва оммавий рақслар ҳамда “Хоразм воҳасининг халқ рақслари” барчада катта таассурот қолдирди.

– Танловда ҳар бир рақс жамоаси ўз ҳудудига мос ҳаракатлари, либоси ва ижро техникаси билан ажралиб турди, – дейди АҚШнинг Коркоран санъат ва дизайн мактаби директори, профессор Лорел Виктория Грей. – Ўйноқи оҳанг, шўх рақслар кайфиятингни кўтарса, мумтоз ва мақом йўналишидаги рақслар мулоҳазага чорлайди. Барчаси ажойиб, ўзига хос ва бетакрор. 

33.jpg

“Рақс сеҳри” халқаро фестивали доирасида миллий таомлар кўргазмаси ва ошпазлар танлови ҳам ташкил этилди. Унда мамлакатимизнинг турли вилоятларидан келган ошпазлар ўша ҳудудга хос таомлар пишириб, ўз маҳоратини намойиш қилди.

– Мен водийча палов пиширдим, – дейди андижонлик ошпаз Ёқубжон Мўминов. – Ошни татиб кўрган фестиваль иштирокчилари унга юқори баҳо берди. Мана шундай катта тантана ва тўйларда дошқозонларда ош пишириш менга завқ бағишлайди. Айниқса, уни иштаҳа билан тановул қилаётганларини кўриб, кўнглимда ажиб туйғулар пайдо бўлади.

Миллий пазандалик мактабимиз азалдан жаҳонда ном қозонган.

– Ўзбек миллий таомлари жуда ёқиб қолди, – дейди Франциянинг “France 3” телеканали мухбири Анаелле Биянчард. – Ҳаммаси ўзгача, бир-бирини такрорламайдиган ёқимли таъм бор. Паловдан татиб кўрдим. Бу овқатнинг турлари жуда кўп экан. Фестивалда иштирок этганимдан мамнунман. Чунки фестиваль баҳона юртингиз тарихи, миллий удум ва анъаналар, санъат ва маданият намойиши билан танишдим. Барчасини камерам хотирасига ёзиб олдим. Юртимга қайтгач, таассуротларим ва тўплаган материалларим асосида зўр лавҳа тайёрлайман. 

25.jpg

Халқаро фестиваль доирасида “Рақс санъатида миллий анъаналарнинг аҳамияти” мавзуида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Урганч туманидаги Ўзбек – Туркман дўстлик уйида ташкил этилган ушбу конференцияда рақс санъати, унинг тарихи ва амалиётига оид илмий изланишлар олиб бораётган қатор хорижлик ва юртимиз олимлари, тадқиқотчилари ўз маърузалари билан иштирок этди.

– Анжуманда “Куйловчи мақом, рақсга тушувчи мақом” деб номланган маърузам билан иштирок этдим, – дейди япониялик раққоса Машуко Мазаки. – Унда 2004 йилдан буён рақснинг туркий мусиқий анъаналари, мумтоз ва фольклор шеърияти ҳамда каллиграфиясини чуқур ўрганишга қаратилган лойиҳаси устида олиб бораётган илмий изланишлар ҳақида гапириб бердим. Бугунги анжуман менга жуда кўп халқларнинг рақс санъати ва унинг турлари билан танишиш имконини берди.

Мамлакатимиз олимлари миллий рақс санъатимиз тарихи ва миллий чолғуларда чалинадиган ўйин мақомлари ҳақида маъруза қилди.

Конференция ишидаги мутахассис, олим ва тадқиқотчиларнинг илмий ишлари, лойиҳалари алоҳида тўплам ҳолида нашр этилиши кўзда тутилган. Фестиваль доирасида хорижлик меҳмонлар учун “Хон қабули” деб номланган театрлаштирилган саҳна кўриниши ташкил этилди.

Бундан ташқари, миллий ҳунармандчилик буюмлари савдо-кўргазмаси, “Рақс сеҳри” фотокўргазмаси, тасвирий ва амалий санъат асарлари бадиий кўргазмалари намойиши, “Миллий ва замонавий либослар” кўргазмаси, “Миллий қўғирчоқ ўйинлари” томошалари, номоддий маданий мерос объектларини асраб-авайлаш ва тиклашга қаратилган маънавий-маърифий тадбирлар, халқ ўйинлари ҳам иштирокчилар томонидан олқишлар билан кутиб олинди.

12 (1).jpg

Рақс байрамининг ёпилиш маросимида фестиваль доирасида ўтказилган танловлар ғолиблари тақдирланди.

“Энг кўп мухлис олқишига сазовор бўлган рақс ижрочиси” номинациясида италиялик санъат устаси Амброджио Спаранья бошчилигидаги санъаткорлар гуруҳи ғолиб, деб эътироф этилди. “Ўзбек миллий қўшиқчилик санъатини хорижда тарғиб қилиш” номинацияси ғолиблиги япониялик Машуко Мазаки ҳамда АҚШлик Лоурел Виктория Грей хонимга топширилди. “Энг яхши хорижлик рақс ижрочиси” деб индонезиялик Асри Дви Хапсари топилган бўлса, “Ўзбек миллий рақси борасидаги илмий тадқиқотлари учун” йўналишида ғолибликка ҳиндистонлик профессор Шекхар Чандер сазовор бўлди. Шунингдек, “Энг ёш рақс ижрочиси”, “Энг кўркам миллий рақс либоси”, “Энг яхши яккахон аёл раққоса”, “Энг жозибали рақс ижрочиси” каби номинациялар бўйича юртимизнинг турли ҳудудларидан келган рақс жамоалари, яккахон раққос ва раққосалар тақдирланди.

Тадбир якунига бағишланган гала-концертда мамлакатимиздаги дипломатик корпус вакиллари ва хорижлик меҳмонлар ҳам иштирок этди.

Фестивалнинг ёпилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Б.Сайфуллаев, Хоразм вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Ф.Эрманов сўзга чиқди.

Аҳмаджон Шокиров, Шоназар Қориев (сурат) ЎзА
2 760